• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

2023-24 йилларда Осиё тараққиёт банки маблағларидан ДХШ асосида пойтахтда 1 та, Тошкент вилоятида 12 та мактаб қурилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 68 гектар ер ажратилмоқда. Банк лойиҳага 1,1 млн доллар йўналтиради.

Фото: Kun.uz

25 май куни “Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида давлат умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2023-2024 йилларда ОТБ томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида битта, Тошкент вилояти Зангиота туманида 5 та, Ўрта Чирчиқ туманида 2 та, Қибрай туманида 3 та, Тошкент туманида эса 2 – жами 13 та мактаб қурилиши белгиланди.

Маълумотларга кўра, банк томонидан лойиҳа иштирокчиларига техник хизмат кўрсатиш ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун қайтариб бериш шарти билан 1,1 млн доллар ажратилади. Шунинг 150 минг доллари давлат бюджети ҳисобидан, 950 минг доллари эса хусусий шериклар томонидан банкка қайтарилади.

Янги умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш бўйича давлат шериги этиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги белгиланди. Хусусий шерик халқаро тендер натижалари бўйича аниқланади. Дастлабки тендерлар шу йил август ойидан эълон қилиниши белгиланган.

Тендер орқали мактабларни кейинчалик тасарруф этиш ҳуқуқисиз қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш юзасидан ДХШ тўғрисидаги битим тузилади.

Хусусий шерик ўз маблағлари ва кредитларини жалб қилиш ҳисобига мактабларни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширади. Вазирлик эса давлат бюджети ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан топширилган мактабларда таълим жараёнини ташкил этади.

Қайд этилишича, янги мактаблар қурилиши учун Тошкент вилоятидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган жами 67,55 гектар ер ажратилган. Шунинг 66,98 гектар суғориладиган ер участкалари ҳисобланади. Ҳужжатга кўра, мазкур суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан аҳоли пунктларининг ерлари тоифасига ўтказилади.

Маълумот учун, ОТБ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ДХШ асосида мактаблар қурилиши бўйича қарор лойиҳаси 2020 йил август ойида эълон қилинганди.

Ўтган ҳафта Европа ва тикланиш тараққиёт банки ўзининг 55-75 млн доллар маблағи ҳисобидан водий вилоятларида 15 та мактаб қуриб бериши маълум бўлганди.

Ўхшаш янгиликлар