• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

25 январ куни Қозоғистоннинг жанубий қисми, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг эса деярли барча ҳудудлари электрдан узилиб қолди. Минтақанинг йирик шаҳарлари блэкаутни қандай бошдан кечирди? Ушбу фото-мақолада шу ҳақда сўз юритамиз.

Фотоколлаж: Kun.uz

Гарчи Марказий Осиё мамлакатларида турмуш тарзи босқичма-босқич аввалги ҳолатига қайтаётган, энергия таъминоти тикланаётган бўлса-да, блэкаут кўп нарсани издан чиқарди.

Ҳозирча энергия таъминотидаги узилишнинг иқтисодиётга етказган зарари маълум эмас. Барчаси изга тушгач, бу рақамлар ҳисоб-китоб қилиниб, очиқланса керак.

Ўзбекистон

25 январ куни соат 11:00 атрофида Тошкент шаҳрининг қарийб барча туманларида электр энергияси узилиб қолди. Кейинчалик нафақат пойтахт, балки Ўзбекистоннинг аксарият ҳудуди “свет”сиз қолгани маълум бўлди. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча йирик шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси академияси бўлими бошлиғи, кибержиноятчиликка қарши кураш ва ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Ғайрат Мусаев Kun.uz билан суҳбатда блэкаутни юзага келтирган тахминий версиялардан бири ҳакерлар ҳужуми бўлишини инкор этмади.

Энергетик коллапс метро ҳаракати ва сув таъминотида ҳам муаммоларни келтириб чиқарди. Кутилмаганда содир бўлган узилиш туфайли Тошкент метрополитенининг иши тўхтатилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кейинчалик ҳаракатланиб кетаётган метро вагонлари бекатлар орасида қолиб кетгани маълум бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, “Тошкентметрополитени”нинг “Машинасозлар” (135 нафар), “Бодомзор-Минор” (70 нафар) ва “Амир Темур” (210 нафар) бекатлари оралиғида (вагонлар ичида) қолиб кетган жами 415 нафар йўловчи олиб чиқилган.

Йўловчилар Kun.uz мухбири билан суҳбатда “бунақаси ҳеч қачон бўлмагани”ни таъкидлашди.

Блэкаут поездлар қатновига ҳам таъсир қилди. Қатор йўналиш бўйича ҳаракатланган поездларнинг манзилига етиб бориши кечиккан бўлса, 25 январь куни Қарши, Термиз, Қўнғирот ва Бухоро шаҳарларидан Тошкентга бориши керак бўлган юқори тезликдаги “Афросиёб” ва бошқа электрлаштирилган йўналишлардаги поездлар ҳаракати тўхтатилди.

Ижтимоий тармоқда тезюрар Афросиёб поездини “паровоз” тортиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.

Кейинчалик Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши темирйўл вокзалларида электр таъминоти қайта тиклангани боис, 26 январдан “Афросиёб” поездлари қатнови, кечки пайтга бориб Тошкент шаҳридаги Шимолий ва Жанубий вокзаллар фаолияти тиклангани хабар қилинди. Шу куни тонгдан Тошкент метроси фаолияти ҳам тикланди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Электр энергияси тармоқларида рўй берган узилишлар оқибатида Тошкент шаҳрида лифтда қолиб кетган 51 нафар фуқаро коммунал соҳа ташкилотлари ва қутқарувчилар томонидан чиқариб олинди. Жумладан, Термиз шаҳрида лифтда 1 соатдан ортиқ вақт давомида қамалиб қолган 6 яшар қизалоқ қутқарувчилар томонидан қутқарилди.

Қутқарувчилар Чимён ва Билдирсойда электр энергияси узилган вақтда осма йўлларда қолиб кетган 80 кишини қутқарди. Amirsoy курортида эса электр тезда қайта тиклангани учун ФВВ ёрдамига эҳтиёж бўлмади.

Энергоколлапс автомобиллар қатновига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Тошкент йўлларида тирбандлик юзага келмоқда. Тошкент шаҳридаги кўплаб светофорлар ишламай қолди, бунинг оқибатида йўлларда маълум муддат тирбандликлар юзага келди.

Бироқ ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари зудлик билан вазиятни қўлга олиб, светофорлар ишламаётган чорраҳаларда автомобиллар ҳаракатини тартибга солишди. Тошкент шаҳар ИИББ зарурат бўлмаса шахсий автомобиллардан фойдаланмасликни сўраб чиқди.

ИИВ мамлакат бўйлаб электр таъминоти узилиши муносабати билан барча шахсий таркиб жамоат хавфсизлиги ва йўлларда тартиб сақлаш, шунингдек, фуқаролар мулкларини қўриқлаш ишларига жалб этилганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

25 январь куни республикада мавжуд патруллик йўналишларига қўшимча равишда 6600 дан зиёд йўналишлар ташкил қилинган, 1400 дан ортиқ махсус автотранспорт ва 12 минг нафардан ошиқ шахсий таркиб хизматга жалб этилган. Вазирлик фуқаролардан хавфсизлик чоралари вақтинча кучайтирилганини тўғри қабул қилган ҳолда, ходимларнинг талабларига сўзсиз риоя қилишларини ва имкон қадар тунги вақтларда уйда бўлишларини илтимос қилди.

Kun.uz блэкаут вақтида йўл-патрул ва патрул-пост хизмати қандай ишлагани ҳақида видеолавҳа тайёрлади.

“Қамчиқ” довонидаги автойўл туннелларида ўчиб қолган ёритиш тизимининг фаолияти тикланиб, 2300 дан ортиқ енгил ва юк автомобилларининг хавфсиз ҳаракати таъминланди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Бундан ташқари, энергоколлапс сабабли сув таъминотида узилишлар кузатилди, Ўзбекистон аэропортлари фаолияти вақтинча тўхтатилди, бироқ бу жараён қисқа муддат давом этиб, самолётларни қабул қилиш қайта йўлга қўйилди.

Фото: uzbairportsuz / Telegram

Ўзбекистонда президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.

25 январь кечга бориб иситиш тизимини тиклаш ҳаракатлари кетаётгани, соат 18:00 ҳолатига республика бўйича вазирлик тизимидаги 500 та қозонхонадан 80 таси фаолиятини тиклагани маълум қилинди. Соат 19:00 да Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентда 6 соат ичида сув таъминоти тўлиқ тикланиши ҳақида хабар берди ва айтилган муддатда ичимлик суви таъминоти қайта тикланди.

Энергетика вазирлиги соат 19:30 ҳолатига республика бўйлаб электр энергияси тикланган ҳудудлар рўйхатини эълон қилди. Соат 21:30 да Тошкент шаҳрида энерготаъминоти 60 фоизга, соат 21:50 ҳолатига республика бўйича электр энергияси таъминоти 45 фоизга тиклангани маълум қилинди, бироздан сўнг Қашқадарё ҳамон буткул “свет”сиз қолаётгани очиқланди.

26 январ тонгидан эса ёқилғи муаммоси пайдо бўлди. Табиий газ асосан аҳоли эҳтиёжлари ва иссиқлик электр станцияларига йўналтирилгани сабабли “газ-заправкалар” ва ижтимоий аҳамияти кам юридик истеъмолчиларга вақтинча газ берилмаяпти.

Кун давомида, шунингдек, табиий газ босими пасайди, айрим ҳудудлар эса газсиз қолди. Бунинг сабаби – электр ўчиши сабаб газни қайта ишлаш заводлари фаолияти тўхтаган эди. Ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш учун ҳам газ керак (Ўзбекистонда 80 фоиздан ортиқ электр энергияси ИЭСларда ишлаб чиқарилади), шу сабабли ҳам табиий газ биринчи навбатда ИЭСлар ва хонадонларга йўналтирилмоқда.

Қозоғистон

25 январдаги ялпи электр узилишларидан олдин ҳам, Қозоғистонда энергетика мувозанатини сақлаб туриш билан боғлиқ “таранг вазият” ҳукм сургани ойдинлашди. Мамлакатнинг бош энергооператори шу сабабли тўрт кун олдин криптомайнерларни огоҳлантириб, улар бир ҳафтага электр тармоғидан буткул узилишини маълум қилган.

Эксперт Михаил Беляев Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика тизимидаги узилишлар Қозоғистонда фаолият юритаётган криптовалюта ишлаб чиқарувчи майнинг фермалари фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, Хитойда майнинг фермалар фаолияти тақиқланганидан сўнг уларнинг катта қисми Қозоғистонга кўчиб ўтган.

Майнинг фермаларда криптовалюта ишлаб чиқариш учун жуда ҳам юқори даражада электр энергия талаб қилинади. Яқинда Россия Марказий банки томонидан майнинг фермалар фаолияти тақиқланиши тўғрисидаги хабар ортидан россиялик майнерлар Қозоғистон ҳудудига кўчиб ўтган. Қозоғистон ҳозир криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Қозоғистон парламенти депутати Ержан Худайберген энергоколлапс юзага келишида майнерларни айблаб чиқди ва уларнинг фаолияти устидан назорат кучайтирилишини талаб қилди.

Фото: Ардак Култаев / kaz.tengrinews.kz

Блэкаут сабабли Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Тароз, Жамбил ва Туркистон вилоятлари ҳам “свет”сиз қолди. Натижада ушбу шаҳарларда ҳам светофорлар ишламай қолган.

Олмаота, Фото: megapolis.kz / Instagram

Қозоғистоннинг асосий электр тармоқлари оператори – KEGOC компанияси авария оқибатлари бартараф этилаётгани, энергия таъминотини тиклаш учун ишлаб чиқариш ҳажми 500 мегаваттдан 1500 мегаваттгача оширилганини маълум қилди.

Фото: Tengrinews.kz

Олмаота шаҳрида “свет” ўчгани сабабли троллейбуслар қатнови тўхтаб қолгани хабар берилди. Лекин Тошкентдан фарқли ўлароқ бу ерда метро фаолиятини давом эттирган. Шунингдек, шаҳарда аэропорт ва вокзал фаолияти ҳам одатдаги режимда ишлаб турган.

Блэкаут сабабли мобил алоқа ва интернет сифати ёмонлашган, мобиль операторлар қўшимча генераторлардан фойдаланишга мажбур бўлишган.

25 январь соат 15:00 да Олмаотада, кечга бориб эса бутун Қоғоғистон бўйича электр энергияси таъминоти тиклангани хабар берилди.

Қирғизистон

Блэкаут натижасида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри, Норин, Ўш, Жалолобод, Чўй ва Иссиқкўл вилоятлари энергия таъминотидан тўлиқ узилиб қолди. Натижада ушбу ҳудудларда светофорлар, банкоматлар, троллейбуслар ишламай қолган.

Фото: everydaybishkek / Instagram
Фото: everydaybishkek / Instagram

Интернетда энергия таъминотидаги узилишлар ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига ҳам таъсир ўтказгани, “заправка”ларда катта навбатлар юзага келгани акс этган суратлар тарқалди.

Фото: Газета.uz

Чунқурчак тоғ-чанғи базасида электр ўчгани сабабли одамлар дор йўлида қолиб кетди.

Pz5cH0JO0DiVDuvwuEazJ55vDHDV9Z_0.jpg (590×885)
Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Бишкекшаҳарлифт”нинг маълум қилишича, пойтахтдаги кўп қаватли биноларда свет ўчган вақтда 40 киши лифтда қамалиб қолган.

Фото: EPA
Фото: EPA

Таъминотдаги узилиш сабабли “Манас” халқаро аэропортида йўловчиларни рўйхатга олиш маълум муддат тўхтатиб қўйилди. Бироқ кўп ўтмай захира генератор ишга туширилиб, рўйхатга олиш тикланди. Мамлакатдаги аэропортлар одатдаги режимда фаолият юритишда давом этди.

Энергоколлапс туфайли Бишкек бир неча соат ичимлик сувисиз қолиб кетди. Бунга насослар ишламай қолгани сабаб қилиб кўрсатилди. Савдо-сотиқ фаолиятида ҳам қийинчиликлар кузатилди, одамлар фақат нақд пулга савдо қилишга мажбур бўлишди.

Фото: AFP

Бишкекда буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти бўлаётган вақтда “свет” ўчиб қолгани, шифокорлар қўл телефонлари ёруғида операцияни давом эттиришга мажбур бўлишгани, кейин генератор ишга тушиб, амалиёт муваффақиятли якунлангани ҳақида хабар берилди.

Қирғизистон расмийлари 25 январь соат 13:00 да электртаъминотидаги узилишлар ҳеч қандай авария билан боғлиқ эмаслиги, таъминот тез орада тикланишини маълум қилишди. Соат 13:30 да пойтахт аҳолисига “свет” берила бошланди. Бироқ қирғиз нашрларининг ёзишича, ҳалича, иссиқлиқ, электр энергияси таъминоти тўлиқ тиклангани йўқ, одамлар совуқда қолишмоқда.

26 январь куни Қирғизистон энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев рўй берган ҳодиса бўйича мамлакат парламентида ҳисоб берди. Депутатлар ундан нима учун ҳалигача иситиш тизими фаолияти тикланмагани, коллапс натижасида кўрилган зарар қачон ҳисоблаб чиқилиши бўйича изоҳ сўрашган. Вазирнинг сўзларига кўра, рўй берган инқирозли вазиятда ҳеч бир хусусий ГЭС аҳолига энергия сотишни истамаган. Бекмурзаев, шунингдек, журналистлар билан суҳбат чоғида носозлик сабабларини давлатлараро комиссия ўрганишини айтган.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар