• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

«Арсенал» чемпионлик сари кетмоқда, Италияда чемпионлик масаласи ёпилди. Дам олиш кунларида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Фото: Getty Images

Англия: «Тоттенҳэм» учун триллер, «Арсенал» орадаги фарқни оширмоқда

Саутҳемптон – Тоттенҳэм 3:3
Голлар: 0:1 – 45 Порро, 1:1 – 46 Адамс, 1:2 – 65 Кейн, 1:3 – 74 Перишич, 2:3 – 77 Уолкотт, 3:3 – 90+3, пенальти Уорд-Проуз.
Саутҳемптон – Базуну, Уокер-Питерс, Беднарек (Мэйтленд-Найлз, 34), Белла-Кочап (Салису, 8), Перро, Армстронг (Алкарас, 70), Элюнусси (Сулемана, 70), Уорд-Проуз, Лавиа, Уолкотт, Адамс (Мара, 70).
Тоттенҳэм – Форстер, Порро (Эмерсон, 86), Дайер, Лангле, Ромеро, Дэвис (Перишич, 37), Ҳейберг, Скипп, Сон Ҳён Мин, Кейн, Ришарлисон (Кулусевски, 5; Сарр, 86).

«Ньюкасл»нинг жум кунги ғалабаси («Нотингҳэм» 2:1 ҳисобида таслим этилди) «Тоттенҳэм»ни хато қилиш ҳуқуқидан маҳрум этди, чунки лондонликлар эндиликда битта захира ўйинига эга бўлган «қарғалар»дан фақат бир очкога олдинда эди. Ва майдонда барчаси Антонио Конте сценарийси бўйича бошланди. Унинг жамоаси биринчи бўлимни устунликда якунлади, Педро Порронинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси аввалига дарвоза тўсинига, кейин дарвозабоннинг елкасига тегиб тўрдан жой олди.

Аммо жамоалар кийим алмаштириш хонасидан қайтиши билан қанотдан берилган узатмага вақтида етишга улгурган Адамс мувозанатни сақлади. Турнир жадвалининг охирги ўрнида бораётган «Саутҳемптон» яна бир бор топ-клубларга муаммо туғдиришга қодирлигини намойиш этди. Жамоа биринчи даврада пешқадам «Арсенал» билан очколарни бўлишиб олган, сўнгги бир ой ичида «Челси»ни мағлуб этган ва «Олд Траффорд»да дурангга эришганди. Бу сафар эса «авлиёлар» ўйин охиридаги драматизм билан бир очко илиб кетишди.

Кейннинг жорий мавсумда бош билан урилган тўққизинчи голи ҳам, Перишичнинг жарима майдони чизиғи атрофида туриб ерга чўпчитиб берган зарбаси ҳам мезбонлар ғалабасини таъминлай олмади. «Саутҳемптон» тезда ҳисобни қисқартирди, захирадан ўйинга тушган Сарр эса қўшимча дақиқаларда «Тоттенҳэм»ни қийин аҳволга солиб қўйди. У тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришга уриниб, ортдан келган Мэйтленд-Найлзнинг оёғига тепиб юборди ва ҳал қилувчи пеналтига сабабчи бўлди. Бундай суръатда Конте жамоаси тўртликдан яна чиқиб кетиши мумкин.

Челси – Эвертон 2:2
Голлар: 1:0 – 52 Жоау Феликс, 1:1 – 69 Дукуре, 2:1 – 76, пеналти Ҳавертц, 2:2 – 89 Симмс.
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Кулибали, Бадяшил, Фофана (Чалоба, 87), Чилуэлл, Ковачич (Лофтус-Чик, 81), Фернандес, Пулишич (Галлаҳер, 62), Ҳавертц, Жоау Феликс (Чуквуэмека, 86).
Эвертон – Пикфорд, Коулмэн (Миколенко, 84), Тарковски, Кин, Годфри, Гуйе (Симмс, 79), Дукуре, Онана, Ивоби, Грэй, Макнил.
Огоҳлантиришлар: Гуйе (29), Макнил (45), Кулибали (57), Жеймс (74).

Ўйиндан олдин «Челси»нинг ўзига ишончи юқори эди ва барча турнирлар доирасидаги қаторасига тўртинчи ғалабани нишонлашга тайёр эди. Кўклар танаффусгача ҳисобни оча олмагани — бир тушунмовчиликдек кўринди. Буни Грэм Поттер жамоасида вазиятлардан фойдаланиш бўйича сурункали муаммолар билан ҳам, Шон Дайч томонидан жонлантирилган «Эвертон»нинг муросасизлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин.

«Ирислар»ни фақат ғайриоддий ҳаракат билан ҳайрон қолдириш мумкин  эди ва буни тўпни рикошет орқали узоқ устун томон йўллаган Жоау Феликс амалга оширди. Меҳмонлар эса таслим бўлишмади ва бурчак зарбасидан максимум натижа чиқариб олишди — Тарковски тўпни бош билан Дукурега ташлаб берди, Кепанинг ортида пайдо бўлган Ҳаверц эса тўпни у дарвоза чизиғини кесиб ўтганидан кейингина қайтарди. Германиялик футболчи барибир ўзини кўрсатди ва пеналтини аниқ бажариб, лондонликларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо Дайч ўтказилган голдан кейиноқ ҳужумчи Симмсни майдонга туширди ва яна топқирлик қилди - ушбу футболчи АПЛдаги илк голи билан «Эвертон»ни қутқариб қолди.

Арсенал — Кристал Пэлас 4:1
Голлар: Мартинелли (28), Сака (43, 74), Жака (55) — Шлюпп (63).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Жоржиньо, 83), Ҳолдинг, Габриэл (Кивер, 86), Зинченко (Тирни, 65), Жака, Парти, Эдегор, Сака, Троссард (Жезус, 65), Мартинелли (Смит-Роу, 83).
Кристал Пэлас – Уитуорт, Уорд, Томкинс, Гейи, Митчелл, Миливоевич (Ҳьюз, 65), Шлупп (Аҳамада, 82), Дукуре, Олисе (Эзе, 82), Заа, Эдуар (Айю, 65).
Огоҳлантириш: Томкинс (59).

Якшанба куни АПЛ доирасидаги ягона ўйинда «Арсенал» кутилганидек «Кристал Пэлас»ни мағлуб этди, янги йилда инқирозли ҳолатга тушиб қолган ва қаторасига 12 ўйинда ғалаба қозона олмаган Лондон жамоаси бош мураббий Патрик Виейрани истеъфога чиқарганди. Ўйин дебютида «канонир»лар сафида Европа Лигасида жамоани уялтирган футболчилар ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишди. «Спортинг»га қарши ўйинда майдон марказидан йўлланган зарбани ўтказиб юборган Рамсдейл ҳисоб 0:0 ҳолатида яккама-якка вазиятда рақиб ҳужумчисидан устун келди, ўйинда ҳисоб эса пайшанба кунги ўйинда пенальтилар сериясида хато қилган Габриэл Мартинелли томонидан очилди.

Лекин у урган голгача ҳам ўйин мезбонлар ғалабаси билан якунланишига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Бўлим охирида Сака мавсумдаги 11-голини уриб, ўйин масаласига узил-кесил нуқта қўйди. Иккинчи бўлимда дублни расмийлаштирган ёш футболчи «гол+пас» тизимидаги баллларини 22 тага етказди (12+10) ва бу борада фақат Ҳоланд (28+5) ва Кейндан (21+2) ортда қолмоқда. Микел Артета жамоаси ўйинни йирик ҳисоб билан якунлади ва эндиликда турнир жадвалида «Манчестер Сити»ни саккиз очкога ортда қолдирмоқда. «Арсенал» ҳозирнинг ўзида ғалабалар сони бўйича ўтган мавсум охиригача қайд этган натижасини такрорлаб улгурди (22).

Англия кубоги. 1/4 финал
Манчестер Сити – Бернли 6:0
Голлар: 1:0 – 32 Ҳоланд, 2:0 – 35 Ҳоланд, 3:0 – 59 Ҳоланд, 4:0 – 62 Алварес, 5:0 – 68 Палмер, 6:0 – 73 Алварес.
Манчестер Сити – Ортега, Уокер, Лапорт, Рубен Диаш (Аканжи, 63), Льюис (Серхио Гомес, 66), де Брюйне (Грилиш, 89), Родри (Филлипс, 66), Фоден, Марез, Ҳоланд (Палмер, 63), Алварес.
Бернли – Пикок-Фаррелл, Робертс, Байер, Ал-Дахил, Матсен (Тэйлор, 77), Витиньо (Бастьен, 77), Гудмундссон (Корк, 46), Каллен, Телла (Обафеми, 64), Зарури, Фостер (Барнс, 46).

«Манчестер Сити» ЕЧЛда «Лейпциг» йирик ҳисобда тор-мор этилганидан (7:0) кейин Англия Кубоги ўйинида бўшашиши ва «Бёрнли» сенсация кўрсатиши мумкинлигига умид қилганлар қаттиқ адашди. ЕЧЛ ўйинида беш гол урганидан кейин иккинчи бўлим бошида Хосеп Гвардиола томонидан захирага олинган Ҳоланд эса бу ўйинда «нафсини қондирди» ва мавсумдаги олтинчи ҳет-тригини амалга оширди. Унинг бу барча «трюк»лари «Этиҳад»да ижро этилган.

Яъни «шаҳарликлар» мухлислари бу мавсумда ушбу норвегияликнинг ҳет-трик қайд этган ўйинларига у майдонни голсиз тарк этган ўйинлардан (5) кўпроқ гувоҳ бўлишган. Ҳоланднинг бу шиддати билан АПЛда яна бир рекорд қулашига шубҳа йўқ. Ҳозирча у бир мавсумда барча турнирлардаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда 40 дан ошиқ гол урган (41) олтинчи футболчи бўлиб олди. Эрлинг 2002/03 йиллар мавсумида 44 бор рақиблар дарвозасини ишғол этиб, тарихий натижа қайд этган Рууд ван Нистелройга етиб олиши учун яна бир ҳет-трик қайд этиши кифоя.

Манчестер Юнайтед — Фулҳэм 3:1
Голлар: Фернандеш (75, 90+6), Забитцер (77) — Митрович (50). 
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака, Магуайр, Мартинес, Шоу, Забитцер, Фернандеш, Мактоминей (Антони, 58), Санчо, Вегорст, Рэшфорд (Фред, 83).
Фулҳэм – Лено, Тете (Соареш, 89), Рим, Диоп, Робинсон, Рид (Жеймс, 89), Перейра (Кэрни, 90), Пальинья, Виллиан, Декордова-Рид (Соломон, 89), Митрович.
Огоҳлантиришлар: Перейра (18), Магуайр (21), Робинсон (67).
Четлатишлар: Виллиан (72), Митрович (72).

Феврал охирида Англия лигаси кубоги учун финалда «Нюкасл»ни мағлуб этиб, сўнгги олти йилликдаги илк совринини қўлга киритган, ўтган ҳафта ўртасида эса «Бетис»га қарши жавоб ўйинида ҳам «Бетис»ни мағлуб этиб (4:1, 1:0), Европа Лигаси чоракфиналига йўлланма олган «МЮ» яна бир бор кубок ўйинларидаги характерини намойиш этди. Ёки шунчаки характерини. Бунда моҳият ўзгармайди — «қизил иблислар»га ўйинда бурилиш ясаш учун биргина эпизод етарли бўлади. Барчаси Виллианнинг «сўнгги умид фоли» туфайли четлатилишидан бошланди, шундан кейин ўйиндаги биринчи гол муаллифи Митрович «ўзини кўрсатди» ва ҳакамга бақириб, уни туртиб юборди. Натижада сербиялик тўпурарга ҳақли равишда қизил карточка кўрсатилди, «Фулҳэм» бош мураббийи Марку Силва ҳам ҳакам жазосидан бенасиб қолмади. Натижада — можаро бошланишидан 265 сония ўтиб мезбонлар 0:1 ҳисобини 2:1 кўринишига келтиришди ва яримфинал йўлланмасини расмийлаштиришди.

Шунингдек, «Брайтон» «Гримсби Таун»ни (5:0), «Шеффилд Юнайтед» эса «Блэкберн Роверс»ни (3:2) енгиб, кейинги босқичга йўл олишди. «Уэмбли»да ўтадиган яримфинал ўйинларида 22 апрел куни «Манчестер Сити» «Шеффилд»ни синовдан ўтказса, 23 апрелда «МЮ» «Брайтон»га қарши майдонга чиқади.

Испания: Гризманнда «10+10» ва тўртинчи ўрин учун пойга

Атлетико — Валенсия 3:0
Голлар: Гризманн (23), Карраско (49), Лемар (67).
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Хименес, Эрмосо, Карраско (Корреа, 70), Коке (Витцел, 77), Де Поль (Лемар, 64), Лиоренте (Барриос, 70), Гризманн, Депай (Мората, 64).
Валенсия – Мамардашвили, Терри Коррейя (Лино, 63), Фулке, Жемерт, Ўзкажар, Гайя, Гилямон, Нико Гонсалес (Алмейда, 71), Муса (Мориба, 63), Дуро (Кавани, 71), Клюйверт (Кастильехо, 77).
Огоҳлантиришлар: Гризманн (4), Лиоренте (42).

Тезлик олган ва учинчи ўринни ҳеч кимга бериб қўймаслиги аниқ бўлиб бораётган «Атлетико» танаффусгга қадар ўйин масаласини ҳал этиб қўйиши мумкин эди. Депай бир неча вазиятларни йўққа чиқарди, кейин эса бошқалар учун яратиб берган вазиятлари йўққа чиқаверганидан ҳафсаласи пир бўлган Гризманн ўзи гол урди. Ортдан етказиб берилган тўпни товони билан чапга ташлаб олиб, уни дарвоза бурчагига жойлаштирган француз футболчиси чемпионатдаги 10-голини урди, у «гол+пас» тизимида иккиталик рақамлар (10+10) қайд этиш бўйича «Реал» форварди Винисиус Жуниор ва «Вилярреал» вингери Чуквуезедан кейинги учинчи футболчига айланди.

«Валенсия»га жавоб голини уриш учун бўлим давомида бир марта дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллаши кифоя қилди. Аммо VAR хонасидагилар  Дуронинг голини бекор қилди. Видеотакрордан кейин «кўршапалаклар» голи урилган ҳужум бошланишида Депайга фол ишлатилгани тасдиқланди. Аммо гол бекор қилинган бўлса-да, бу Диего Симеоне учун огоҳлик сигнали вазифасини ўтади ва жамоа иккинчи бўлимни гол билан бошлади, «матрасчилар» шундан кейин ўйинни хотиржамлик билан ғалабага олиб боришди, ўйиндаги кейинги икки голда ҳам Гризманн голли пасдан олдинги ҳал қилувчи паслар муаллифи бўлди. Бу ғалаба Симеоне учун ла лигадаги 260-ғалаба бўлди ва бу жамоа тарихида Луис Арагонес (344) ва Мигел Мунйос (323)дан кейинги учинчи натижадир.

«Валенсия» эса «Элче» ва «Алмерия» билан бир қаторда (18-ўринда) турнирни тарк этишга асосий даъвогар жамоалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бетис — Мальорка 1:0
Гол: Иглесиас (48). 

Класико бошлангунча ла лигада кун интригаси Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун кечаётган кураш билан боғлиқ эди. Биринчи қадамни «Бетис» ташлади ва клубнинг тўпурар футболчиси Борха Иглесиас 12-голини уриб, «Реал Сосьедад»га босим юклади. Яшил-оқлар тўпланган очколар сони бўйича басклар билан тенглашиб олди, аммо биринчи даврадаги ўзаро ўйиндаги ғалаба ҳисобига турнир жадвалида тўртинчи ўринга жойлашди.

Реал Сосьедад — Элче 2:0
Голлар: Кубо (48), Барренечеа (90). 

Шундай экан, Сан-Себастьян жамоаси финишга бу рақибдан кўпроқ очко жамғарган ҳолда етиб бориши талаб этилади. Бу турда Иманола Альгуасиля шогирдлари ўз қаршисидаги вазифани бажариб, 13 февралдан буён илк ғалабасига эришди. Ўйинда ҳал қилувчи омил Давид Сильванинг уқувли ҳаракати бўлди, у йил бошидан буён тўртинчи голли пас берди ва Кубо ҳисобни очди. «Сосьедад» яна тўртинчи ўринга қайтди.

Италия: Хвича неаполликларни чемпионликка етакламоқда

Удинезе — Милан 3:1
Голлар: Перейра (9), Бету (45+6), Эхизибуэ (70) — Ибраҳимович (45+4,  пенальти).

Ибраҳимович «Милан»нинг бошланғич таркибига қайтди ва гол урди. Тўғри, унинг ижросидаги биринчи пенальти зарбасини дарвозабон бурчакдан олиб чиқди, аммо арбитр Златанга иккинчи уринишни тақдим этди ва Сильвестри бу сафар ҳам ўша бурчакка ташланди, тўп эса марказдан йўлланди. Шу тариқа тарих ёзилди — Ибра 41 ёшу 166 кунлигида гол муаллифига айланиб, А Серия тарихида гол урган энг кекса ёшли футболчига айланди, у миланликларнинг бошқа афсонавий футболчиси — Алессандро Костакуртадан ўзиб кетди.

Лекин бу натижа россонерилар ўйини билан мос равишда рўй бермади. Амалдаги чемпион майдон марказида тўп йўқотилгач, тезкор гол қўйиб юборганди, кейин эса Ибраҳимовичнинг голидан икки дақиқа ўтмай, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар охирида Бету гол уришига йўл қўйиб берилди. «Зебралар» учинчи бор Менян дарвозасини ишғол этганида эса, Стефано Пиоли жамоасида ўйинни қутқариш имконияти йўқлиги маълум бўлди. Натижада миланликлар тўртинчи ўринни ҳам хавф остида қолдиришмоқда.

Торино — Наполи 0:4
Голлар: Осимҳен (9, 51), Кварацхелия (35, пенальти), Ндомбеле (68). 

Бу учрашув Россия чемпионатининг собиқ вакиллари Миранчук ва Кварацхелиянинг қарама-қаршилиги сифатида тақдим этилиши мумкин эди, аммо россиялик яримҳимоячи жароҳати туфайли ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Унинг ўрни бир ой ўйнамаган ва жароҳатидан тузалиб сафга қайтган, Россия чемпионатининг яна бир собиқ вакили Влашич билан тўлдирилди. Хорватиялик футболчи танаффусга қадар А Сериянинг энг яхши тўпурари Осимҳеннинг 20-голига муносиб жавоб қайтаришга уринган «Торино»нинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди.

Аммо Санабрия бир метр масофадан туриб тўпни устунга қарата тепди. «Наполи»га қарши ўйинда голли имкониятлар кўп бўлмайди, лекин юзага келган кам сонли вазиятлар бой берилса — рақиб бунинг учун албатта жазолайди. Хвича бўлимнинг иккинчи қисмида пеналти ишлади ва уни аниқ ижро этиб, ЕЧЛда «Айнтрахт»га қарши биринчи учрашувда йўл қўйган хатосини тузатди. Гуржистонлик вингер учинчи голли ҳужумда ҳам муҳим ишни бажарди — унинг товони билан берган пасидан кейин Оливера тўпни Осимҳеннинг бошига қўндириб берди. Тортнинг безаги эса Кварацхелиянинг Ндомбелега голли узатмаси бўлди. Ушбу футболчи Италиядаги илк мавсумидаёқ жамоасининг муҳим футболчисига айланди ва «гол+пас» тизимида 22 балл (23 ўйинда 12+10) ишлаб улгурди.

Бўлажак чемпионлар Туринда шоу уюштиришди ва иккинчи ўриндаги жамоа («Лацио») билан 19 очколик фарққа эга. 

Лацио — Рома 1:0
Гол: Дзакканьи (65).
Лацио – Проведель, Марушич, Романьоли, Казале, Ҳюсай, Луис Альберто, Катальди, Милинкович-Савич, Фелипе Андерсон, Дзакканьи (Канчельери, 81), Педро (Башич, 89).
Рома – Патрисиу, Смоллинг, Манчини, Рожер, Спинаццола, Вейналдум (Матич, 67), Кристанте, Пеллегрини (Сольбаккен, 84), Залевски, Дибала (Льоренте, 46; Ал-Шаъровий, 78), Белотти (Абраҳам, 67).
Огоҳлантиришлар: Рожер (8), Луис Альберто (25), Романьоли (59), Кристанте (71), Манчини (80), Канчельери (89), Башич (90+2).
Четлатишлар: Рожер (32), Марушич (ўйиндан кейин), Кристанте (ўйиндан кейин).

Турнинг биринчи топ-ўйини шиддатли кечди. Арбитр уч футболчига қизил карточка кўрсатди, улардан биринчиси биринчи бўлимда рақиб оёғига бутсасининг остки қисми билан ташланган Рожер Ибаньес бўлди. Марушич ва Кристанте эса ўйин тугаётганида жазоланди, қолаверса, биринчи бўлим охирида ҳакам мураббийлар штаби вакилларини ҳам трибунага жўнатди.

Дзакканининг иккинчи бўлим ўрталарида олис устун томон йўллаган аниқ зарбаси ягоналигини сақлаб қолди, «Рома»нинг жавоб голи ҳисобга олинмади. Натижада «бўрилар» «Милан»дан тўртинчи ўринни олиб қўя олишмади, 11 йил ичида илк бор мавсумдаги икки дербида ҳам ғалаба қозонган «Лацио» эса камида «Интер»нинг ўйинига қадар иккинчи ўринга кўтарилди (кейинроқ бу ўринни ўзида сақлаб қолди).

Интер — Ювентус 0:1
Гол: Костич (23).
Интер – Онана, Думфрис (Белланова, 83), Дармиан (Корреа, 79), де Врей, Ачерби, Димарко (Д`Амброзио, 63), Брозович, Чалхонўғли, Барелла (Мхитарян, 63), Лукаку (Жеко, 79), Мартинес.
Ювентус – Шченсни, Де Шильо (Куадрадо, 75), Данило, Бремер, Гатти, Костич, Рабьо, Локателли, Фажоли, Соуле (Кьеза, 66; Паредес, 83), Влаҳович.
Огоҳлантиришлар: Барелла (30), Гатти (31), Рабьо (71), Данило (88), Паредес (90+1), Д'Амброзио (90+7), Брозович (90+7).

«Интер» ва «Ювентус» учрашувига турлича қараш мумкин эди. Жумладан, Италия Кубоги яримфиналида икки учрашувдан иборат қарама-қаршилик учун репетиция сифатида ҳам. Чемпионлар лигасига йўлланма учун кураш сифатида ҳам, чунки Массимилиано Аллегри ҳамон апелляция «Кекса Синьора»га жамоадан тортиб олинган 15 очко қайтарилишига ёрдам беришидан умид қилмоқда.

Бунга ишониш қийин бўлса-да, туринликларга бу мотивация бермоқда. Натижа учун ўйнашни эса «бьянконери» кўпчиликдан яхшироқ уддалайди. Бу вазиятларга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашишда ҳам ифодаланади. Ҳисоб 0:0 эканида Лукаку ва Барелланинг комбинацияси Шченснининг сэйви билан тугалланди. Лекин бу ҳужумда зарба дарвозабон турган томонга келганди, Костич эса деярли шу тарзда амалга оширилган жавоб ҳужумида узоқ бурчакни нишонга олиб, Онанага ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Бу туринликларнинг А Серия ўйинларида «Интер»га сафарда урилган 100-голи бўлди, бунгача бундай натижага фақат «Милан» эришганди. Лекин гол бир неча дақиқадан кейингина ҳисобга олинди. Бу вақт мобайнида жамоалар ва ҳакам VAR қарорини кутишди, видеотакрор орқали ҳужум давомида Рабио ва Влаҳович қўл билан ўйнаган-ўйнамагани текширилди. Якунда «Юве» фойдасига қарор чиқарилди ва бу мавсумдаги икки «Италия дерби»сида ҳам олти очко олиш учун етарли бўлиб чиқди. «Ювентус» сўнгги 8 ўйиннинг 7 тасида ғалаба қозонган, бу ўйинларнинг 5 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Агар жамоа 15 очкодан маҳрум этилмаганида ҳозирда 56 очко билан «Наполи»нинг асосий таъқибчиси сифатида иккинчи ўринда бораётган бўларди (туринликлар январ ойида молиявий қаллобликда айбаниб, 15 очкодан маҳрум этилган ва 10-ўринга тушиб кетганди).

Франция: Мессининг сафари қаримоқдами?

ПСЖ — Ренн 0:2
Голлар: Экамби (45), Калимуэндо (48). 
ПСЖ – Доннарумма, Пембеле (Заир-Эмери, 46), Бернат (Саншеш, 55), Битшиабу, Данилу Перейра, Мендеш, Верратти, Фабиан Руис (Экитик, 56), Витинья, Месси, Мбаппе.
Ренн – Манданда, Спенс (Траоре, 78), Ву, Теате, Омари, Трюффер (Мелинг, 5), Дуэ (Гуири, 71), Бурижо, Угошукву (Сантамария, 78), Калимуэндо (Сала, 78), Токо-Экамби.
Огоҳлантиришлар: Ву (52), Заир-Эмери (80).

Ўйиндан олдин «ПСЖ» ултра-фанатларининг бир қисми жамоа Чемпионлар лигасини тарк этишига асосий айбдорлардан бири сифатида Мессига ҳуштакбозлик қилишни режалаштираётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Таркиблар эълон қилинаётганида шундай ҳам бўлди. Бу навбатдаги ёқимсиз вазият эди, ундан олдинроқ Лео Кристофор Гальте билан гаплашиб олгач, ўзини ноқулай ҳис қилаётгани учун машғулотларни тарк этгани шов-шув келтириб чиқарганди. Француз матбуотида футболчи ва мураббий суҳбати бошқача талқин этилиб, Лео таклиф этилаётган машқлардан норози экани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Буларнинг бари Лео «Барселона»га қайтишга қарор қилиши учун туртки бўлмоқда, айни вақтда бу амалга ошишига фақатгина каталонлар клубидаги молиявий муаммо тўсиқ бўлиб турибди. Тўғри, Париждаги тарихга нуқта қўйишга ҳам ҳали эрта. Месси маошини оширишни талаб қилмайди, лекин у тушунишни истамоқда: янги мавсумда «ПСЖ» қандай ҳолатда бўлади?

Ҳозирги жамоа эса барқарор эмас, етакчилар жароҳат олиши — ҳақиқий фалокатга айланади. Гальтье «Ренн» билан ўйин давомида жамоаси ўйинини кучайтириш учун воситаларга эга бўлмаганини айтганида ҳақ эди. Лекин Мбаппе ўзида юзага келган вазиятлардан ҳеч бўлмаса биттасидан фойдаланганида барчаси буткул бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо у вазиятларни йўққа чиқараётган ва Мессининг узатмаларидан фойдалана олмаётганида, Буриго тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди ва Токо Экамби вазиятдан қандай фойдаланиш кераклигини кўрсатиб берди.

Калимуэндо-Муинга ижросидаги иккинчи гол эса — парижликлар учун оғриқли зарба бўлди. «ПСЖ»нинг ушбу тарбияланувчиси ўтган мавсумда сенсация кўрсатган «Ланс» таркибида ажойиб ўйинлар ўтказганди. Аммо парижликлар ушбу форвардни ижарадан қайтаришди ва «Ренн»га сотиб юборишди. Натижаси эса — таблода. Бу турнир жадвалида ҳам акс этди, қизил-қоралар чемпионларга қарши мавсумдаги икки ўйинда ҳам ғолиб чиқишди.

«ПСЖ» чемпионатда ўз уйида 2021 йил апрелидан буён илк бор ютқазди. «Парк де Пренс» эгаларининг уй учрашувларидаги 35 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясини айнан «Ренн» бузгани бежиз эмас. «ПСЖ» қатарликлар қўлига ўтгандан кейин чемпионатнинг уч мавсумида «Ренн»га ҳар икки даврада ютқазган.

Месси эса, шу куни сардорлик боғичида ўйнаган Мбаппедан фарқли равишда, ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагидан кейин мухлисларни олқишлаш ва улардан узр сўрашга эмас, кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

Месси 3 ўйиндан бери гол уролмаяпти. Бунақаси 2022 йил сннтябридан сўнг илк марта содир бўлди. 

 

Ўхшаш янгиликлар