• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

Амалдаги Конституцияда “ногиронлик”, “ногиронлиги бўлган шахслар” атамалари умуман ишлатилмаган. Ўзгартирилаётган Конституцияга ногиронлиги бор кишилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни киритиш илгари суриляпти.

Фото: KUN.UZ

Президентнинг Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича берган таклифлари орасида ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга шарт-шароит яратиб бериш бўйича ҳам бандлар кўрсатилган.

Хўш, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини Конституцияда белгилашга қанчалик эҳтиёж бор эди, бу билан имконияти чеклаганларнинг муаммолари ҳал бўлиб қоладими? Kun.uz бу саволларга жавоб олиш учун мутахассисларга юзланди.

“Конституцияга “ногиронлик белгисига кўра камситиш” деган тушунчани ҳам қўшиш керак”

Англиянинг Сассекс университети тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти, Ўзбекистонда ногиронлик ва инклюзив ривожланиш масалалари тадқиқотчиси Дилмурод Юсупов ногиронлиги бор шахсларни жамиятга қўшиш билан боғлиқ муаммоларнинг Конституция даражасига кўтарилганини ижобий баҳолади. Шу билан биргаликда бу борадаги ўз таклифларини ҳам санаб ўтди.

— Амалдаги асосий қонунимизда “ногиронлик” ёки “ногиронлиги бўлган шахслар” атамалари умуман ишлатилмаган. Худди улар жамиятимизда йўқдек. Конституциямизда давлатимизда инклюзив жамият қуриш мақсадини акс эттириш мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлайман. Албатта, Конституциямиз фақат қоғозда эмас, амалда ҳам ишлаши керак. Чунки ногиронлик ва инклюзия соҳасида қабул қилинаётган қонун ва қарорлар жойларда самарали амалга оширилаётгани бўйича муаммолар бор.

Конституцияга ногиронлиги борлар ҳуқуқлари бўйича берилган таклифлар киритилди дегани, муаммо ҳал бўлди дегани эмас. Биринчи навбатда биз ногиронлиги бўлган болалар ва катталар ҳамда уларнинг ота-оналарининг ҳуқуқий онги ва саводхонлиги устида ишлашимиз керак. Шунингдек, Конституцияда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларни амалда қўллашнинг аниқ механизмлари киритилиши керак.

Механизмга мисол, Конституциянинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги ёзилган. Лекин “тирикчилик учун энг кам миқдор” деган тушунча аниқ белгиланмаган. Мисол учун, ҳозир ногиронлиги бўлган шахслар олаётган пенсия ва нафақалар тирикчилик учун етадими? Менимча етмайди!

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунинг 3-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситиш ҳақида ёзилган, лекин ногиронлиги бўлганларни камситишга йўл қўйган, ҳуқуқини поймол қилган шахсларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий чоралар кўрсатилмаган. Натижада бу амалда ишламайди. Шу учун механизм бўлиши керак.

Бундан ташқари, Конституциянинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” дейилган. Шу ўринда “ногиронлик белгисига кўра камситиш” деган тушунча йўқ. Айнан шу тушунчани ҳам қўшиш керак деб ҳисоблайман.

“Ногиронлик муаммоси камида 8 миллион ватандошимизга тегишли”

Фото: Расмий релиз

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов Конституция орқали давлат ногиронлиги борлар учун тенг имкониятлар яратишни ўз зиммасига оляпти деган фикрда.

— Мамлакатимизда 1 миллиондан ортиқ ногиронлиги бор шахслар мавжуд, уларнинг оила аъзоларини ҳисобга оладиган бўлсак, ногиронлик муаммоси камида 8 миллион ватандошларимизга тегишли дегани. Рақамлар шуни кўрсатиб турибдики, энг катта озчиликни ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади.

Конституция бўйича ҳамма фуқаролар, шу қаторда ногиронлар ҳам тенг ҳуқуққа эгалар. Лекин Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқларни амалга оширишда тенг имкониятлар мавжуд эмас. Шунинг учун янгиланаётган Конституцияда ногиронлиги бўлган шахсларга тенг ҳуқуқлар билан биргаликда, бошқа фуқаролар қатори тенг имкониятлар яратишни давлат кафолатлаяпти.

Конституцияга юқоридаги каби таклифлар қўшилса, муаммолар ҳал бўлиши бошланади. Инклюзив жамият яратилишига пойдевор яратилади.

“Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам туман, шаҳарлардан депутат ва сенаторлар бўлишини тўлиқ таъминлаш керак”

Фото: KUN.UZ

“Миллий тикланиш” партияси аъзоси, ногиронлик масалалари бўйича эксперт Баҳодир Қурбоновга кўра, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари Конституцияга киритилаётгани – улар ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини билдириш демакдир.

— Буни Конституция даражасига олиб чиқмай, қонунга ўзгартириш киритиш билан ҳал қилишнинг иложи йўқми деган савол туғилади. Қонун-қарорларимиз ўзгариб ётибди, баъзи нарсаларни қонунда йўқ деб тураверишади, қонунда айланиб ўтадиган жойлари бўлиши мумкин. Ташкилот қонунни билмаганман, ўқимаганман деб туравериши мумкин. Лекин Конституцияни рад этолмайди. Масалан, ҳозир тегишли қарорлар чиққан бўлса ҳам, ногиронлиги бўлган шахслар ишсизлиги ниҳоятда кўп.

Таклиф сифатида айтган бўлардимки, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ҳудудий кенгашлар ва Олий Мажлисга депутат ҳамда сенаторлар бўлиши тўлиқ таъминланиши керак. Бу имконияти чекланган киши ҳам сиёсат билан шуғулланиши, ўзини ўзи ҳимоя қилиши ва ўзи сайланган ҳудуддаги имконияти чекланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишига имкон беради.

Яна бир таклифим шуки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркинлиги чекланса, улар жамиятдан ажратиб қўйилса, давлат ташкилоти ёки унинг раҳбарини жиноий жавобгарликка тортиб юбориш ёки қаттиқроқ жазо чораларини киритишни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахс жиноят қилса, уни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш бўйича амалиётни жонлантириш керак. Чунки ногиронлиги бор инсонлар орасида айримлар уларга 15 сутка ҳам берилмаслигини билгани учун ҳам жиноят қилаверади.

Ўхшаш янгиликлар