• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +7.3°C
Detail image

Эркин рақобатлашиш имкони бўлган ёшларга, аёлларга турли имтиёзлар берилаётган бир даврда, ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз берилиши рақобат муҳитини бузмайди, деб ҳисобламоқда имконияти чекланган шахсларнинг жамиятлари.

Фото: Getty Images

«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан рад этилганидан сўнг, Kun.uz таҳририятига Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти ва Кўзи ожизлар жамиятининг биргаликдаги мурожаати келиб тушди.

«Бу нафақат бизнинг жамият, балки биз каби бошқалар билан эркин рақобатлаша олмайдиган, имконияти табиатан чекланган шахслар учун жуда кутилмаган ҳолат бўлди.

Қонун ижтимоий ҳимояга йўналтирилганлиги учун биз қонун кабул қилинишини бир неча йилдан бери кутаётгандик. Чунки, мазкур қонун имконияти чекланган шахсларга катта майдонда ўзимизни кўрсатишга, ўзимизнинг имкониятимизни тўла намоён этишга, муносиб иш ҳақи олишга, шу жумладан, ижтимоий адолат нуқтайи назаридан корхоналарнинг иқтисодий аҳволини янада яхшилашга, ишини фаоллаштиришга, ишлаб чикариш ҳажмларини ва ишчиларимиз сонини оширишга ёрдам беради деб ўйлагандик», дейилади мурожаатда.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Карлар жамияти корхоналарининг даромадлари кескин камайиб бормоқда. 2018 йилда 277 млн сўм фойда олинган бўлса, 2020 йилда 62 млн сўм фойда олинган (деярли 5 бараварга кам).

Даромад камайганлиги ва ойлик иш ҳақлари тушиб кетиши ортидан кўплаб ногирон ходимлар ишдан кетган. 2000 йилда корхоналарда 2000 нафарга яқин кар-соқов ходимлар ишлаган бўлса, 2020 йилга келиб 176 нафар ходим қолган.

Кўзи ожизлар жамияти тизимидаги корхоналар ходимлари сони 2000 йилда 4 минг 900га яқин бўлган, 2010 йилда 3 мингга тушган, 2020 йилда эса 1 минг 479 нафар ходим қолган.

Мурожаатда қонуннинг қабул қилиниши ногиронлар томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланади.

«Бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Биз умумий ишлаб чиқаришдаги технологияларга мослаша олмаймиз, аксинча, биз ўзимизга мослаштирилган технологиялар асосида ишлай оламиз. Шунинг учун бизнинг ходимлар корхоналардан кетганидан кейин бошқа жойларда ишлашга қодир эмас.

Айнан шу қонун бизга ишлаб чиқаришимизни кенгайтиришга, биз каби имконияти чекланганлар учун мослаштирилган технологияларни олиб келишга, ишчи ўринларини кўпайтиришга, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва муносиб маош тўлаш учун имкон беради, деб умид қилгандик.

Агар сенаторлар томонидан билдирилган фикрлар етарлича асосланган ва ҳақиқатдаги ҳолатга якин бўлганида эди, бизнинг корхоналаримиз гуллаб кетган бўлиши керак эди», дейилади мурожаатда.

Жамият вакиллари сенаторлар томонидан «рақобат муҳитини бузади» дея таъкидланган имтиёзлар масаласига қуйидагича тўхталиб ўтган:

«Давлат томонидан турли имтиёзлар эркин рақобатлашиш имкони бўлган ёшларга, аёлларга берилаётган бир даврда ижтимоий тадбиркорлик институти орқали ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам имтиёз берилиши бошқа тадбиркорларга нисбатан устунлик эмас, балки улар билан тенглашган ҳолда битта майдонда рақобатлашишга имкон беради».

Мурожаат якунида «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун ногиронлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини оширишга ёрдам бериши қайд этилиб, қонунни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда қабул қилиш сўралади.Аввалроқ, Сенат ялпи мажлисида «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун сенаторлар ва адлия вазири ўртасидаги мунозарага сабаб бўлгани ва қайта кўриб чиқиш учун қайтарилгани хабар қилинганди.

Ўхшаш янгиликлар