• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

Сел келиши оқибатида одамлар эвакуация қилинган Наманган вилоятининг Давлатобод тумани Юксалиш маҳалласида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири офат сабаблари ва оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.

20 июль куни Наманган вилоятининг кўплаб ҳудудларида кучли ёмғир ёғди. Натижада Наманган Косонсой, Давлатобод, Янги Наманган, Поп туманларида сел келган.

Давлатобод туманининг Юксалиш маҳалласида бир нечта хонадонлар селдан қулаб тушган. Кўп қаватли уйлар ертўласини сув босган.

Анасхон Камаловнинг сўзларига кўра, Косонсойдаги танишларига телефон қилганида танишлари катта сел келаётганини, эҳтиёт чораларини кўриш кераклигини айтган.

Шундан сўнг у барча қўни-қўшниларни уйма-уй огоҳлантириб чиққан.

“Дарахтларга нарвон қилиб қўйдик. Сел каттароқ келса сузишни билмайдиганлар тепага чиқиб олади деган мақсадда”, дейди у.

Туман ФВБ бошлиғи ўринбосари Сардорбек Раҳимовнинг айтишича, маҳалла аҳли баландроқ ҳудуддаги 46-сонли МТТ биносига кўчирилган. Хавфсиз ерга ўтказилган фуқароларга керакли ёрдам берилган.

Маҳалла раиси Карима Жўраеванинг сўзларига кўра, иккита хонадон умуман уйсиз қолган ва ҳозирда ижарага жойлаштириш, ижара пулларини қоплаб бериш ишлари амалга оширилмоқда. Раиснинг айтишича, 21 июл куни ҳам маҳалладаги аҳолининг айримлари ўз уйларида эмас, МТТ ҳудудида қолишини билдиришган.

Аҳоли хонадонларини сел олишига нима сабаб бўлди? Бунинг олдини олиш мумкинмиди?

Талафот сабабини ўрганишга ҳаракат қилдик. Маҳалла юқори қисмида сел келган пайтда сувни селхонага йўналтирадиган канал бор. Ушбу канал узоқ йиллар шу каби талафотларнинг олдини олиб келган.

Бироқ икки йил аввал ушбу канал ёнига сув тақсимлаш иншооти қурилган, канал пастки қисми атрофига саноат зоналари барпо этилган.

ztv3PDEIgA-yGfhAqv7x6iYOoCAOgY41.jpg (1280×720)

Сув иншоотига ўтишдаги кўприк қувури шу даражада кичик қўйилганки, ариқдан озгина катта сув келса йўлга тошиши ва йўлни ювиб кетиш эҳтимоли юқори. Аҳоли вакилларининг айтишича, кечаги селда айнан шундай ҳолат кузатилган.

Бундан ташқари, саноат зонаси қурилишида каналнинг паст қисмининг баъзи жойлари ёпиб юборилган, баъзи жойлари торайтириб юборилган. Ушбу ҳолат ҳам селнинг нотўғри йўналишга оқишига сабаб бўлган.

Сел ювиб кетган ерга махсус техникалар етиб келган. Йўлларни ювган қисмлари шағаллаш орқали таъмирланган.

ФВВ Фарғона водийси вилоятларида сел хавфи келиши эҳтимоли борлиги ҳақида тез-тез огоҳлантириш бериб турибди.

Сел келиши хавфи ҳали йўқолмаган бўлса-да, сел йўлидаги канал тозаланмаган ва кўприк қувури кенгайтирилмаган.

Албатта, маҳаллий мутасаддилар аҳолини эвакуация қилиш, селдан зарар кўрган аҳолига ёрдам бериш ишларини амалга оширган. Лекин энг аввало сел келса яна тошиши ва яна ўша атрофдан аҳоли томонга йўлни ювиб кетиши аниқ бўлган жой ҳалигача тозаланмаган ва тўғриланмаган.

Мутасаддилардан тезкор чоралар кўришни ва ушбу ҳолатга амалий муносабат беришларини кутиб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири

Ўхшаш янгиликлар