• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25.8°C
Detail image

“Туркияда, масалан таксига чиққанда, ўзбек аёлларига бошқача ахлоқий кўз билан қарашади. Туркиялик қизга айтолмайдиган гапларини ўзбек қизларига бемалол айтишади. Шу стереотипни жамият бўлиб, барчамиз биргаликда йўқотишимиз керак”, – дейди Kun.uz билан суҳбатда Туркиядаги Ўзбек аёлларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти асосчиси Озода Исломова.

Озода Исломова – Туркиядаги Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти асосчиси ва раҳбари. У Kun.uz мухбири билан Истанбулда кечган суҳбатда Туркиядаги ўзбек аёлларига муносабат, уларни қийнаётган муаммолар ва фаолияти давомида дуч келаётган ҳолатлар ҳақида гапириб берди.

“Туркиядаги ўзбек аёллари муаммосини кимга айтишни билмасди”

— Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси Мурожаатлар бўлими раҳбари сифатида ишлаганман. У ерда аёлларнинг турфа мурожаатларини тинглар, имкон қадар ёрдам берар эдик. Қўмита тугатилганидан сўнг оз муддат ХДП марказий аппаратида ишладим ва кейин тақдир тақозоси билан оилавий сабаблар туфайли Туркияга кўчиб келишимиз лозим бўлди.

Бу ерга келгач, ўз устимда ишлаб, ўқиб, ривожланишни истадим, ишдан маълум муддат воз кечаман, деб режа қилдим. Бироқ бўлмади. Йўл-йўлакай ўзбек аёлларининг муаммоларига гувоҳ бўлдим, мурожаатларини тингладим. Айрим ҳолларда қулоққа чалиниб қоларди, гоҳида шунчаки яқин олиб дардлашишарди. Бироқ муаммолар бор-у, уларни тинглайдиган одам йўқ, ечим ва кўмак берадиган ташкилот йўқ. Ҳа, консулхонамиз бор, бироқ аёлларнинг муаммоларини аёллар ҳал қилиб бера оладиган ташкилотга эҳтиёж бор, аёл дардини аёл тушунади, ахир. Чет элда бўлганидан кейин дардлар ортади – фарзанд соғинчи, оила соғинчи, Ватан соғинчи. Ўз уйидаги ташвишлар бошқа, уйидан узоқда бўлганидаги ташвишлар бошқа. Ҳар бир аёлга индивидуал ёндашиш лозим бўлади.

Шунда мана шу жамиятни очишга қарор қилдим. Бизни обдон текширишди. Хорижий ташкилотни биласиз, икки карра кўпроқ текширишади. Жамият ташкил этилганига август ойида 1 йил бўлади (суҳбат 2022 йил июль ойида бўлиб ўтган – таҳр.). Жамиятимизга мурожаат қилган аёлларнинг муаммолари ҳал бўлишига ёрдамлашиб, яхши ном қозондик, шекилли, жамиятимиз ҳақидаги ижобий гаплар оғиздан оғизга кўчиб, мурожаат қилувчилар кўпая борди.

“Кўп мурожаатлар – алданган, уйсиз, пулсиз қолган аёллардан”

— Бу ерда биз биринчи навбатда ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатамиз. Мурожаат қилган ватандошимиз билан муаммоси ҳал бўлгунига қадар бирга бўламиз. Таъбир жоиз бўлса, унинг Ватанга учишида самолёт трапигача олиб чиқиб қўямиз. Аммо Ватанга қайтиб боргач, ўз йўлини топа олмаган аёл-қизларимиз яна бизга мурожаат қилишяпти. Биз консулхона билан биргаликда мана шу муаммоларни ҳам бартараф этишга, бир тизимни йўлга қўйишга, яъни Ўзбекистонга қайтиб борган хотин-қизлар жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашадиган дастур ишлаб чиқиш ниятидамиз.

Бизга алданган, уйсиз қолган, пулсиз қолган аёллар мурожаат қилишяпти. Айримларни алдаб бу ерга олиб келишади, паспортларини олиб қўйишади ва улар бир амаллаб қочиб, бизни топиб келишади. Шундай аёлларни ишга жойлаштириш билан шуғулланамиз. Тикувчилик цехларига ишга жойлаяпмиз. Шундай иш жойларики, ўша ернинг ўзида яшаш жойи берилади ва ўзи пул топади. Кунлик яхши пул топаётган аёллар етарли.

Нохуш ва ижобий воқеалар

— Ишимизда нохуш ҳолатлар ҳам бўлиб турадими? Ҳа, афсуски, бор бундай ҳолатлар. Бир воқеани айтиб берай: бир аёл бемор бўлиб Истанбулдаги касалхонада даволанди. Узоқ муддат даволанишдан сўнг касалхона 108 минг доллар ҳисоб чиқариб берди. Табиийки, у аёлда бунча пул йўқ. Биз касалхона раҳбарияти билан, ундан юқори ташкилотлар билан мулоқотга киришдик, консулхона ҳам бу ишга аралашди ва узоқ музокалардан сўнг Туркия томон ватандошимизни касалхонадан чиқариб юборишга кўнди. Тасаввур қиляпсизми, Туркия томони 108 минг долларнинг баҳридан ўтди. Бунга эришгунча озмунча ҳаракат қилмадик. Аёлни Ўзбекистонга кузатиш асносида шунақанги шармандали иш бўлдики, асти қўяверасиз.

Касалхонадан чиқар кунимиз етиб бордим, самолётгача кузатиб қўйишим керак. Бир пайт касалхона эшигидан чиқаётганимизда детектор ишлаб кетди, дарров қўриқчилар етиб келишди, аёлнинг юкларини текшира бошлашди. Не кўз билан кўрайки, ватандошимизнинг сумкаларидан касалхонага тегишли чойшаблар, матолар чиқиб кела бошлади. Ҳар бир сумкани очишганида ўғриланган ашёлар чиқди. Ер ёрилса-ю, кириб кетсам!

Менга ҳам ўша жиноятнинг шериги сифатида қарай бошлашди. Полиция чақирамиз, қамаймиз, дейишяпти, мен буёқда ялиниб ёлворяпман: “Илтимос, ундай қилманг, бу аёл ватанга қайтиши керак, самолёти учай деб турибди”, дея. Тиз чўкмаганим қолди, холос. Энг ёмони биласизми нима? Рация орқали “ўзбек ватандоши ўғрилик устида қўлга тушди”, дея хабар беришаётганида адойи тамом бўлдим. Ватаним, миллатим учун уялдим, хўрлигим келди. Ўзи Туркия томони комада ётган ўша аёлни оёққа турғизиб берди, 108 минг доллардан кечиб турибди, нега ўғрилик қилади ахир? Шу аёл хасталиги вақтида бошидан охиригача ёнида туриб берган бизни, консулхонани, ватандошлари шаънини ўйласа бўлмайдими? Шуми марҳаматга жавобан раҳмат?

Келинг, яхши гаплардан ҳам гапирай. Шукрки, яхши аёлларимиз кўп. Ўзбекистон, ўзбек номига муносиб, яхши таассурот қолдираётган аёллар бор. Қийин ҳолатда бир аёлимизга иш топиб бердик. Турк хонадонида хизматчи сифатида ишлай бошлади. Вақт ўтиб ўша турк хонадони бизга шунақанги раҳматлар айтяптики! “Мана шунақа қизлар бўлса айтинг яна, бу қиз ўзимизнинг оиламиз аъзосидек бўлиб кетди, биз ундан жудаям миннатдормиз”, деган гапларни айтишаётганида фахрланиб, хурсанд бўлиб кетдим. Бундай ҳолатлар кўп.

Туркиялик эркакка турмушга чиқмоқчимисиз? Қарор қабул қилишга шошилманг

— Туркиялик эркакларга турмушга чиққан аёлларимизда муаммолар бўлиб туради. Бу асосан ажрим ва болалар кимда қолиши масалалари. Табиийки, турк фуқароси болаларини аёлига бергиси келмайди, ўзбек аёли эса фарзандини ўзи билан олиб кетмоқчи бўлади. Биз шундай ҳолатларда судларда қатнашамиз, аёлларимиз томонида бўлиб, муаммони ортиқча шовқинсиз, талафотсиз ҳал қилишга ёрдам берамиз.

Бир воқеа бўлди. Ўзбек аёли билан ажрашаётган турк эркак аёлга ўғрилик қилди, дея туҳмат қилди. Кейин билсак, болалар ва мол-мулкка даъво қилмасин, дея шундай уйдирмани ўйлаб топишган экан. Биз судда бу қизимизнинг тўлиқ оқланишига эришдик, қарши томоннинг гаплари сохта бўлиб чиқди.

Биласизми, айрим қизларимиз билиб-билмай турмуш қуришади ва орадан маълум вақт ўтгач, “менталитетимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимизда қарама-қаршиликлар, ўхшамайдиган жиҳатлар бор экан, кўниколмадим”, дея ёрдам сўраб келишади. Шундайларга маслаҳатим: турмушга чиқишдан олдин обдон ўйланг, бу ернинг тош-тарозиси ҳақида тасаввурга эга бўлинг, урф-одатларини ўрганинг, ҳуқуқий савиянгизни оширинг. Шунда панд емайсиз.

“Жамиятни ўз маблағларимиз ҳисобидан молиялаштиряпмиз”

— Айримларда табиий савол туғилади: жамиятнинг моддий таъминоти қаердан? Ҳеч қаердан. Ўзимизнинг ресурслардан фойдаланяпмиз ҳозирча. Вақти келганда консулхонамиз ходимлари керак бўлса ўз чўнтакларидан пул бериб, моддий ёрдам беришяпти. Мана бу офисимизни ҳатто аёлларимиз вақтинча яшаб турадиган маскан қилдик. Муаммоси ҳал бўлгунича бир неча кун шу ерда бўлиши мумкин. Шунингдек, шу ердаги таниш-билишлар бизга ёрдам беришяпти. Улар ўз уйларидан бошпанасиз қолган ва муаммолар гирдобидаги аёлларимизга жой беришяпти.

Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти (“Özbek Kadın Hakları Derneği”) ва Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланмоқда. 2022 йил январ / Фото: “Дунё” АА

Биз аёлларга кўмак беришда ҳеч кимдан пул олмаймиз. Юқорида айтганимдек, ҳозирча ўз ресурсларимиздан фойдаланяпмиз. Бизга жорий харажатлар учун ҳеч ким пул бермайди. Офис ходимларимга ҳам ўз ёнимдан маош тўлайман. Ҳа, ҳозирча шундай. “Моддий манфаати бордирки, шу ишни қиляпти, яхшигина пул топса керак”, дейдиганлар ҳам бўлди. Буни тўғри ўзимга айтганлар бўлди. Уларни мен таклиф қилдим: келинг, кўринг, биз билан бўлинг, ўзингиз ишонч ҳосил қилинг биз қандай ишлаётганимизга. Билсангиз, бизга шубҳа билан қараганлар, ғаразли мақсади бор, деб ўйлаганлар фаолиятимиз билан яқиндан танишиб, биз билан дўст, ҳамкор, оила аъзоларимиздек бўлиб кетишди. Офисимизга тез-тез келиб туришади, қаерда бўлмасин, бизни мақтаб, яхши тавсифлар беришади.

Шундай ҳолатлар бўлдики, Туркиянинг бошқа шаҳарларидан мурожаатлар бўлганида, биз ҳайрон бўлиб, “қаердан эшитдинглар биз ҳақимизда?” деб сўраганимизда: “Жамиятингиз ҳақида бизга фалончи айтиб берди, фалон полициячи маслаҳат берди, фалон идорадан олдик маълумотни”, дейишади. Жуда хурсанд бўлиб кетамиз. Полицияга тушиб қолган аёлларимизга зобитларнинг ўзи бизнинг жамият ҳақида маълумот бериб, мурожаат қилишни тавсия қилишаётган экан. Демак, жамиятимиз яхши ном қозонибди, қилаётган ишларимиз билан унча-мунча танилиб қолибмиз, деб кўнглимиз кўтарилади.

“Мақсадимиз – Туркиядаги ўзбек аёлларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш”

Биз бирлашишимиз керак. Хориждаги эркаг-у аёл, ёш-у қари – ҳаммамиз бир-биримизга кўмак беришимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз лозим. Бизга ташқаридан ўз-ўзидан ҳеч ким ёрдам бермайди. Ўзимиз ватандошларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Бу ерда туриб Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни кузатиб боряпман. Ижобий янгиликлар талайгина. Давлат раҳбари олиб бораётган сиёсат давом этса, ҳаммаси яхши бўлади. Биз ҳам жамиятимизни ривожлантириб, кенгайтириб, Туркиядаги ўзбек аёллари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, ўзбек аёлининг ижобий имиджини кўрсатиш ва сақлаб туришга ҳаракат қиламиз.

Озода Исломова суҳбат давомида туркияликларнинг ўзбекларга, хусусан, ўзбек аёлларига муносабати, бошқа миллат вакиллари билан орадаги фарқлар, ўзбек эркакларининг айрим ножоиз хатти-ҳаракатлари, ўзи афсусланадиган ва қувонадиган жиҳатлар ҳақида ҳам гапириб берди. Тўлиқ суҳбатни видео орқали томоша қилинг.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

·       Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билан +90-555-147-15-84 телефон рақами орқали боғланиш мумкин. Маълумот учун, жамият ходимлари 8 августдан бошлаб 24 иш кунига меҳнат таътилига чиққан.

Ўхшаш янгиликлар