• 10839.90
  • 11439.35
  • 202.99
weather Тошкент: +36.6°C
Detail image

Молдова прокуратураси мамлакат собиқ президенти Игор Додон ва унинг оиласи мулкини хатловга олди. Уй қамоғидаги сиёсатчига кўра, унга ва унинг рафиқасига нисбатан қўзғатилган жиноий иш уйдирмадан бошқа нарса эмас.

Игор Додон / Фото: Reuters

Молдова прокуратураси мамлакат собиқ президенти Игор Додон ва унинг оиласи мулкини хатловга олди. Сиёсатчи бу ҳақда 23 июнь, пайшанба куни журналистларга маълум қилди.

«Тафсилотини айта олмайман. Ҳужжатга имзо қўйдим, бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтмайман. Ҳаммаси шоу, улар ҳар куни Додон иши ҳақида телекўрсатув тайёрламоқчи», - деди сиёсатчи прокуратура биноси олдида.

Додонга кўра, «жиноят иши уйдирма, унда етарли ва ишончли бўлган далиллар йўқ». Унинг сўзларига қараганда, прокурорлар «фуқароларни бузиб кўрсатилган рақамлар ва тафсилотлар билан ҳайратда қолдириш учун ишни жамоат олдига олиб чиқишга уринмоқда».

Собиқ президент фикрича, бу жиноий иш сиёсий асосга эга. «Ушбу пропаганданинг элементларидан бири қатор мулк объектлари, шу жумладан, менга тегишли бўлмаган ёки банкларга гаровга қўйилган активларнинг хатловга олинишидир», деди Додон. У душанба кунигача «ҳокимият ва прокуратура ҳамкорлигида ташкил этилган шоу ҳақида қўшимча маълумот» тақдим этишига ваъда берди.

24 май куни қўлга олинган Додон 30 кунлик уй қамоғига олинди. Унга Молдова Жиноят кодексининг пассив коррупция, сиёсий партия томонидан жиноий ташкилотдан маблағ олиш, ноқонуний бойиб кетиш ва давлатга хиёнат қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари бўйича айблов қўйилган. 

Унинг рафиқаси Галина Додон коррупция бўйича қўзғатилган жиноий ишда айбланувчи деб топилди. Унга мамлакатни тарк этиш тақиқланган. 

Ушбу иш доирасида 2019 йил июнь ойида қочоқ молдовалик олигарх Владимир Плахотнюкнинг ўша пайтда Молдова президенти лавозимида бўлган Додонга пакетни топшириш иши бўйича тергов олиб борилмоқда. Эълон қилинган видео ва ундаги сиёсатчиларнинг сўзларига кўра, пакетда Додон бошчилигидаги Социалистик партияни молиялаштириш учун мўлжалланган катта миқдордаги пул бўлган. 

Ўхшаш янгиликлар