• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

Ўзбек болалар адабиётида бўшлиқ қаерда? Нега масъуллар бу мавзуга ўгай кўз билан қарайди? Нима учун соҳани ривожлантиришни ҳеч ким бўйнига олмайди? Кun.uz шу саволларга жавоб топиш учун соҳа мутахассисларини муҳокамага таклиф қилди.

Яқинда эълон қилинган саводхонлик бўйича халқаро рейтингда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 49-ўринни эгаллади. Натижа Африка айрим давлатлари ўқувчилариники билан деярли бир хил. Таълим учун сарфланадиган миллиардлар ўзини қанчалик оқлаяпти? Халқ, жамият китобдан қачон бунчалик узоқлашди? Қуйида мутахассислар фикрига қулоқ тутамиз

Болалар адабиёти – бўшлиқ қаерда?

Муаззам Иброҳимова болалар психологи ва ёзувчиси

— Болалар адабиётидаги муаммо — миллат муаммоси. Муаммо болалар адабиётига паст назар билан қарашдан бошланган. Ҳозир ҳам шундай ҳолат. Ёзувчилар уюшмасидаги Болалар адабиёти бўлими Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев даврида яхши ишлади. Ҳозир болалар адабиётига ҳеч қандай рағбат йўқ.

Ўзим 3 минг нусхада китоб чиқардим, лекин сотолмадим. Ҳатто боласини китоб олишдан қайтарган оналарни ҳам кўрдим. Баъзи оилаларда ота-она умуман китоб ўқимайди. Болага шунчаки китоб бериб қўйиш иш бермайди, улар билан бирга ўқиш керак. Саҳна асарлари тарзида рол ижро қилиб бериб, ҳатто энг кўримсиз китобга ҳам болани қизиқтириш мумкин.

Ёшлигимда китоб дўконига кириб, пулим етмаган китобларни ўша ернинг ўзида ўқирдим. Уйимиздаги жавонда китоблар ёшимизга мослаб териб қўйиларди. Дадам қайси мамлакатга борса, ўша ердан китоб олиб, телефон қилиб китобдан парча ўқиб берарди. Сафардан қайтгунича интиқиб кутардим. Ҳозир ўзбеклар дунёга тарқалиб кетди. Нега энди ўша ердан китоб сотиб олиб, уйига жўнатмайди, нега жўнатган пулидан китоб олиб беришни айтмайди? Тўйга, уйга, машинага пул ажратилади, лекин боланинг ўқиши учун ажратилмайди.

“Галактикада бир кун”, “Коинот жавоҳири” китоблари муаллифи Саъдулла Қуронов

— Болалар адабиётини ривожлантириш ниятимиз бўлса, урғуни ҳар хил тадбирлар, кутубхоналарни кўпайтириш, таржима қилиш, чоп этишга бермаслик керак. Яъни бу ҳам ечим, лекин асосийси эмас. Илмий тадқиқотларга асосланган ривожлантириш режаларини тузиш керак. Масалан, болалар матнини ўқиш масаласи бор – матнни неча ёшли бола тушунади, қандай англайди. Бунинг устида тилшунослар, психологлар, адабиётчилар ишлаши керак. Ҳар бир ёш тоифаси учун луғат яратиш ва ёзувчиларга тақдим этиш керак. Ва буни ваколатли ташкилот назоратга олиши лозим. Хорижий тажрибада бу нарса бор, текширувчи платформа сайтлари ҳам мавжуд. Бизда бундай имкониятлар йўқ. Бадиий матнга илмий ёндашмаслик болалар адабиётини оқсатаётган омиллардан.

 Ўзбекча болалар китоблари қандай бўлиши керак?

"Пластикакл ким?", "Доктор Чихахл ва унинг мудҳиш сири" китоблари муаллифи Мадина Мўминова

– Ёшларга насиҳат қилишмас, қанақадир йўл билан тушунтириш керак. Бола бу нарсаларни ўзи тушуниши керак, шунда унинг ақлига, кўнглига ўрнашиб қолади. Ички маданият бўлади. Ҳозирги болалар жуда тез ва кўп нарсани қабул қилади. Уларга чўзилиб кетган асарлар ёқмайди, китоблар худди кино кўргандек бўлиши керак.

Асарни ёзаётганимда болаларим билан маслаҳатлашиб, фикр олиб ёзганман. Болалар учун асар ёзганда уларни ҳаммуаллиф даражасида жараёнга таклиф этиш керак деб ўйлайман. Болалар учун қизиқ бўлган китоб катталар учун ҳам шундай бўлиши керак. Чунки бола китоб ўқиши учун ота-она бирга ўқиши лозим. Ота-она бола тилига тушуниб, кириб боради.

Саъдулла Қуронов:

– Болалар адабиёти комада дейишади. Яқин ўтмишда Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев каби катта адиблардан айрилдик. Янги номлар йўқлиги, бугунги кун боласининг эстетик дидига мос асарлар йўқлиги катта бўшлиқни келтириб чиқаряпти. Болалар адабиёти мактаби сўниб қолган. Жанр масаласи ҳам бор. Фантастика, комикс каби йўналишларда асарлар йўқ деярли. Комиксдаги замонавий миллий қаҳрамон йўқ. Ҳатто мултфилм қаҳрамони ҳам йўқ.

Болалар ёшига мўлжалланган ўзбекча китоблар борми?

Саъдулла Қуронов:

– Динара Мўминова кичик ёшдаги болалар учун расмли китоблар яратди, 3-5 ёшли болалар учун биринчи бўлиб китоблар ёзди. Қолаверса, Саида Рашидованинг «Дўпка воқеаси» китоби ҳам бор. Яқин йилларда Эркин Маликнинг «Чумолилар мамлакати» китоби, Қобилжон Шерматовнинг «Бобомнинг ошқозонидаги мамлакат» китоби чиқди. Ўзим эса илмий фантастика жанрида ёзаман, чунки ўзбек адабиётида бу йўналиш оқсаяпти. Илмий фантастикада воқеалар илм-фан билан асосланади. Фан ҳақида билимга ҳам эга бўлади болалар. «Галактикада бир кун» номли китобимда 12 ёшли Аҳмад исмли бола ҳақида гап боради. Унда Аҳмад кемаси бузилиб қолган ўзга сайёраликларга ёрдам беради. Китобда астрономияга оид маълумотлар бериб ўтилган, бу эса болаларга қизиқарли.

Муаззам Иброҳимова:

– Замира Иброҳимованинг ёш тоифаларига ажратилган тўплами бор. Бир марта нашр этилди холос, ҳозир эса йўқ. Гулноза Тожибоева деган болалар ёзувчиси ҳам шунақа шаклда китоб қиляпти. Умуман олганда, ҳаракатлар бор. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ҳам болалар адабиётига бағишланган танловлар бўлди. У ерда ҳам ўзига яраша камчиликлар бўлди. Болалар адабиётини рағбатлантириш учун тоза одамлар ишлаши керак, моддий манфаат ўйлайдиганлар эмас.

Туркияда болалар адабиёти қандай ривожланди?

Муаззам Иброҳимова:

– 20 йилча олдин Туркияда ҳам худди шундай китобхонлик даражаси тушиб кетган. Анжуман ўтказилиб, муҳокамалар бўлган. Болалар адабиёти учун жуда катта маблағ ажратилган, ҳозир ҳам шундай.

Туркияга кўп бораман ва у ердаги болалар адабиётини ўрганаман, китоб дўконларига кираман. У ерда ёзилган асар чоп этилишидан олдин болалар ёзувчиларига ва ёши мўлжалланган болаларга берилади. Улар ўқиб хулоса беришади, болалар ҳам ўз фикрини айтади. Шунга кўра яна ўзгартиришлар бўлади, камчиликлар тўғриланади. Китоб шу даражага келтириладики, бола уни ўқийди, албатта. Дўконлардан китобсиз чиқиб кетаётган онани кўрмайсиз, китоб дўконларнинг энг яхши қисми ҳам болаларга ажратилган. Бундан ташқари, барча китоблар ранг-баранг, бир ранги ёқмаса, бошқасини олади бола. Нархлар ҳам арзон.

Туркияда «Диёнат вақфи» фонди томонидан жуда катта кўламда китоблар чоп этилади. Айниқса, болалар адабиётига эътибор берилган. Фақатгина латифалар қаҳрамони сифатида тушунтирадиганимиз Насриддин Афанди номидаги кутубхона ҳам бор. Бу қаҳрамон ақлли, маърифатли, намунали инсон сифатида танитилади.

Бундан ташқари, Анқарадаги Миллат кутубхонасида китоб ёзиш бўйича танлов эълон қилиниб, ўша болалар ёзган қўлёзмалар кутубхонага қўйилган. Келажакда буюк ёзувчи бўлиб кетишса, биринчи қўлёзма бизда деб мақтанамиз, деган гаплардан бола қанчалик руҳланади?! Кутубхоначиларга библиопсиходогия ҳам ўқитилади. Яъни кутубхоначилар боланинг психологиясини билиши лозим, керакли китоб тавсия эта олиши, қизиқтириши керак бўлади.

Ким нима қилиши керак?

Саъдулла Қуронов:

– Ривожланган мамлакатларда болалар адабиёти катта субсидия олади. Солиқлардан озод қилинади. Лойиҳалар қилинади, катта маблағ ажратилади. Шу томондан ҳам бизда аниқ лойиҳаларни кўрмадим. Ёшлар иттифоқи томонидан «Болалар учун энг яхши китоб» танловини ўтказди. Яхши натижа берувчи танлов бўлди, янги номлар кашф этилди, янги асарлар чиқди. Катта маблағ, рағбат ортида бўлди булар.

Хорижда эса болалар адабиёти бўйича алоҳида ташкилотлар мавжуд. Барча ресурслар шунга йўналтирилган алоҳида ташкилот йўқ бизда. Халқ таълими вазирлиги қошида Республика болалар кутубхонаси бор фақат. Лекин унинг асосий иши мактабларни китоб билан таъминлаш, ижодий, илмий изланишлар йўқ.

Мен айтаётган нарсаларга кўп пул кетади. Тадқиқотлар бўлади, платформалар яратилади. Бирор бир ташкилотга шу ваколат берилиб, имконият яратилса, яхши бўларди.

Бизда интеллектуал меҳнат яхши қадрланмайди. Нашриёт катта шартнома таклиф этолмайди, барчаси хусусийлашиб кетган. Олдин болалар адабиётига ихтисослашган Чўлпон номидаги нашриёт бор эди. Шахсий нашриётлар ҳам китобхонлик маданияти пасайган жамиятимизда ўзининг моддий ҳолатини зўрға ушлаб юрибди. Давлат болалар адабиёти учун алоҳида инвестиция киритиши керак.

Шу билан бирга, маълум бир асардан болаларнинг эстетик завқ олиш даражаси баҳоланмаган бизда. Олий таълимга тест топширилганда ҳам фақат факт маълумотлар сўралади. Яъни боланинг асарни тушуниш даражаси баҳоланмайди. Бола асардаги маълумотларни ёдласа бўлди ҳозир. Китобхонликка бўлган муҳаббат сўниб қолди ўз-ўзидан. Адабиёт дарсликларида берилган асардан парчалар тўлиқ асарни ўқишга тортувчи, қизиқтирувчи бўлиши керак. Китобхонлик маданияти сўнди. Яқин 30 йилда таълим олган инсонлар китоб аҳамиятини ҳис этолмаслиги узоқни кўролмаслик холос.

Нима қилсак китобхон миллат бўламиз?

Муаззам Иброҳимова:

– 40 млнга яқинлашяпти халқимиз. Фақатгина жуда кам одам китоб ўқийверса, фақат мардикорлар чиқади. Дунёни ушлайдиган авлодлар етиштириб бўлмайди бу кетишда. Нашриётлар чиқарган китоби сотилмагунча бошқа китоб чиқариши қийин. Чунки маблағ етишмайди. Нашриётларга энг кам фоизларда кредитлар берилиши, грантлар ажратилиши керак.

Болалар адабиётига киришимга сабаб болаларимга маълум китобларни, эртакларни ўқиб бергач, нима ўқиб беришни билмай қолганман. Болаларимга эртак тўқирдим ўзим... Ҳаракатларим бесамар кетмади, олийгоҳларни аъло баҳо тугатяпти фарзандларим. Ҳозир 4 ёшли кичкина ўғлим динозаврларни номма-ном билади, турларини айтиб беради. Шунчаки маълумотларни ўқиб бермаймиз, сингдирамиз, муҳит яратамиз. Шу динозаврларга қизиқиш ортидан рус, турк тилларини ўрганяпти. Биз ҳам болага қўшилиб ўша оламга кириб тушунтирамиз, қизиқиш билдирамиз, яна китоблар олиб келиб берамиз. Айтмоқчиманки, оналар ўқиши керак, ўзи қизиқмаса ҳам қўлига китоб олсин. Она ўқимишли бўлса, миллат ўқимишли бўлади ва шу миллатнинг бошқа миллатлар ичида ўз ўрни, ҳурмати бўлади.

Зуҳра Абдуҳалимова, суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Ўхшаш янгиликлар