• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +3°C
Detail image

Метан-шохобчалардаги чекловлар пайтида бунақа чора қоидабузарни эмас, истеъмолчини жазолайди, бунинг ўрнига жарима қўлланиши керак эди, дея Энергетика вазирлигини танқид қилди иқтисодчи Отабек Бакиров. Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, қоидабузар АЁҚШлардан кафолат хати олиниб, 1 кунда фаолияти тикланган.

Фото: iStock

23 январ куни Энергетика вазирлиги ўтказган назорат тадбирлари давомида 109та тадбиркорлик субъектига тегишли хусусий АЁҚШларда бир қатор қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланган. Бу қоидабузарликлар нархни асоссиз ошириб сотиш, камомадга йўл қўйиш, сифатсиз маҳсулот тарқатиш, кам қуйиш ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ.

Вазирлик “Ўзбекнефтгаз”га қарашли барча АЁҚШларда АИ-80 маркали автобензиннинг 1 литри 5700 сўмдан сотилаётганини қўшимча қилган.

“[Қоидабузарлар сони] Андижон вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 8 та, Жиззах вилоятида 4 та, Қашқадарё вилоятида 19 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Наманган вилоятида 4 та, Самарқанд вилоятида 26 та, Сурхондарё вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 5 та, Тошкент шаҳрида 7 та, Фарғона вилоятида 22 та ҳамда Хоразм вилоятида 4 тани ташкил қилади”, – дейилади расмий хабарда.

Маълум қилинишича, қоидабузарлик аниқланган тадбиркорлик субъектларига камчиликларни бартараф этгунга қадар биржа савдолари орқали АИ-80 русумли автобензин харид қилишга чекловлар ўрнатилган.

Шунингдек, йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилаётгани айтилган.

Вазирлик хусусий АЁҚШ фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан нархларни сунъий равишда оширмаслик, автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишни сўраган

“Бу – истеъмолчини жазолаш”

Иқтисодчи Отабек Бакиров метан билан боғлиқ қатъий чекловлар амал қилаётган бир шароитда бензин савдоси билан шуғулланадиган АЁҚШларнинг ёпилиши хато эканини таъкидлади.

“Чунки ўзи бусиз ҳам жуда кўп ҳудудларимизда бензин сотувчи АЁҚШлар жуда кам. Айрим туманларда битта ё иккита АЁҚШ фаолият кўрсатади. Эътибор қилинг, Самарқанд вилоятида нақ 26та, Фарғона вилоятида эса 22та АЁҚШга бензин етказиш тўхтатилган. Вилоятлар қирқимида аниқ статистика йўқ, лекин кузатишларимга кўра, камида мазкур вилоятлардаги АЁҚШларнинг учдан бирини ташкил этиши мумкин. Балки айрим туманларда ишлайдиган бирорта АЁҚШ ҳам қолмаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, – дейди у.

У жазо шакли бошқачароқ, балки молиявий бўлиши керак ва бу жазо АЁҚШ фаолиятини тўхтаб қолиши оқибатларини яратмаслиги зарурлигини қўшимча қилган.

“АЁҚШлар фаолияти бир кунда тикланган” — вазирлик

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, кафолат хати ёзиб берган тадбиркорларга қарашли АЁҚШлар фаолияти тезда тикланган.

“Уларнинг фаолияти узоғи билан бир кунда тиклаб берилган. АЁҚШлар “Бундай камчиликларга йўл қўймайман, истеъмолчиларни алдамайман, қиммат сотмайман” деган кафолат хати беради. Бизнинг инспекция бу иш билан шуғулланди. Кафолат хати олингач, узоғи билан 1 кунда фаолияти тикланади. Узоқ муддатга уларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиб бўлмайди, бу – хато бўлади”, – деди вазирлик матбуот котиби Обид Дилмуродов.

У вазирлик қоидабузарликларга йўл қўйган АЁҚШларга молиявий жазолар берилишига оид алоҳида маълумот беришини қўшимча қилди.

Ўхшаш янгиликлар