
Болалар меҳнатининг тугатилиши, валюта бозоридаги эркинлашув, ОАВ мустақиллиги, оқловлар... Бу ислоҳотлар Гулистон шаҳрида ўтказилган “Конституция ўзимизники” тарғибот тадбирининг асосий мавзулари бўлди.

Байрам концерт дастури форматида ўтказилган тадбирдан шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумдаги фаолликка чақириқлар, таниқли санъат намоёндалирининг чиқишлари, сиёсат ва санъат вакилларининг таъсирли ҳаётий ҳикоялари ҳам ўрин олди.
Дастур давомида Шавкат Мирзиеёвнинг президентлик лавозимига келганидан сўнг амалга ошган айрим ислоҳотлар болалар ва таниқли актёрлар ижросидаги саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди.
Хусусан:
- болалар меҳнатига барҳам берилиши;
- “оқ олтин”нинг таълимдан устун қўйилиши ортидан йилларки далаларда пахта терган ўқитувчиларнинг бу мажбуриятдан озод этилиши;
- пластик карточка маблағларини нақдлаштиришдаги сарсонгарчиликнинг тугатилиши;
- оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлашиши ҳақидаги намойишлар тадбирнинг кульминацион чиқишлари бўлди.
Шунингдек, таниқли актёр Матёқуб Матчонов ҳам тадбирдаги чиқишида қамоқда ўтказган кунларини эслаб, у ерда кўрганларини душманига ҳам раво кўрмаслигини айтиб ўтди.
Олдинроқ шундай тадбирлар Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам ўтказилганди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.