• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +6°C
Detail image

Шанба оқшомида Англия чемпионатида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Reuters

«Борнмут» – «Арсенал» 0:4
Голлар:
0:1 – 17 Сака, 0:2 – 44, пеналти Эдегор, 0:3 – 53, пеналти Ҳавертц, 0:4 – Бен Уайт 90+3
Борнмут – Нето, Ааронс, Сенеси, Забарний, Керкез (Семенио, 83), Кристи (Смит, 83), Кук, Биллинг (Ротуэлл, 75), Тавернье (Синистерра, 59), Клюйверт (Уаттара, 59), Соланке.
Арсенал – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 69), Эдегор, Райс (Жоржинио, 81), Ҳавертц (Смит-Роу, 81), Сака (Фабиу Виейра, 76), Габриэл Жезус, Нкетиа (Нелсон, 69).
Огоҳлантириш: Ҳавертц (33).

Шанба оқшомида Англия топ-клублари орасида энг осони «Арсенал»га бўлди. Жорий мавсумда ҳали мағлуб бўлмаган «канонирлар» ўзини зўриқтиришига ҳожат бўлмади, «Борнмут»нинг йирик ҳисобдаги мағлубиятини Сака бошлаб берди. Габриэл Жезуснинг бош билан берган зарбаси дарвоза тўсинидан қайтганида тўпга биринчи бўлиб келган ушбу футболчи қаторасига олтинчи ўйинни гол ёки голли пассиз тарк этмайдиган бўлди. Англиялик вингер бу ўйинларда  тўрт гол урган ва уч голга узатма берган. Меҳмонлар шу куни икки бор пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди, аввалига Эдегор нуқтага яқинлашиб ҳисобдаги фарқни оширган бўлса, кейин жамоа Ҳаверцни қўллаб-қувватлаб, унга жамоадаги дебют голини нишонлаш имкониятини тақдим этишди. Якунда Микел Артета жамоаси АПЛ 650 ғалабага эришган иккинчи жамоага айланди ва турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтарилди.

«Манчестер Юнайтед» – «Кристал Пэлас» 0:1
Гол:
0:1 – 25 Андерсен.
Манчестер Юнайтед – Онана, Диогу Далот, Варан (Магуайр, 87), Линделёф (ван де Бек, 88), Амрабат, Каземиро, Бруну Фернандеш, Маунт (Марсиял, 77), Пелистри (Гарначо, 61), Рэшфорд (Эриксен, 77), Ҳойлунд.
Кристал Пэлас – Жонстон, Уорд, Андерсен, Геҳи, Митчелл, Шлупп (Ридевалд, 78), Ҳюз, Эзе (Ричардс, 88), Дукуре, Айю, Матета.
Огоҳлантиришлар: Каземиро (10), Ҳюз (32), Уорд (45), Маунт (77), Амрабат (79).

Тўрт кун муқаддам Англия лигаси кубогида «Кристал Пэлас»ни йирик ҳисобда мағлуб этган (3:0) «МЮ» ўз уйида жиддий қаршиликка учради ва оғриқли мағлубият қабул қилиб олди. Эрик тен Ҳагда даҳшатли даражадаги кадрлар муаммоси юзага келган. Ўйин арафасида шу ҳафта сафга қайтиши кутилган Лисандро Мартинес бир неча ойни ўтказиб юбориши аён бўлди. Аргентиналик футболчининг баҳорда оёқ кафтидан олган жароҳати қайталанган.

Иш шунгача етиб бордики, чап қанот ҳимоячиси ўрнида таянч футболчиси Амрабат ўйнади, ўйин охирида эса — мағлубиятдан қутулиш талаб этилган вақтда — Магуайрни туширишга тўғри келди. Аммо мезбонлар рақиб дарвозасига қилган тўхтовсиз ҳужумлар натижа келтирмади. Бунда бир неча ажойиб сейвлар ижро этган Жонстонни асосий айбдор сифатида келтириш мумкин. АПЛнинг энг кекса ёшли мураббийи бўлиб турган Рой Ҳожсон эса сўнгги беш йилда «Олд Траффорд»да «Кристал Пэлас» ва «Утофорд» клублари бошқарувидаги ўйинларда бирор марта мағлуб бўлмаган (+3=2). «Манчестер Юнайтед» эса 34 йил ичидаги энг ёмон стартини қайд этмоқда - дастлабки 7 турда уч ғалаба, тўрт мағлубият ва 10-ўрин.

«Вулверҳэмптон» – «Манчестер Сити» 2:1
Голлар:
1:0 – 13, автогол Рубен Диаш, 1:1 – 58 Алварес, 2:1 – 66 Ҳванг Ҳи Чҳанг.
Вулверҳэмптон – Жозе Са, Семеду, Доусон, Килмен, Гомеш, Аит-Нури (Доэрти, 74), Лемина, Гомес (Траоре, 67), Нету, Ҳванг Ҳи Чҳанг (Кастро, 86), Матеус Куня (Фабиу Силва, 86).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Аканжи, Аке (Грилиш, 80), Ковачич (Филлипс, 65), Фоден, Матеуш Нунеш (Бобб, 46), Доку, Ҳоланд, Алварес.
Огоҳлантиришлар: Уокер (17), Ҳванг Ҳи Чҳанг (24), Лемина (39), Нету (57), Ковачич (59), Алварес (63), Доку (82), Жозе Са (82), Фабиу Силва (90).

Мавсумни қаторасига олти ғалаба билан бошлаган «Манчестер Сити» учун бу ҳафта ўта омадсиз келди. Жамоа Англия лигаси кубогидан эрта чиқиб кетганини (3-босқичда «Нюкасл»дан мағлуб бўлинди) ушбу турнирнинг аҳамияти камлиги билан изоҳлаш мумкин бўлса, Вулверҳэмптондаги фиаско жамоа мухлислари учун оғир қабул қилиниши аниқ. Бу таркибдаги муаммолар (Де Брюйне, Бернарду Силва ва Стоунсда жароҳат, Родрида дисквалификация) ҳамда Чемпионлар лигаси ўйини олдидан қилинган ротация ҳисобга олинган тақдирда ҳам августдан буён ғалаба қозона олмаган «бўрилар» жамоасига қарши учрашувдаги бу натижа сенсация сифатида кўрилмоқда. Хосеп Гвардиола бу осон ўйин бўлмаслигини тушуниб турганди ва якунда «шаҳарликлар»га катта муаммо туғдирган рақиб ҳужумидаги триони эътироф этганди.

Аммо ўйин арафасида мураббий Ҳванг Ҳи Чҳангнинг фамилиясини эслай олмаган ва ушбу ҳужумчини шунчаки «кореялик» деб атаганди. Ва айнан шу футболчи ҳеч ким кутмаганда ғалаба голи муаллифи бўлди. Ҳолбуки иккинчи бўлим бошида Алварес жарима зарбасидан йўллаган ажойиб зарбаси билан ҳисобни тенглаштирганида кўпчилик энди чемпионлар мезбонларни узил-кесил таслим этишига шубҳа қилмаётганди. Аммо мезбонлар туриб беришди, Жозе Са эса бошқа гол ўтказмади, кореялик эса Матеус Куня ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига йўналтириб юборди. Мавсумдаги кетма-кет иккинчи, АПЛдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган «Сити» биринчи ўринни сақлаб қолди, аммо кейинги турда бир очколик фарқ билан таъқиб қилиб келаётган «Арсенал»га қарши ўйин бўлиб ўтади ва бу ўйинда ҳам юқорида номлари саналган етакчиларсиз ўйнашга тўғри келади.

«Тоттенҳэм» – «Ливерпул» 2:1
Голлар:
1:0 – 36 Сон Ҳён Мин, 1:1 – 45 Гакпо, 2:1 – 90+6 Матип автогол.
Тоттенҳэм – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удоджи (Дэвис, 83), Мэддисон (Велис, 90), Биссума (Ҳейберг, 90), Кулусевски, Сарр (Скипп, 83), Сон Ҳён Мин (Соломон, 69), Ришарлисон.
Ливерпул – Алиссон, Гомес (Конате, 73), Матип, ван Дейк, Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер (Гравенберх, 80), Жонс, Салоҳ (Александер-Арнолд, 74), Диас (Эндо, 73), Гакпо (Диогу Жота, 46).
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (40), Удоджи (45), Салоҳ (65), Диогу Жота (68), Робертсон (87), Биссума (88), Ромеро (89), ван Дейк (90).
Четлатиш: Жонс (26), Диогу Жота (69).

АПЛ 7-туридаги марказий учрашув «Тоттенҳэм» ва «Ливерпул» ўртасида кечди. Бу жамоалар узоқ вақтдан буён илк бор ўзаро учрашувга турнир жадвалидаги қўшнилар сифатида етиб келишганди, бу учрашувдаги ғалаба меҳмонларга «Сити»дан ўзиб кетиб, турнир жадвалида пешқадамга айланиш имконини берарди.

Мавсум арафасидаги кутилмаларга зид равишда, «шпорлар» ҳам, қизиллар ҳам бу турга мағлубиятсиз етиб келишди. Британия медиаси бу ўйинни икки ёрқин футбол идеологияси ва қайта қуриш босқичида турган икки жамоа тўқнашуви сифатида анонс қилди. Нуфузли The Athletic нашрининг тур превюси шундай сарлавҳада берилди: «Ливерпул» 2.0 «Ангебол»га қарши.

Клоппнинг ўзи ёзги қайта қуришдан кейин ўз жамоасини шундай атаганди — қизиллар ушбу германиялик мураббий давридаги энг кенг кўламли реновацияни ўтказишди. 2022 йил ёзида клубни тарк этган Садио Мане қаторига Роберто Фирминио, Жеймс Милнер, Жордан Ҳендерсон, Наби Кейта, Алекс Окслейд-Чемберлен ва Фабинио қўшилди.

Мерсисайдликлар майдон марказига тўрт нафар янги футболчи олиб келишди ва мавсум старти шуни кўрсатдики, ушбу футболчилар дарҳол янги жамоага мослашиб кетган. Масалан, Фабинио ва Чемберлен қизиллар сафига келиб қўшилганида мослашиш учун ярим йил вақт талаб этилганди, Доминик Собослаи ва Алексис Макаллистер эса биринчи ўйинданоқ асосий таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллади ва жамоанинг муҳим қисмига айланишди.

«Шпорлар» фанатлари янги мавсумда янги бош мураббий Анге Постекўғли келиши билан ўйин услуби кескин ўзгаргани туфайли «Тоттенҳэм»ни «Ангебол» деб аташмоқда. Шимолий Лондон клуби футболчилари ҳам Антонио Конте даврида жамоа кўп ҳолларда куч тежаб ўйнагани ва биринчи бўлимда гол уришга интилмаганини тан олишмоқда — асли келиб чиқиши юнон бўлган австралиялик мутахассис бошқарувида эса бундай ҳолатни тасаввур қилиб бўлмайди.

«Шпорлар» ёзда «Лестер»дан Жеймс Мэддисонни таклиф этишди, Сон Ҳён Мин эса Ҳарри Кейн «Бавария»га кетганидан кейин сардорлик боғичини олиб, марказга яқин ўйнай бошлади, Конте даврида ўйнатилмаган Ив Биссума каби футболчилар асосий таркибга киритилди ва «Тоттенҳэм» илк турданоқ ёрқин ҳужумкор футбол намойиш этишга киришди. Жамоа Маурисио Почеттино даврини эслата бошлади.

Бу ўйинда барибир меҳмонлар фаворит сифатида кўрилаётганди: «Ливерпул» сўнгги 13 ўйинда «Тоттенҳэм»га ютқазмаган, 2017 йилдан буён рақибга уч очко бермаган. Клоппнинг АПЛ доирасидаги сўнгги мағлубияти апрел ойига тўғри келади, мерсисайдликларнинг мағлубиятсиз серияси 17 ўйиндан иборат эди.

Дастлабки дақиқалар тенг кечди: рақиблар деярли майдон марказисиз ўйнашди ва мунтазам равишда майдоннинг учинчи қисмига етиб боришди. Илк яққол голли вазият 13-дақиқада «Ливерпул» томонидан яратилди. Доминик Собослаи тўпни чап қанотда очилаётган Луис Диасга етказди, колумбиялик футболчи эса жарима майдони марказидаги Коди Гакпони топди. Нидерландиялик страйкер жойида ўгирилди ва зарба берди — Гулелмо Викарио қайтарган тўп Энди Робертсоннинг оёқларига бориб тушди ва шотландиялик ҳимоячининг зарбасидан кейин дарвозабон иккиталик сейв ижро этишига тўғри келди.

Биринчи бўлим ўрталарида ўйин тақдирини ҳал қилган эпизод рўй берди — Кертис Жонс тўп учун курашда Ив Биссуманинг оёқларига зарба берди. Англиялик футболчи тўпга ҳам текканди, аммо эпизод жуда хавфли кўринишда эди — мониторда видеотакрорни кўриб чиққан рефери Саймон Ҳупер дастлаб кўрсатилган сариқ карточкани бекор қилди ва меҳмонлар ҳавбекини тўғридан тўғри қизил карточка орқали майдондан четлатди.

Бу «Ливерпул»да АПЛнинг олти ўйинидаги учинчи қизил эди — мерсисайдлик футболчиларда турнирда бундан олдинги учта қизил учун 168 ўйин ўтганди.

Бир киши кўп бўлиб қолган мезбонлар ташаббусни тўлиқ қўлга олишди ва «қизиллар» дарвозасини қамал қилишга киришди, аммо энг яхши вазият 35-дақиқада «Ливерпул» томонидан яратилди. Салоҳ кесик пас билан Луис Диасни олдинга ташлади ва колумбиялик футболчи дарвозани ишғол этди, аммо у офсайдда қолган деб ҳисобланиб, гол бекор қилинди. Айтиш жоизки, «Ливерпул»нинг голи шунчаки ўғирланди — ҳали ўйин давом этаётган вақтда офсайд хатолик билан қайд этилгани расман маълум қилинди.

Ҳакамлар қўмитаси бу хато инсон омили туфайли рўй берганини тан олди: «Бу ўйиннинг якуний ҳисобига таъсир кўрсатган яққол хато эди. Қўмита текширув ўтказмоқда ва нима учун VAR тизими аралашмаганига аниқлик киритади».

Кейинроқ тафсилотлар пайдо бўлди, бу эса вазиятни янада ёмонлаштирди. ESPN журналисти Дэйл Жонсоннинг маълумотига кўра, видеоассисент Даррен Инглэнд майдондаги ҳакам голни ҳисоблади деб ўйлаган ва бу эпизодни тезда кўриб чиққан. У голни бекор қилиш учун сабаб кўрмаган, ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмаган – ва линияни чизиб кўрсатишга ҳожат йўқ деб ҳисоблаган, шунчаки гол ҳаққонийлигини тасдиқламоқчи бўлган - графиксиз ҳам офсайд бўлмаганини кўриб турган. Шунинг учун бош ҳакамга: «Текширув якунланди, сен ҳақсан деган». Бош ҳакам эса аслида биринчи қароридаёқ голни офсайддан урилган деб топганди, видеоҳакамнинг иши эса бу вазиятда қарорни ўзгартириш бўлиши керак эди.
 
Янада аламлиси, «шпорлар» дарҳол ўз голини уришди ва бу гол ҳисобланди.

Жеймс Мэддисон майдон марказидан тўпни чапдаги Ришарлисонга оширди, бразилиялик эса жарима майдони ичида Сон Ҳён Минни топди. «Тоттенҳэм» сардори тўпга бир тегинишда Алиссоннинг ёнидан ўтказди. Мезбонлар сон жиҳатдан устунликда тезда фойдаланишди, аммо эрта хотиржамликка берилишди: қизиллар бу мавсумда бир неча бор, ҳатто камчилик бўлиб қолганида ҳам биринчи бўлиб гол ўтказилган ўйинларда ғалабага эришганди.

Бўлим охирида майдонда тушунарсиз ҳолат эди: «Ливерпул» камчилик бўлиб ўйинни қандай қуриш лозимлиги ҳақида аниқ тушунчага эга эмасди, «Тоттенҳэм» эса майдондаги очиқ ҳудудлардан фойдаланди, аммо ҳужумларни якунлашда диққат билан ҳаракат қилишмасди. Ришарлисоннинг зарбаси устунга тегди, «шпорлар» яна қатор вазиятлар яратди, аммо бу жуда хавфли вазиятлар эмасди.

Рефери четлатиш ва голлар билан боғлиқ тўхталишлар учун биринчи бўлимга олти дақиқа қўшиб берди ва бундан меҳмонлар фойдаланишди. Ван Дейк стандарт вазиятдан кейин ҳужумда қолди ва тўп қанотдан узатилганда тўпни  нидерландиялик жамоадошига ташлаб берди. Коди Гакпо кескин ўгирилди ва тўпни мезбон жамоа футболчилари оёқлари орасидан ўтказиб дарвоза тўрига йўллади.

Ҳужумчи голни нишонламади, бунинг ўрнига тиззасини ушлаб газонга қулади. Тиббиёт ходимлари майдонга чиқишгани учун футболчилар яна қўшимча бир неча дақиқа ўйнашди, бу дақиқалар вақтида «Ливерпул» ҳисобда олдинга чиқиб олишга жуда яқин келди: Салоҳ чап қанотда тўпни қабул қилиб олди ва майдон марказида очилган Диасга кесиб ўтувчи пас берди, аммо колумбиялик футболчи тўпга ўз вақтида ета олмади ва унинг зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди.

Ўзини ноқулай ҳис қилаётганига қарамай, Гакпо майдонга қайтди, аммо иккинчи бўлимда унинг ўрнига майдонда Диогу Жота пайдо бўлди. Иккинчи бўлим стартидаги ўйин биринчи бўлим охиридан кўп фарқ қилмасди: мезбонлар ҳали ҳам катта куч билан олдинга ташланар ва кўп ҳолларда рақиб жарима майдонига киришарди, аммо уларнинг вазиятлари кескинроқ тус олганди. Алиссон Мэддисон ва Сон Ҳён Миннинг зарбаларидан кейин икки бор қаҳрамонлик кўрсатди. Меҳмонлар эса катта қийинчилик билан қарши ҳужумлар уюштиришарди.

59-дақиқада Постекўғли жамоаси биринчи бўлимдаги голли комбинацияни айнан такрорлади ва Сон яна дарвозани ишғол этди, аммо бу сафар Ришарлисон Мэддисоннинг узатмасини қабул қилаётганда офсайдда қолиб кетди. Умуман олганда, рақиблар вазиятдан келиб чиққан ҳолда максимум куч билан ҳаракат қилишди: мезбонлар ҳужум тўлқинлари билан меҳмонларнинг жарима майдонига ёпирилар, мерсисайдликлар эса сабр билан бу ҳужумларни қайтариб, имкон туғилганда Салоҳ ва Диас жуфтлиги тезкорлиги эвазига олдинги чизиқда вазият яратишга уринарди.

69-дақиқада «Ливерпул» ўйинда ижобий натижага эришиш учун охирги умидидан мосуво бўлди. Майдонда ярим соат ҳам ўтказмаган Жота икки дақиқа ичида кераксиз вазиятларда иккита сариқ карточка ишлади — икки ҳолатда ҳам португалиялик ҳужумчи тўп учун курашга киришишда кечикди ва чопиб бораётган рақибларни йиқитди. Клопп эса биринчи бўлимда қизил олиб кетган Жонсни қучоқ очиб кутиб олган бўлса, Жота майдонни ёлғиз тарк этди — бу вақтда қизиллар жамоаси мураббийлар штаби энди ўйинни қандай қутқариб қолиш устида бош қотира бошлаганди.

Юрген Салоҳ, Диас ва Гомесни ўйиндан олиб, жамоани амалда ҳужум чизиғисиз қолдирди. Мисрлик футболчи 26 апрелдан буён илк бор майдонни баллсиз (гол ёки пас) тарк этиб, 12 ўйинлик сериясини тўхтатди. Майдонга Ибраима Конате, Эндо ва Трент Александер-Арнолд тушди — 4-4-0 схемасига ўтган «Ливерпул»ни жуда оғир 20 дақиқалик кутиб турарди.

«Тоттенҳэм» ҳамон тўп билан эҳтиёткор ҳаракат қилар ва ҳужумда ҳеч нарсага эриша олмасди. Қолаверса, бош мураббий меҳмонларнинг иккинчи қизилидан олдинроқ Сонни ўйиндан олганди. Мезбонлар вақти-вақти узатмалар орқали саккиз футболчидан иборат «автобус»дан ўтишга уринар, аммо кўпинча узоқ масофадан зарба беришга уриниб, кераксиз вазиятларда тўп йўқотарди. Деян Кулусевски барчадан фаолроқ бўлди ва тез-тез қанотдан марказга ёриб ўтишга уринди, аммо айтарли муваффақиятга эриша олмади.

Ҳал қилувчи палла эса қўшиб берилган олтинчи дақиқага тўғри келди. «Ливерпул» жарима майдони яқинида оддий узатмалардан кейин тўп ўнг қанотда олдинга ташланган Педро Поррога етиб борди. Испаниялик ҳимоячи марказга узатма берди ва Жоэл Матип тўпни чиқариб юборишга уринганида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. У АПЛ тарихидаги энг кеч урилган автогол муаллифига айланди.

Клопп ва Постекўғли финал ҳуштаги янграганидан кейин илиқ хайрлашишди, икки жамоа футболчилари ҳам «Ливерпул»нинг камерунлик ҳимоячисини юпатишга уринишди. Меҳмонлар икки киши кам бўлиб қолиб ҳам қаҳрамонларча мудофааланди ва натижага бир неча ўн сония етмади. Юргенда ҳакамликка саволлар бисёр, «шпорлар» эса кўпроқ гол ургани туфайли «Арсенал»дан олдинроқда жойлашиб, «Манчестер Сити»дан кейинги иккинчи ўринга жойлашган.

Кун статистикаси

  • «Лутон» АПЛдаги 1-ғалабасига эришди.
  • «Брайтон» АПЛда илк бор 6 гол ўтказиб юборди. «Чайкалар»да бундай ҳолат ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида рўй бермаганди — жамоа унда ҳали чемпионшипда ўйнарди. «Астон Вилла» эса феноменал эффективлик намойиш этмоқда, кутилган голлар коэффициенти бўйича 1,5 голга ўйнамоқда.
  • «Астон Вилла» ҳужумчиси Уоткинс бу мавсумда бошқа турнирлар ҳам ҳисобланганда 2 бор ҳет-трик қайд этди. Бирмингҳемликлар жамоаси футболчилари билан бундай ҳолат 1976 йилдан буён кузатилмаганди.
  • «Ливерпул» футболчилари сўнгги олти ўйинда 4 қизил карточка олишди. Бу ундан олдинги 168 учрашувдагидан кўпроқ.
  • «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Ҳён Мин «катта олтилик» жамоаларига урган голлари сонини 22 тага етказди.
  • «Ман Сити» икки йилдан кейин илк бор кетма-кет икки ўйинда ютқазди. Бунақаси охирги бор 2021 йил августида рўй берганди – Суперкубок ўйинида «Лестер»га 0:1 ва АПЛда «Тоттенҳэм»га 0:1 ҳисобларида ютқазилган.

Турнир жадвали 

Ўхшаш янгиликлар