• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22.2°C
Detail image

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэл Гросси ўз ходимларини Украинадаги атом электр станцияларига юборишини маълум қилди. 

Гросси НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтаётган Бухарестда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашди. 

У Украинадаги барча атом электр станцияларида МАГАТЭ ходимлари сони кўпайтирилишини эълон қилди. Ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, Украина томони билан Запорижжя АЭС ҳимоя зонасини яратиш бўйича қўшма ишлар шошилинч равишда олиб борилмоқда. 

«Мен энергетика инфратузилмаси ҳимоясини таъминлаш учун МАГАТЭ Украинадаги барча атом электр станцияларида ўз ходимлари сонини кўпайтиришини тасдиқладим», деб ёзди Рафаэл Гросси ижтимоий тармоқда. 

Ўз навбатида Дмитрий Кулеба Запорижжя АЭС ядро хавфсизлигини таъминлаш учун Россия уни тарк этиши кераклигини таъкидлади. 

25 ноябр куни Рафаэл Гросси Украинадаги барча атом электр станциялари тўлиқ ўчирилгандан сўнг ташқи электр таъминотига қайта уланганини маълум қилди. Станциялар ишидаги узилишлар Россиянинг Украина ҳудудини ўққа тутиши оқибатида юз берган. 

Запорижжя АЭС март ойидан бери Россия қўшинлари назорати остида. Унинг ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Бунда ҳар иккала томон бир-бирини айблаб келмоқда. Ёзда МАГАТЭ Запорижжя АЭС атрофида ҳимоя зонасини яратиш ташаббуси билан чиққан эди. Ҳозирча бу ташаббус муҳокама жараёнида. 

Ўхшаш янгиликлар