• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.9°C
Detail image

Иқтисодий тараққиёт ва камбағилликни қисқартириш вазири гўшт маҳсулотлари ва ўсимлик ёғи импортига берилган ҚҚС имтиёзи узайтирилишига муносабат билдирди. Шунингдек, у қорамол гўштига субсидиялар миқдори ва муддати узайтирилишини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 26 январь кунги ялпи мажлисида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров депутатларнинг айрим озиқ-овқат маҳсулотларига берилган имтиёзлар узайтирилиши ёки ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари ҳақидаги саволига жавоб берди.

Вазир аввало 2019-2022-йилларга мўлжалланган озиқ-овқат хавфсизлиги дастурини бажариш ҳозирда имконсизлигини таъкидлади.

«Ҳали бу дастурни яқин ўртада бажариш имконияти йўқ. Чунки аҳоли сони ва уларнинг (озиқ-овқатга) эҳтиёжи ошяпти. Озиқ-овқатга ва ҳар хил ичимликларга эҳтиёж ҳам миқдор ҳам сифат жиҳатдан ўзгаряпти. Инфляцияга ҳам озиқ-овқат қаттиқ таъсир ўтказяпти, нархлар 2 хоналига ўтишда давом этяпти. Ўтган йили озиқ-овқат нархлари индекси 27 фоизга ўтди», деди у.

2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун субсидия миқдори 2 500 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда президент қарори имзоланди. Қўчқоров субсидиялар қорамол гўшти учун ҳам узайтирилишини билдирди.

«Энди ўтган куни қорамол соҳасида ҳам субсидияларни 2022 йил апрелигача давом эттириш ва қисман кўпайтириш лойиҳасини келишдик. Балки бугун эмас, шу яқин кунларда бунга ҳам имзо чекилади.

Озиқ-овқат таъминоти бўйича кўп ишлар қиляпмиз, кўп хатолар ҳам қиляпмиз. Энди ўрганяпмиз. Лекин шу хатоларни ҳам вақтида тўғрилаш бўйича чоралар кўряпмиз», дея вазирнинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Ялпи мажлисда ўтган йил май ойидан бошлаб ўсимлик ёғига 600 млрд сўмга яқин имтиёз берилгани айтилди. Бу даврда 254 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган ҳамда ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, 23,5 минг тонна гўшт импортига 75 минг млрд сўмлик имтиёзлар берилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабригача тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ва музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган эди.

2021 йил охирида бу имтиёзлар муддати яна 4 ойга узайтирилиши борасида сигнал янграгач, 2022 йилнинг 11 январида имтиёзлар муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Яқинда Kun.uz берилган имтиёзлар зарарга ишлаётгани борасида мақола эълон қилганди.

Ўхшаш янгиликлар