• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +24.7°C
Detail image

Партия лидери Kun.uz мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон сайлов тизими, янги партиялар очиш жараёнлари, ижро ҳокимиятининг кенгайиб кетган ваколатлари ва ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш борасида фикрларини билдирди.

16 май куни ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди. Таклиф “Миллий тикланиш” партияси томонидан қўллаб-қувватланди.

20 май куни эса Олий Мажлис палаталари кенгашлари қўшма мажлисида Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия таркиби тасдиқланиб, унга Акмал Саидов раис этиб тайинланди.

Kun.uz мухбири ЎзЛиДеП раиси Актам Ҳаитов билан Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар нега кераклиги ва ўзгараётган ҳужжатда нималар акс этиши борасида интервью уюштирди. 

— Айтинг-чи, бугун Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга қандай зарурат бор?

 16 май куни Ўзбекистон либерал демократик партияси мана шу ташаббусни илгари сурди ва буни “Миллий тикланиш” қўллаб-қувватлади.

17 май куни биз қўшма фракциялар мажлисини ўтказиб, депутатларимиздан шу борадаги фикримизни қўллаб-қувватлашларини сўрадик, кейин эса бу таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларидан сўрадик. Мана шу йўсинда биз конституциявий ислоҳотлар ташаббусини илгари сурдик.

Бугунги тадбирда Парламентнинг иккала палата кенгашлари ташаббусимизни қўллаб-қувватлашди ва қарор қабул қилинди.

Бугун конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича комиссия тузилди. Унинг таркибига сиёсатчилар, депутатлар, сенаторлар, ҳуқуқшунослар ва яна бошқа соҳалардаги тажрибали мутахассисларни киритиш таклиф қилинди ва бу кенгашлар қарори билан тасдиқланди. Шу билан бирга, бугун комиссиянинг низоми ҳам тасдиқлаб берилди. Комиссия қандай фаолият олиб боради, унга берилган ваколатлар, унинг вазифалари ва муҳокама қилиш тартиби ҳам мана шу низомда ўз аксини топди.

Энди бир-икки оғиз зарурат ҳақида. Президентимиз муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ўтган 5 йилликда амалга оширилган ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтилганди.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан жойларда ўтказилган сайловолди учрашувларида кўплаб масалалар муҳокама қилинган. Масалан, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, ундаги боб ҳамда моддаларига ўзгартиришлар киритиш ҳам.

Мен ўзим иштирок этган 8 вилоятдаги учрашувда ҳам жумладан шундай таклифлар тушди.

Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида бўлган учрашувларда экология масалалари, Орол фожиаси билан боғлиқ муаммолар кўтарилди. Ундан кейинги учрашувда тадбиркорлар мулк ҳуқуқлари кафолатларини кенгайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича таклифларни беришди.

Кўтарилган масалаларнинг қисқача ахборотини деймизми, хуллас, шуни ҳурматли Президентимиз лавозимларига кириш маросимида, Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган байрамда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 

—  Конституция ислоҳоти ташаббуси билан чиқар экан, партиянинг ўзи қандай ўзгаришларни ўйлаганди? Унинг таклифларида масалан, Ўзбекистон сайлов тизимида ҳам қандайдир ўзгаришлар қилиш режалаштирилганми? 

—  Ҳозир биз кўрилаётган масалаларни санаб ўтяпмиз, қайсилигини алоҳида айтяпмиз. Мана биринчиси инсон қадри учун, балки давлат бошқаруви билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам бу жараёнда таклиф сифатида киритилар. Нимага? Бизнинг партиямиз ҳам давлат бошқаруви масалалари билан боғлиқ ишлар устида ишлаяпти. Чунки ҳозир дунёдаги сайлов тизимларини чуқур ўрганяпмиз, мана шу сайлов тизимидан келиб чиқиб, биз учун қайси сайлов тизими маъқул? Мана шу масалаларда ҳам ҳозир биз мутахассислар билан бирга ишлаяпмиз. Менинг назаримда, бу бўйича, албатта, жўяли таклиф бўлади. 

— Конституцияга киритилаётган ўзгаришларда сиёсий партиялар очиш талаби юмшайдими ёки ҳозиргидек мураккаблигича қоладими? Масалан, ҳозир янги партия очиш учун фаоллар 20 мингта овоз йиғиши керак ва бу овозлар камида 8 та ҳудуддан тўпланиши керак. Бу ахир жуда мураккаб ва чалкаш. 

— Мен у талаблар жуда мураккаб, деган фикрга қўшилмаган бўлардим. Масалан, сиёсий партия бу – давлат бошқарувини ҳал қиладиган сиёсий куч. Ўттиз беш миллион нафар халқимиз учун йигирма бир миллиондан ортиқ сайловчилар бор ҳозир. Сиз айтган рақамни йиғмасдан туриб, халқнинг ишончини қозонмасдан халқнинг номидан давлат бошқарувига келиш қийин бўлади. 

— Сиёсий партиялар тузиш жараёнлари осонлашиши мамлакат ва унинг келажаги учун ҳам яхши эмасми? 

—  Қийин ёки осон дейилган масаланинг таҳлилига бир кириб кўрайлик-да. Бу ерда халқнинг иродасини ифода этадиган, эртага давлатимиз, халқимизнинг тақдирига жиддий бир йўналиш бера оладиган йўналишлар ҳақида гап кетяпти-да.

Бу жараёнга кириш, сиёсий майдонда рақобат қилишнинг ўзи осон бўлмайди. Кичкинагина мураккабликларни ҳал этишга қодир бўлмаган партия катта-катта партиялар билан кураш олиб боришга қодир бўлади.

Энди биласизми, бу масалани ҳозирги вазиятда бир солиштирадиган бўлсак ҳам, бир катта, мураккаб, қийин талаблар қўйилгани йўқ, бу менинг қатъий фикрим. Лекин мана шу жараёнда эртага сиёсатда маҳкам туриб, овоз олиб, сиёсатда қатнашиш учун ҳамма партиянинг олдида жиддий синовлар турибди.

 Битта туман, вилоят кенгашларига ёки Қонунчилик палатасида депутатлик ўрнини олиш учун у камида 150 минг, 160 минг сайловчининг овозини олиш керак. Энди сизга оддий савол-да, 20 минг овозни йиғишга қийналаётган партия қандай қилиб эртага депутатлик ўрнини олади. Агар у Қонунчилик палатасида депутатлик ўрнини ололмаса, фракция тузолмайди. Бунинг минимал талаблари бор. Агар Қонунчилик палатасида депутати бўлмаса, эртага тақдиримизни ҳал қиладиган муҳим қонунлар муҳокамасида иштирок этолмайди.

Биз шакллантираётган ҳар бир партия ўзининг иммунитетига, электоратига, кучли, сиёсий қарашларга эга бўлиши керак. Биз партияларимизни бошиданоқ сиёсий жараёнларга чиниқтириб, курашга тайёр қилиб иштирокини таъминлаб беролсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Мен бояги мураккаб, жуда ҳам қийин деган сўзларга қўшилмайман. Бу менинг шахсий фикрим. Буни қандай қабул қиласиз, билмайман. Лекин бу жараённинг қайсидир нормаларини кўриб чиқиш керакдир.

Марҳамат, ҳозир халқимиз конституциявий ислоҳотлар жараёнида бемалол иштирок этиши мумкин. Ҳар бир фуқаро, шу жумладан, сиз ҳам, мен ҳам шахсий фикрларимизни айтиш имкониятига эгамиз. Шунинг учун ҳам бу комиссиянинг таркибига ҳамма киритилди. Ҳозир 3 хил шаклда таклифлар бериш мумкин. Ёзма, оғзаки ҳамда электрон равишда. Буни ишчи гуруҳ кўриб чиқади.

— Сизнингча, Ўзбекистон ижро ҳокимиятининг жуда кенгайиб, “семириб кетган” ваколатларини қисқартириш ва буни Конституцияда акс эттириш вақти келмадими? 

— Биласизми, менинг айрим жумлалар бўйича шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, “семириб кетган” деган сўзга қўшилмаган бўлардим. Негаки, ҳозир ижро ҳокимиятидаги ҳар бир бўғин ўзининг ишини бажармоқда.

Ҳа, бир-бирини такрорловчи, бугунги кунда вазифасини бажариб бўлган идоралар бизда бор. Буларни ҳозир комиссиялар кўриб чиқяпти. Чунки маълум бир бўғинда мана шу идора ўзининг вазифасини бажарган. Боиси, қайсидир бир соҳани тартибга солиш учун ўша соҳанинг ваколати билан масъулияти бўлади-да. Шунинг учун бу давр тинимсиз буни кўриб чиқишни талаб қиляпти.

Бугун ҳам бизга бошқарув, электрон ахборот тизими, рақамлаштириш жорий этилаётган бир вақтда ижро органида ҳам қайсидир вазирлик, идораларни ҳамда ҳукуматдаги алоҳида бир тузилмаларни кўриб чиқиш ёки бирлаштириш, қайта ташкил этиш вақти доимий зарур бўлиб тураверади. Бизда бу олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бўляпти ва кейин ҳам бўлади. Шунинг учун қайсидир бир даврда вазифасини ўтаб бўлган ёки бир-бирини такрорлайдиган идораларни қисқартириш, мақбуллаштириш давр талабидир.

Мен ўйлайман, бу борада давлатимиз раҳбари, президент администрацияси ва ҳукуматнинг қилаётган ишлари маъқул. Негаки, қайсидир бир органларни ихчамлаштириб, уларни меъёрлаштириш керак. Вазифаси бўлмаса, унга ваколат берилмайди. Ваколати доирасида у вазифасини бажаради. Вазифаси бор экан, унга молиялаштириш бўлади. Лекин бугунги кун талабидан келиб чиқиб, у ўз вазифасини бажариб бўлган бўлса ёки бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни бирлаштиришга эҳтиёж туғилган бўлса, бугун уларни кўриб чиқиш керак эди ва ихчамлаштириб, амалга оширишга имкон яратиш керак эди. Негаки, вазифаси бўлмасдан туриб, такрорланадиган идоралар сабаб бюрократик тўсиқлар юзага келади. Бунинг оқибатида фуқароларимиз, тадбиркорларимизга ҳам қийин бўлади.

Шу жиҳатдан мен сизнинг фикрингизга қўшиламан.

— Сиз саволни бошқачароқ тушундингиз шекилли. Дейлик, Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг бугунги ваколатлари ўртасидаги тафовутлар сизни қанчалик қониқтиради?

— Бизда учта ҳокимият бўлиниш принципи амал қилади: Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти. Бу бутун дунёда шундай.

Охирги йилларда бизда парламентнинг ваколати кенгайиб боряпти. Конституцияга киритилган сўнгги ўзгаришларда ҳам кўриш мумкинки, парламентга кўпроқ ҳуқуқ бериляпти. Бу яхши. Шунингдек, бунда ҳукуматнинг ҳисобдорлиги ошди. Бу ҳам яхши. Боиси, илгари ҳукумат соати деган институтлар бўлмаган.

Биз ҳозир ҳар ойда бир маротаба энг долзарб масалалар бўйича депутатлар, партиялар ва уларнинг фракцияларини қизиқтирган саволлар бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитяпмиз. Келажакда ҳам бу жараён давом этиши керак.

Назаримда, тўғри савол қўйдингиз, бу борада барибир парламент, депутатларимизнинг роли ортиб бораётгани давлатимиз раҳбарининг ҳам либераллаштириш сиёсатини олиб бориши натижаси ҳисобланади.

Очиқ айтадиган бўлсам, ҳар бир депутатимизнинг сўровига вазир, вазир ўринбосари, тегишли давлат органи раҳбари, ўринбосари даражасида жавоб келяпти, мулоқотга киришишяпти, давра суҳбатлари давомида ҳимоя қилиш тизими шаклланган. Бу – жуда ҳам конструктив ёндашув.

Мана шундан келиб чиқиб айтишимиз керакки, бугун барибир парламентда ҳам Қонунчилик палатасидаги фракцияларининг роли кучайиб бормоқда.

Биз бу борада депутатларимизнинг фаоллигини ҳам сезяпмиз. Бу фаоллик масъулиятни оширяпти, иккинчи томондан сайловчиларимиз ҳам фаол бугун. Ниҳоятда фаол. Янги-янги қонунлар қабул қилишимизга ҳам айнан улар даъват этишмоқда.

Шунингдек, ОАВ ҳам бизни очиқлик, ошкоралик, керак бўлса, сизга ўхшаган мухбирлар, журналистлар савол берганда жўяли, аниқ жавоб беришга ундаяпти.

— Охирги пайтда ҳокимларнинг халқ томонидан сайланиши кераклиги ҳақида кўп гапириляпти. Биз туман ёки вилоят ҳокимлари билан учрашганимизда ҳам шу саволни берамиз ва улар сайловларга тўла тайёрлигини айтади. Сизнингча, бу жараёнга ким тайёр эмас? 

— Биринчидан, сайланиш масаласига ҳам бир аниқлик киритиб олайлик. Бугун улар сайланяпти, депутат сифатида сайланяпти, ундан кейин кенгашга раислик қиляпти. Бу кенгашнинг раиси сифатида улар депутат бўляпти, депутат бўлиш учун муайян партия унинг номзодини илгари суряпти. Бундай жараён бор.

Ҳозир бизда иккинчи масала: ҳокимнинг ҳам сайланиши ҳақида. Конституциямизга ва тегишли қонунларимизга мувофиқ, ҳоким ҳам сайланади. Чунки депутатлар уни қўл кўтариб тасдиқлайди.

Энди муаммо нимада? Ҳоким институтининг ваколати ҳақида кетяпти, унинг ваколатини чеклаш ҳақида кетяпти. Унинг ҳисобдорлигини ошириш ҳақида кетяпти. Ҳам уни сайлаган сайловчилар, ҳам депутатлар олдида. Яъни ҳокимиятнинг бўлиниш принципини пастдан амалга ошириш ҳақида кетяпти. Уни биз бир неча бор ҳам ҳурматли Президентимизнинг сиёсий ислоҳотлар борасидаги фикрларида ҳам эшитдик. Ўша жараён етилиб келяпти. Агар қанча сайлов жараёнида очиқлик, ошкоралик, масъулият юқори бўлса, ҳокимнинг ҳам масъулияти бошқачароқ бўлади, деган фикр.

Таклифлар халқдан тушади-ку. Мана шу жараёнга кетяпмиз. Ҳозир мана таклифлар тушади, катта комиссиямиз ҳар бир таклифни кўриб чиқади. Агар шунга мослари учраса, муҳокамага қўйилади. Бунинг ҳам жараёнлари бор.

Конституциямизга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида гап кетяпти-да ҳозир, чунки бугунги кунда унинг кўплаб йўналишлари амалга ошяпти. Лекин унинг қайсидир моддалари, бобларига ўзгартириш киритилади. Ўшанда биз яна сиз билан бу мавзуни муҳокама қиламиз. 

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар