• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

АҚШда 1960-йилларда ҳам қора танлилар камситиларди. Улар барча жойларга киролмас, автобусларда ҳам алоҳида ўтирарди. Ҳатто Пентагон биносида ҳам қора танлилар учун ҳожатхоналар алоҳида эди. Афроамерикаликлар оқ танлилар яшайдиган даҳалардан, кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб ололмасди. АҚШда бу чекловларни батамом йўқотишда қора танли биринчи тадбиркор Бернард Гаррет катта рол ўйнайди. Конгресс айнан унинг кўрсатмасидан сўнг уй-жой сотиб олишдаги чекловларни бекор қилиш ҳақида қонун қабул қилади.

Америка кашф этилганидан кейин бу қитъа европаликлар томонидан тўлиқ босиб олинади. Шундан сўнг янги эгалланган ерларни ўзлаштириш учун европаликлар Америкага африкаликларни мажбуран қул қилиб олиб бора бошлашади.

Қуллар кемалар остидаги махсус хоналарга қамаб олиб кетилар ва манзилга етиб боргунча уларнинг ярмидан кўпи ҳалок бўларди. Тахминларга кўра, 300 йил давомида янги қитъага Африкадан тирик етказиб борилган қуллар сони 10 миллиондан ошган.

XIX асрга келиб Америкада қулликка қарши бўлган соғлом фикрли одамлар кўпаяди. Натижада қулдорликка қарши ҳаракатлар жиддий тус олади ва уни бекор қилиш учун ҳаракатлар бошланади.

1808 йилда АҚШ Конгресси мамлакатга Африкадан қул олиб келиб сотишни тақиқлайдиган қонун қабул қилади. Аммо бу қонун мамлакатдаги қул савдосини тўхтата олмайди. Қулфурушлар контрабанда йўлига ўтишади ва қулларни яширинча олиб кириш давом этади.

Афроамерикалик қуллар пахта даласида

Шундан сўнг АҚШ ҳукумати мамлакатда қулдорликни бекор қилиш ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлайди. Бироқ мамлакат жанубидаги заминдор бойлар унга қарши чиқиб исён кўтаради. Оқибатда 1861 йилда АҚШда фуқаролар уруши бошланади.

1865 йилда қулдорликка қарши бўлган шимол жанубни енгиб чиқади. Шу тариқа мамлакат яхлитлиги сақлаб қолиниши билан бирга, АҚШда қулдорликка қарши қонун қабул қилинади. Дастлаб уни тўртта штат ратификация қилади. Кейин қолганлар ҳам тасдиқлашади. Қонунни энг охирги бўлиб 2013 йилда Миссисипи штати ратификация қилган.

1861 йилда АҚШ президентлигига сайланган Авраам Линкольннинг мамлакатда қулдорлик ва қулликни тугатишдаги хизматлари беқиёс бўлади. 1865 йилда айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан қулдорликни бекор қилиш АҚШ конституциясида белгилаб қўйилади.

Авраам Линкольн Фото: Fullpicture

АҚШда ирқчилик авжга чиқиши ва тугатилиши

АҚШда қулдорлик қонунан бекор қилингани билан мамлакатнинг оқ танли аҳолиси ўзи озод қилган қора танли собиқ қулларга нисбатан муносабатини ўзгартирмайди. Мамлакатда ирқчилик авж олади.

Қулдорлик бекор қилингани ҳақида фикр билдирган америкалик машҳур ёзувчи Марк Твен «Қулдорликнинг бекор қилиниши мамлакатда ирқчиликка барҳам бера олмади, аксинча уни кучайтирди», деб ёзганди. У ўз асарида қора танли қаҳрамонни ижобий образ сифатида тасвирлаган биринчи адиб эди.

Марк Твен

Ўша пайтларда давлат сиёсати ҳам ирқчилик устига қурилган эди. Мамлакатда қора танлиларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган кўплаб маҳаллий ва федерал қонунлар бор эди. Ўша қонунлар туфайли АҚШда ҳатто XX асрда ҳам қора танлилар оқ танлилар фойдаланаётган жуда кўп ҳуқуқлардан мосуво эди.

Бугун ўзини дунё демократияси тимсоли деб биладиган АҚШда яқин-яқингача терисининг ранги бошқачалиги учун қора танлилар аёвсиз камситилган, зўравонлик қурбони бўлишган.

Автобусларда қора танлилар фақат орқа эшикдан чиқиб-тушган, оқ танлилар талаб қилса ўриндиқни бўшатишга мажбур бўлган. Шунингдек, улар оқ танлилар учун мўлжалланган кафе ва ресторанларга кира олмас, ҳатто қора танлиларнинг ҳожатхонаси ҳам алоҳида эди.

Автобусларнинг олд қаторларида оқ танлилар, орқа қаторларида қора танлилар ўтирган. Тартибни бузган қора танлилар жазоланган.

Қайсидир қора танли оқ танлилар учун белгиланган жойларга кирса ёки улар фойдаланадиган нарсалардан фойдаланса энг юмшоқ муомала қилинганда қаттиқ ҳақорат қилиб қувишган.

Мабодо ўшандай ҳолатда қора танлилар қаршилик кўрсатса, полиция уларни олиб бориб қамаган. Нафақат хусусий ишхоналар, кафе ва ресторанлар, ҳатто давлат идораларида ҳам шу тарздаги тартиблар бўлган.

Ҳатто, Пентагоннинг бош идорасида ҳам қора танли ходимлар ўтган асрнинг 60-йилларида оқ танли ходимлар фойдаланадиган ҳожатхона ва ошхонага кира олмаган.

Фақат оқ танлилар кириши мумкинлиги ёзиб қўйилган

Қора танлилар оқ танлиларга «мистер», «миссис» ёки «мисс» деб мурожат қилиши мажбурий бўлган. Қора танлиларни оқ танлилар ўқийдиган мактаб ва университетларга ҳам қўйишмаган. 1965 йилгача АҚШда вазият ана шундай эди.

Ана шундай камситишларга дуч келганлар орасида АҚШдаги энг биринчи қора танли тадбиркор номини олган Бернард Гаррет ҳам бор эди.

АҚШдаги илк қора танли тадбиркор

Тўлиқ исм-шарифи Катта Бернард Гаррет бўлган қаҳрамонимиз 1922 йилда Техас штатидаги Уиллис шаҳарчасида туғилади.

Бернарднинг отаси жуда камбағал бўлиб, оиласини зўрға боқарди. Бир томондан йўқчилик, иккинчи томондан ирқий камситишлар туфайли Бернарднинг отаси тез-тез ишини алмаштиришга мажбур бўларди.

Бернард мактабнинг 8-синфини тугатиб ўқишни ташлаб кетади. Кейинчалик у отасининг ёрдами билан ўз агентлигини очади. Унинг корхонаси буюртма билан турли жойларни тозалаб берарди.

1945 йилда 23 ёшли Бернард Калифорния штатига кўчиб ўтади ва шу ерда чиқиндиларни йиғиш компаниясига асос солади. Ўша пайтда бу соҳа кўпчилик учун «ифлос иш» ҳисобланса ҳам фойдаси зўр эди.

Орадан кўп ўтмай у Garrett Investment Co. компаниясига асос солади ва кўчмас мулк савдоси билан шуғуллана бошлайди. Бернард уй-жой олиб сотишдан ташқари, уларни ижарага ҳам берарди. Унинг асосий мижозлари Лос-Анжелеснинг қора танли аҳолиси эди.

1954 йилга келиб Бернарднинг маблағи 1,5 миллион долларга етади. Ўша пайтда унинг қўл остида 37 нафар ходим ишлар, Лос-Анжелесда кўркам офисга эга эди.

Бернард Гаррет

Шу орада у кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи оқ танли тадбиркор билан танишади. Ундан оқ танлилар яшайдиган кварталдаги кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олади.

Бу уй оқ танли одамларга ижарага берилган бўлиб, Бернард ундан яхши фойда олишни кўзлайди. Бироқ уй қора танли тадбиркор томонидан сотиб олинганини эшитган одамлар бирин-кетин ундан чиқиб кетишади. Бернард хонадонларни қора танли одамларга арзон нархда ижарага беришга мажбур бўлади.

1960-йиллар бошида Бернард қора танли тадбиркорлардан яна бири Жозеф Моррисга ҳамкорлик таклиф этади ва улар бирга ишлай бошлашади. Бу ҳамкорлик уларнинг иккаласига яхши фойда келтиради.

Кейинчалик у Моррис билан бирга бир нечта банкларни сотиб олади. Жумладан Сан-Франциско миллий банки, Техасдаги Main Land Bank & Trust Co. ва First National Bank of Marlin банкларининг эгасига айланишади.

Ирқий камситишлар ва уларга қарши кураш

1950-60 йиллардан Бернарднинг пули кўпайиб, ўзи анча таниқли бўлиб улгурган бўлса-да, у ҳам бошқа қора танлилар каби ҳар қадамда ирқий камситишларга дуч келарди.

У миллионлаб долларга эга бўлса-да, турли тақиқлар туфайли ўзи хоҳлаган жойларга кира олмас, фақат қора танлиларга мўлжалланган жойларга боришга мажбур эди. Бундан ташқари, турли ирқий чекловлар туфайли у бот-бот муаммоларга дуч келарди.

Бир марта у Моррис билан Лос-Анжелесдаги кўп қаватли уйни сотиб олганда айрим оқ танли ижарачилар қора танли одам эгалик қила бошлаган уйда яшамасликларини айтиб, Бернардни ошкора ҳақорат қилиб кетишади.

Ана шундай вазиятда 1950-йиллар ўрталарида ёш ёзувчи қора танли Мартин Лютер Кинг бошчилигида Монтгомери шаҳрида намойишлар бошланади ва улар мамлакат бўйлаб тарқалади.

Мартин Лютер Кинг Фото: Getty Images

Шундан сўнг АҚШда қора танлилар ҳуқуқи бош масалага айланади ва кўпчилик оқ танли зиёлилар қора танлиларнинг тарафини олиб чиқишади.

Бундан илҳомланган Мартин Лютер қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларни кучайтиради ва уларнинг раҳнамосига айланади.

1960-йиллар бошида Бернард ҳам Лютерни қизғин қўллаб-қувватлайди Жумладан, 1963 йилда у хотини билан Вашингтон шаҳрида Лютер ўтказган намойишларда ҳам қатнашади.

Ниҳоят 1965 йилда АҚШ Конгресси «Сайловчилар ҳақидаги қонун»га ўзгартиришлар киритади. Унга кўра штатлар ўз фуқароларига сайлаш ҳуқуқини беришда мустақил қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Шундан сўнг турли штатларда қора танлиларга ҳам сайлаш ҳуқуқи берилади ва уларга нисбатан жорий қилинган турли чеклов ҳамда тақиқлар бекор бўла бошлайди.

Ирқчиликнинг батамом йўқолишига сабабчи бўлган Бернард ва Моррис

1965 йилдан бошлаб АҚШнинг турли штатларида қора танлиларнинг камситилиши билан боғлиқ турли чекловлар бекор қилинган бўлса-да, улар тўлиқ тугатилган йўқ эди. Шулардан бири уй-жойга эгалик қилишдаги чекловлар эди.

Гап шундаки, Бернард ва унинг шериги Моррис ўзлари сотиб олган кўп қаватли уйда оқ танлилар яшаётган бўлса, у ердаги бўш хонадонларни қора танлиларга ижарага бера олмас эди.

Бундан ташқари, гарчи бой бўлса ҳам Бернард ва унинг шериги фақат оқ танлилар яшайдиган мавзелардан ҳеч қанақасига кўп қаватли уй ёки хонадон сотиб ололмасди. Ирқчилик авж олган замонларда сақланиб қолган айрим чекловлар бунга йўл қўймасди.

Шу сабабли икки шерик асосан қора танлилар яшайдиган мавзелардан уй сотиб олиб, уларни қайта сотишга ёки фақат қора танлиларга ижарага беришга мажбур эди.

1965 йилда Бернард ва Моррис банк орқали 189 минг долларни нотўғри ўтказишда айбланиб уч йил қамоқ жазоси олишади. Ўша пайтда икки шерик 200 га яқин кўп қаватли уйга эгалик қилишар, уларнинг айримларида юзлаб хонадонлар бор эди.

1968 йилда Бернард ва Моррис қамоқдан чиққач сенатда уй-жойга эгалик қилиш ва уларни ижарага бериш муаммолари юзасидан кўрсатма беришади. Шундан сўнг АҚШ Конгресси «Фуқароларни уй-жойлар билан адолатли таъминлаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилади.

Янги қонунга кўра уй-жойни одамларнинг ирқига, эътиқодига ёки жинсига қараб сотиш ва ижарага беришни рад этиш тақиқланди. Шундан сўнг қора танлилар оқ танлилар яшайдиган кварталлардан уйларни сотиб олиш ёки уларда ижарада яшаш имкониятига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда Бернард ва Моррис АҚШда ирқчиликка барҳам берилгандан сўнг ҳам сақланиб келаётган сўнгги айирмачиликнинг йўқотилишига сабабчи бўлишади.

Бернард ҳақидаги кино

2020 йилда режиссёр Жорж Нолфи Бернарднинг ҳаёти ҳақида филм суратга олади. Режиссёр филмга «Банкир» деб ном берган.

Филмда Бернарднинг ролини таниқли актёр Энтони Маки ўйнаган. Бернарднинг ҳамкори Морриснинг ролини жаҳонга таниқли Ҳолливуд юлдузи Самюэл Л. Жексон ижро этган.

11 миллион доллар сарфлаб суратга олинган филмнинг давомийлиги икки соатни ташкил этади. Фильм томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинади. Унинг дунё тақдимоти жуда муваффақиятли чиққан ва у продюссерига салмоқли фойда келтирган.

Фильмда нафақат Бернарднинг оқ танли оддий аҳоли томонидан, балки АҚШ маъмурлари ва судлари томонидан ҳам ирқий камситишларга дуч келиши қизиқарли тасвирланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар