• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг айтишича, битта хорижий сайёҳ бир кун Бухорода юрганда ўртача 300 доллар сарф қиляпти. Боқий Бухоро маданий-этнографик паркининг қурилиши туристлар қолиш даврини 3 кундан 5-7 кунга чўзишга ёрдам беради, дейди у.

Бухоро шаҳри марказидаги 32,6 гектар ҳудудда бино-иншоотлар бузилиб, ўрнида Боқий Бухоро маданий-этнографик парки қурилиши эълон қилинди. Туризм маркази муҳокамаларга сабаб бўлган дастлабки режалаштирилган жойда амалга оширилади.

Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг сўзларига кўра, бу лойиҳани амалга ошириш орқали шаҳарнинг туризм салоҳияти ошади, янги иш ўринлари яратилади.

“Бу қурилиш Бухоро шаҳрининг келажаги учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Бутун дунё глобаллашув жараёнини бошидан кечиряпти, урбанизация жараёнлари тезлашяпти. Хусусан, ҳудудлардан Бухоро шаҳрига кўчиб келувчилар сони ҳам ортиб бормоқда, аҳоли кўпаймоқда. Табиийки, бундай шароитда иш ўринларини яратиш керак.

Саноат соҳасида кўп ишлар автоматлаштирилди. Яқин 5-10 йил ичида роботлашувга ўтиш бошланиши мумкин. Инсоният борки, хизмат кўрсатишга талаб сақланиб қолади. Бухоро шаҳрининг драйвери ҳам туризм, келажаги ҳам туризм. Иқтисодий таҳлил қиладиган бўлсак, битта хорижий сайёҳ бир кун Бухорода юрганда ўртача 300 доллар сарф қиляпти. Бизнинг мақсадимиз бугунги кунда хорижий сайёҳнинг қолиш даврини 3 кундан 5-7 кунга чўзиш йўлларини ўйлаш. Бу учун инфраструктура жуда ҳам шарт. Сайёҳларга замонавий меҳмонхона, овқатланиш шохобчалари ва бошқа зарурий муассасалар жуда ҳам керак. Қурилиши режалаштирилган туристик марказ биз ўйлаган режаларни амалга ошириш имконини беради.

Бу мажмуа ишлаши учун қурилади, уни шаҳарнинг чеккасига олиб бориб қуриш керак эмас. Ким боради у ерга? Ҳозир одамлар қулайликка интилади. Сайёҳнинг ҳар бир дақиқаси ҳисоб-китобли. Улар таваккалчилик билан саёҳат қилмайди, қўлида харитаси бўлади. Шу жиҳатдан, қурилишни шаҳардан четда амалга ошириш мантиқсизлик”, дейди Жамол Носиров.

Бухоро шаҳар ҳокимининг қўшимча қилишича, қурилиш ишлари хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилади.

“Бу ерда қурилиш ишлари хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилади. Давлат ҳеч қандай пул тикмайди. Компенсациялар масаласида 7 нафар тадбиркор билан гаплашдик, дастлабки музокараларни бошладик, улар бу лойиҳага хайрихоҳ. Уларнинг мулклари бозор нархида баҳоланади ва компенсациялар тўлаб берилганидан кейин мулклари бузилади”, деди у.

Аввалроқ Бухоро вилояти бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов маълум қилганидек, вилоят ва шаҳарнинг янги маъмурий маркази “Бухоро сити” ҳудудига кўчирилади. Муҳиддинов этнографик паркнинг асосий инвесторлардан бири Enter Engineering эканини тасдиқлаган.

Айни пайтда, Боқий Бухоро маданий-этнографик парки қурилишини келишиш бўйича ЮНЕСКОга ҳали Ўзбекистон томонидан мурожаат келиб тушмаган.

Ўхшаш янгиликлар