• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image

Аёллар ишлаши учун энг мақбул соҳалар сифатида шифокорлик ёки ўқитувчилик айтиб келинади. Аммо сўнгги пайтда оммалашган яна бир фаолият тури – фуд-блогерликда уйда туриб ишлаётган ва фойда топаётган аёллар ҳам кўпаймоқда. Малика Зубайдуллаева шундай ижтимоий фаол аёллардан. Суҳбатдошимиз 29 ёшда, ўрта маълумотли, оилали ва тўрт нафар фарзанднинг онаси. YouTube, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқлари орқали ўз фуд-блогини юритиб келади.

«Уларни кўриб нега мен эплолмас эканман, деганман»

— Ёшлигимдан овқат пиширишга қизиққанман. Ўзим мустақил бирор нарса пишириш учун онам бирор жойга кетишларини кутардим ва синаб кўрардим. 17 ёшимда турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим Кореяда ўқирдилар, шу сабаб у ерда бир неча йил яшадик. Уйда ўтирган чоғларимда турли сайтлар орқали ҳар хил егуликлар пиширишни ўргандим. Пазандаликни шу тариқа ўргандим, бу соҳада бирор ерда ўқимадим.

Яхши таом пиширишни, аввало, фарзандларим учун ўргандим, ахир ҳар бир она фарзандлари соғлом вояга етишини хоҳлайди. Тўғри овқатланишга амал қилинса, ҳеч қандай парҳез ёки чекловлар шарт бўлмайди. Шу пайтгача болаларимга бирор марта антибиотик бермаганман.

Бошида фойда кўриш ҳақида ўйламагандим. Кейин бу соҳани яхшилаб ўрганиб чиқсам, аёл киши уйда ўтириб, оиласига уч маҳал овқат тайёрлаб ҳам пул топиши мумкин экан. Маблағ сарфламай, сармоя киритмасдан туриб ўзи учун пул топиш учун бу яхши имкон. Бошқа давлатларда аёллар фуд-блогерликдан бир ойда 10-15 минг долларлаб пул топар экан. Буларни ўқиб қаттиқ ҳайратландим ва нега мен эплолмас эканман, деб ўйладим. Ахир шундоғам оилам, фарзандларим учун бир кунда уч маҳал овқат пишираман-ку. Шунчаки қилаётган ишимни суратга олсак, кифоя.

Фото: KUN.UZ

«Корейсларга ош қилишни ўргатганман»

— Бошида рецептларимни жойлашдан умуман фойда кўрмадим, кейинчалик фойда келмаса ҳам, кимлардир фойдаланяпти деган мақсадда рецептларни қолдирадиган бўлдим. Улар орасида ўзбек ва дунё таомлари бор. Бизда асосан миллий таомларни тайёрлашга қизиқишади. Хорижда ўтган 12 йиллик ҳаётимда Кореянинг ўзимиз яшаган туманида корейс миллатига мансуб аҳоли вакилларига кўп маротаба ўзбек миллий таомлари тайёрланишини ўргатганман. Улар учун кўпроқ ўзбек палови қизиқ бўлган.

Дунёга машҳур Samsung компаниясида ишлайдиган эркак-аёл ходимлар ҳам бизнинг таомларимизни ўрганиш учун келган. 25 кишидан ортиқ хоҳловчиларга 2 соат давом этган дарсда ўзбек паловининг тайёрланиш жараёнини кўрсатиб бердим. Улар паловни Кореядаги ўзбек ресторанларида татиб кўришган ва ёқиб қолгани учун ўрганишга келганди. Ўргатганим учун менга 80 доллардан ҳақ тўлашган, аслида сўрамаганман, ўз миллий таомимизни дунё халқларига ўргатишдан хурсанд бўлганман.

Шунда улар бошқа таомларимизни ҳам ўрганиш мақсадида менинг сайтим ёки блогим борлигини сўрашган. Шунда ижтимоий тармоқда ҳам жойлаш фойдали эканини сезганман. Овқатдан лаззатланиш ҳозирда дам олишнинг бир кўринишига айланган. Хориждаги танишларимиз ўзбек ресторанларида бўлиб, ўзлари ёқтирган таомларни, масалан, сих кабоб пиширишни ўргатишимни сўрашган.

Фото: Малика Зубайдуллаева
Фото: Малика Зубайдуллаева

«Ўзбек аёллари дунёдаги энг пазандаси»

— Ўзбекистонга 2020 йилда кўчиб келдик. Келишимиздан олдин обуначиларим унча кўп эмас, пул ҳам тушмаганди. Келганимдан кейин қарасам обуначиларим сони 11 мингдан ошган, айрим видеоларим 1 миллиондан ортиқ кўрилган, ҳисобимга ҳам пул тушган экан. Шунда билдимки, бундан ҳам даромад кўриш мумкин.

Таом тайёрлаш жараёнини оддий телефонда ўзимга эслатма бўлиши учун ҳам видеога оламан. Уйда ўтириб ўзим тайёрлаган овқатларни видеога ёки расмга олиб, тармоқларга жойлайман. Видеоларни кўпинча фарзандларим мактаб, боғчага кетганда тайёрлайман. Тўғри, бироз вақт кетади, осон эмас. Лекин бу замоннинг бизга берган имкониятларидан бири ҳисобланади. Фуд-блогерлик айниқса ўзбек аёлларига мос фаолият. Чунки турли миллат аёллари билан солиштириб кўрганман: ўзбек аёлларининг овқат пишира олмадим дегани ҳам чет элдаги пазанда аёлдан кўра яхшироқ таом тайёрлайди.

«Аёл бахтли бўлса, жуда кўпчиликни бахтли қила олади»

— Аёл киши жамиятда ўз ўрнини топиши жуда муҳим деб ўйлайман. Бундан аввало унинг ўзи бахтли бўлади. Аёл бахтли бўлса, атрофидаги кўпчиликни бахтли қила олади. Бизнинг жамиятда ўқимишли, касб-корли аёллар ҳам кўпинча уйда ўтиради. Асосий иши – уй тозалаш, таом тайёрлашдан иборат бўлиб қолади. Шундан сўнг уларда негатив фикрлаш бошланиши мумкин. Чунки оиласи томонидан ишлашга рухсат берилмайди ёки ўқимагани сабаб ишламайди. Улар ҳам пул топишни, ўзини таъминлашни хоҳлайди. Ўз эҳтиёжлари учун турмуш ўртоғидан пул сўрашга ийманади ёки сўраганда берилмаслиги мумкин. Шундан кейин аёлда сиқилиш бошланади ва бу унинг атрофидагиларга албатта таъсир қилади. Айниқса, аёл тарбиялаётган болаларга бунинг таъсири хавфли бўлади.

Аёл киши ўзини ривожлантириши учун барибир маблағ керак бўлади. Ривожланиш учун бой оилада туғилиш ёки бой эрга тегиш шарт эмас. Аёл истаса, ҳамма нарсага ўзи эриша олади. Ўзбек аёлларимизнинг қўлида кўп иш келади, улар дунёдаги энг меҳнаткаш аёллар деб ўйлайман.

Бугун замонавий аёл тушунчасини кўпчилик кийимда, яшаш шароитининг замонавийлигида деб тушунади. Ҳамма замонда замонавий аёллар бўлган. Замонавий аёл – замонга мослашиб, ўз ўрнини топа олган аёл, менинг наздимда. Аёл уйда ўтирадими, ишлайдими, ўқиганми-ўқимаганми, бундан қатъи назар жамиятда ўз ўрнини топа олиши керак.

Фото: KUN.UZ

«Уйда ўтириб ҳам пул топиш йўллари кўп»

— Фуд-блогерлик менда ўзимга ишончни оширди. Уйда ўтириб оиламга, ўзимга фойдали иш билан шуғулланишим мумкин. Бу билан ҳар томонлама пул топиш мумкин. Обуначилар кўпайса, реклама жойлаш имконияти ҳам туғилади. Кўп кўрилган видеолардан ташқари рекламалардан ҳам пул топиш мумкин. Бугунги кунда онлайн бизнес аёллар орасида ҳам кўпайган. Улар ўз маҳсулотларини реклама қилиш учун фуд-блог юритувчиларга мурожаат қилади. Масалан, YouTube’даги каналга бир суткалик реклама жойлаш 50 доллардан 200 долларгача туради. Telegram’да эса бу 20 доллардан бошланади.

Яқинда бир қиз каналини реклама қилиб беришимни сўраб ёзди ва канални кузатдим. У овқат тайёрламаган, уйини тозалаш жараёнини тасвирга олган. Шунчаки уй йиғиштирган, дазмол қилган, холос. Қисқа вақт ичида рекламасиз ҳам мингга яқин одам каналига обуна бўлган. Аслида бу ҳар бир ўзбек аёлининг ҳаётида ҳар куни бажарадиган ишлари. Аёлларимизга айтардимки, ҳаётда меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳеч нарса осмондан тушмайди. Ҳамма нарсага ҳаракат қилиб кўриш керак.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Ўхшаш янгиликлар