• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

15-17 ёшлардаги ҳимоясиз қизларни бу ишга меҳрибонлик уйи мудираси мажбурлаб келган. Мудира 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, икки мансабдорнинг бир ярим йилга озодлиги чекланган. 

Хоразмда оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Х.Ю. ўз васийлигидаги 3 нафар вояга етмаган қизни 2021 йил майдан 2022 йил февралгача, яъни 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Мижозлар вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи ҳамда туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи экани айтилмоқда. Эркаклар кўрсатилган “хизмат” эвазига мудирани турли миқдордаги пул билан сийлашган, меҳрибонлик уйига ҳомийлик ёрдами сифатида мебел, офис жиҳозлари, озиқ-овқат, ичимлик ва ширинликлар олиб беришган.

Мазкур жиноят фош этилган ва судга оширилган. Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азизхон Обидов Kun.uz сўровига жавобан шундай мазмундаги иш судда кўрилганини тасдиқлади. Бироқ иш ёпиқ суд мажлисида кўрилгани учун тафсилоти очиқланмаслиги, қонун бунга йўл қўймаслигини билдирди.

“Сукут сақлама” лойиҳаси жиноят ишига доир айрим тафсилотларни очиқлаган. Маълум бўлишича, вилоят адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи М.А. мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда беради. У 2021 йил апрель ойида меҳрибонлик уйига хайрия сифатида принтер совға қилади (тергов давомида қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлгани, меҳрибонлик уйи келгунига қадар ҳам яхшигина ишлатилгани, кейинчалик яроқсиз ҳолга келгани аниқланган).

Қайд этилишича, “хайрия” қилганидан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз топиб беришни талаб қилган. Шунда мудира 17 яшар етим қиз Раънони (исми ўзгартирилган) танлайди ва уни оч қолдириб, бошқа болалардан ажратиб қўяди, ташқарига чиқишини тақиқлайди. У руҳан мудиранинг ҳар қандай буйруғига тайёр бўлди деб ҳисоблаган аёл вилоят адлия бошқармаси бошлиғи қизга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани, шу боис энди у билан жинсий алоқа қилишга мажбурлигини уқтиради. Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадон адлия бошқармаси бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан шаҳвоний учрашувига макон вазифасини ўтайди.

2021 йил май ойи бошида меҳрибонлик уйи мудираси ўша пайтда 15 ёшли Азиза (исм ўзгартирилган)ни таниш эркак билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қиз бунга қаршилик кўрсатганда мудира ошхонадан ўқлов олиб келиб, барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг укасини калтаклаган. Шу тариқа қизнинг иродасини синдирган мудира уни ўша куни танишининг, кейинчалик эса бошқа эркакларнинг қучоғига киритишга муваффақ бўлган.

2021 йил июнь ойида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи яна мудирадан қиз талаб қилади. Бу сафар ҳали 16 ёшга ҳам тўлмаган Азиза билан унинг шаҳвоний нафси қурбони бўлади. Бошқа сафар 16 ёшли мактаб ўқувчиси Диля (исми ўзгартирилган) у билан жинсий алоқа қилишга мажбурланади. Воқеалар қайта-қайта такрорланади…

Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи М.А. оилавий меҳрибонлик уйида тарбияланаётган вояга етмаган қизларга кўз олайтирган ягона мансабдор эмас. Бу ерда бўлаётган ишларнинг донғи бошқаларга ҳам етиб борган шекилли Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Қ.А. ҳам мудиранинг кўнглини овлаш, бу орқали чиркин ниятига эришиш пайида бўлади.

“Сукут сақлама” лойиҳасининг ёзишича, ушбу мансабдор ҳам меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдириб, сўзларининг исботи сифатида 2021 йил май ойи бошида ҳомийлик ёрдами сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи олиб беради ва болаларга турли ширинликлар совға қилади.

Ушбу “олийҳимматлик” эвазига мудира унга ўз қарамоғидаги қизлар билан жинсий алоқа қилиши учун имконият яратиб беради. 2021 йил июнь ойи бошида меҳрибонлик уйи ётоқхонасида 17 ёшли Раъно билан шаҳватини қондиради. Шу ой охирида яна шу қиз билан кўнгилхушлик қилади, бунинг учун мудирга 200 минг сўм беради. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига бошқа қизлар Қ.А. билан жинсий алоқа қилишга мажбурланади.

Мазкур ҳолат 2022 йилнинг сентябрь ойида судда кўриб чиқилган.

Суд томонидан оилавий болалар меҳрибонлик уйи мудираси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланган.

Мудиранинг доимий мижози бўлган икки мансабдор эркак — вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва Фавқулодда вазиятлар бўйича туман бўлими бошлиғи Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш – ушбу модда жиноят содир этилган вақтда кучда бўлган, айни пайтда кучини йўқотган – таҳр.) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди: бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланади, шунингдек пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш такикланади.

2022 йилнинг декабрь ойида иш апеллация тартибида кўриб чиқилган ва биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган қарор ўзгартиришсиз қолдирилган.

Бу яқин ўтмишда Ўзбекистонда кузатилган ягона ҳолат эмас. 2018 йили Марғилон ва Қўқонда ҳам махсус таълим-тарбия муассасаларида вояга етмаган қизлар зўрлангани фош бўлганди.

Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйи собиқ директори, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, суд томонидан улар 4 йилдан 16 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Қўқон шаҳридаги саломатлигида ва хулқида нуқсони бор қизларни тарбиялашга ихтисослаштирилган махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи директорининг ҳайдовчиси, қоровул, ёшлар етакчиси ва руҳшунос бир гуруҳ қизларни мунтазам зўрлаб келишда айбланиб ҳибсга олинганди.

Ўхшаш янгиликлар