• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +27.9°C
Detail image

Марказий Хитойда кучли ёмғирлар сув тошқинлари келтириб чиқарди. Чжэнчжоу шаҳрида метро сув остида қолди. Вагонларга сув киргач, йўловчилар бўғилиб ўлмаслик учун ўриндиқларга чиқиб олиб тик туришган.

Чжэнчжоуда сув босган йўлдаги одамлар / AFP / Scanpix / LETA

Хитой марказидаги Хэнань провинциясининг катта қисмида сўнгги кунларда ёғган ёмғирлар туфайли сув тошқинлари юзага келди.

17 июль куни кечқурундан 20 июлгача провинция маъмурий маркази Чжэнчжоуга 617,1 миллиметр ҳажмда ёғингарчилик тушди, ўртача йиллик кўрсаткич эса — 640,8 миллиметр. Хитой нашрлари метеорологларга асосланган ҳолда, уч кунда бундай ҳажмдаги ёғин ёғиши «минг йилда бир кузатилиши» ҳақида ёзишган. Қайд этилишича, Чжэнчжоуда кунлик ва соатлик ёғин миқдорлари бўйича тарихий максимумлар қайд этилган.

20 июль куни Чжэнчжоудаги метронинг беш линияси сувга тўлган, сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда. Ижтимоий тармоқларда метрода олинган видеолар тарқалган, видеотасвирларда одамлар вагонда кўкрагигача лойқа сувда турганини кўриш мумкин.

Қутқарув ишларига ўт ўчирувчилардан ташқари армия ҳам жалб этилди. Метродан 500га яқин киши қутқариб олинган. Қутқарувчилар йўловчиларни сувга тўлган туннеллар орқали эвакуация қилишган.

Кучли ёмғирлар Хэнань провинциясидаги дарёларда сув сатҳи кўтарилишига олиб келган. Сув тошқинлари туфайли кўплаб автомагистраллар ёпилган, поездлар ҳаракати тўхтатилган, авиарейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган.

Кўплаб шаҳарларда йўллар сув остида қолган, автомобиллар сувда оқмоқда. Чжэнчжоу ғарбидаги сув тўғонида 20 метрлик ёриқ пайдо бўлган, расмийлар ушбу тўғон бутунлай бузилиб кетишидан хавотир олишмоқда. 12 миллион киши яшайдиган Чжэнчжоудан камида 100 минг киши эвакуация қилинган. Хэнань провинциясида кучли ёмғирлар яна уч кун давом этиши прогноз қилинган ва вазият янада оғирлашиши кутилмоқда.

  • Сўнгги кунларда сайёранинг турли нуқталарида экстремал об-ҳаво шароитлари кузатилмоқда. Европада кучли сув тошқинлари рўй бериши оқибатида Германия ва Бельгияда 200га яқин киши ҳалок бўлди. Ёқутистонда ўрмон ёнғинлари 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонни қамраб олган, 100га яқин киши жароҳатланган. АҚШ ғарбидаги 13 штат ва Канадада ҳам ўрмон ёнғинлари авж олган.

Ўхшаш янгиликлар