• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19.3°C
Detail image

Пекин Си Жинпингнинг Россияга ташрифи олдидан Халқаро жиноий судни икки томонлама стандартларда айблаб, Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суди (ХЖС) бу масалада «холис позиция»ни эгаллаши ва «икки томонлама стандартлар»дан қочиши керак, деб маълум қилди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги. Пекин Украина инқирозида холис ва адолатли рол ўйнашда давом этади, деди вазирлик расмий вакили Ван Венбин 20 март, душанба куни бўлиб ўтган брифингда.

ХХР раиси Си Жинпингнинг Москвага ташрифидан олдин сўзлаган нутқида у халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлат раҳбарларининг дахлсизлигига ишора қилиб, ҳарбий можарони «мулоқот ва музокаралар» йўли билан ҳал қилишга чақирди. Ван Венбин, шунингдек, Хитой Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий тинчлик музокараларида конструктив позицияни эгаллашини таъкидлади.

Си Жинпингнинг Россияга ташрифи 20-22 март кунлари бўлиб ўтади, Си буни аввалроқ «дўстлик, ҳамкорлик ва тинчлик саёҳати» деб атаган эди. Унинг доирасида Хитой раҳбари Владимир Путин билан учрашади. Сафар бошланишидан аввал Си Жинпинг мақола чоп этиб, унда Хитойнинг Россиянинг Украинага бостириб кириши борасидаги позициясини яна бир бор баён қилди. У аввалроқ таклиф қилинган режани эслатиб ўтди, унинг сўзларига кўра, ҳарбий можародан «рационал чиқиш» ва «барқарор тинчликка йўл» таклиф қилади. 

Си Жинпингнинг Москвага ташрифидан бир неча кун олдин, 17 март куни Ҳаагадаги ХЖСнинг дастлабки тергов палатаси Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Суднинг таъкидлашича, Путин бевосита, бошқалар билан биргаликда ва/ёки бошқа шахслар орқали жиноят содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш учун «етарли асослар» мавжуд. Тахминларга кўра, Россия президенти ушбу ҳаракатларни содир этган ёки уларни содир этишга рухсат берган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни ҳам амалга оширмаган. 

Хитой Халқаро жиноий суд фаолиятини тартибга солувчи Рим статутини имзоламаган ва шунинг учун унинг қарорларига амал қилмайди. 

Ўхшаш янгиликлар