• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ЙПХ ходимлари билан можаро пайтида вафот этган ДСИ бошлиғи ўринбосарининг ўлими билан боғлиқ тергов жараёнлари Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 11 июнь куни ижтимоий тармоқлар ва ОАВда жорий йил 10 июнь куни Каттақўрғон туман ДСИ бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этгани маълум қилинди.

Бу борада ИИВ расмий муносабат билдирди. Унда ёзилишича, Азиз Аҳмедов бошқарувидаги «Cobalt» светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган. Сўнг йўл ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринган. Бу борада вазирлик интернет тармоқларида ҳолат тасвирга туширилган видеоматериални ҳавола этган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан якуний хулоса, тергов жараёнлари ўз ниҳоясига етгандан сўнг маълум бўлади.

«Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур ҳолатни ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни кенг оммага эълон қилади. Ўз навбатида, қўмита қонунбузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 29 август куни тунда Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, 1982 йилда туғилган Нодир Хушвақтов ўзига бириктирилган, давлат рақами 30 425 SAA бўлган «Chevrolet Nexia» русумли автомашинада автоҳалокатга учраб, шифохонада ҳаётдан кўз юмганди. Ўшанда Н. Хушвақтовнинг отаси Ҳамидилла Хушвақтов ўғлининг ўлимида ЙПХ ходимларини айблаб чиққанди. Унинг айтишича, ЙПХ ходимлари ўғлини қувишган ва у қочаман деб йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этган.

Ўхшаш янгиликлар