• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Сикх сепаратисти Нижжорнинг ўлдирилиши икки давлат ўртасида дипломатик можаро келтириб чиқарди. 

Ҳардип Сингх Нижжор

Канада бош вазири Жастин Трюдо Ҳиндистон ҳукумати сикх сепаратистлари етакчиси Ҳардип Сингх Нижжор ўлдирилишида иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтди. У июн ойида Канаданинг Британия Колумбияси провинциясидаги ибодатхона яқинида отиб ўлдирилган эди. 

Трюдонинг айтишича, Канада разведкаси Нижжорнинг ўлимини Ҳиндистон билан боғловчи «ишончли» разведка маълумотларини олган. Унинг қўшимча қилишича, яқинда бўлиб ўтган G20 саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашган ва сикх етакчисининг ўлдирилиши масаласини кўтарган. 

«Канада тупроғида Канада фуқаросининг ўлдирилишида хорижий ҳукуматнинг ҳар қандай иштироки бизнинг суверенитетимизни қабул қилиб бўлмайдиган тарзда бузиш ҳисобланади», деди Трюдо парламент йиғилишида. «Бу эркин, очиқ ва демократик жамиятлар бўйсунадиган асосий қоидаларга зиддир», деб қўшимча қилди бош вазир. 

Трюдо, шунингдек, Канада Нижжорнинг ўлдирилиши юзасидан хавотирларини Ҳиндистон разведка идоралари ва хавфсизлик кучлари раҳбарларига етказганини таъкидлади. 

Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 саммитида Моди ва Трюдо кескин музокаралар олиб боришди. Учрашув чоғида Ҳиндистон бош вазири Канадани «экстремистик элементларнинг Ҳиндистонга қарши фаолияти» билан курашда етарлича ҳаракат қилмаётганликда айблади, бу билан Канада ҳудудидаги сикх сепаратистик ҳаракатига ишора қилди. 

Шу билан бирга, Ҳиндистон Нижжор қотиллигига алоқадорлигини рад этиб келмоқда. 

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Канаданинг айбловларини «бемаънилик» ва «сиёсий мотивацияланган» деди. Идора баёнотига кўра, Канада Ҳиндистон хавфсизлигига таҳдид солувчи «Холистонлик террорчилар ва экстремистлар» учун бошпана бериб келмоқда. Холистон — сикхлар томонидан Ҳиндистон ҳудудида тузиш режалаштирилган мустақил давлатнинг номи. 

Ҳиндистон ҳукуматининг Канададаги сиёсий суиқасдга алоқадорлиги ҳақидаги даъво икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштириши мумкин. 

Нижжор Ҳиндистоннинг Панжоб штатидаги тан олинмаган сикх давлати Холистон тарафдори эди. Ҳиндистон ҳукумати уни террорчи деб ҳисоблайди ва қуролли сепаратистик гуруҳга раҳбарлик қилганини даъво этади. Унинг издошлари бу айбловларни рад этиб келмоқда. 

Нижжор Ванкувердан 20 километр шарқда жойлашган Сурри шаҳридаги сикхлар ибодатхонасининг автотураргоҳида икки ниқобли одам томонидан отиб ўлдирилган.

Ўхшаш янгиликлар