• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Фарғонанинг Боғдод тумани Қаҳат қишлоғида сув захиралари тугаб бораётган бир пайтда ҳеч ким исроф ҳақида ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Тоза ичимлик суви йиллар давомида ариқларга оқади.

Кимдир айнан шу ичимлик сувида сигирига юмшатиб бериш учун сомон ивитиб қўйган, баъзи хонадонларда эса ҳатто икки алоҳида қувурда сув оқиб ётибди. Қишлоқни сув билан таъминлаб бераётган миноралар, тармоқ қувурлари ҳар жойидан тешилиб, сув исроф бўляпти.

Қаҳат қишлоғининг Обод, Чилангар, Қардошлар кўчасидаги бир неча хонадонларга кириб, вазиятни ўргандик. Ҳолат чиндан-да ачинарли. Йиллар давомида ичимлик суви ариқларга оқиб исроф бўлган ва ҳозир ҳам исроф бўляпти.

Қишлоқнинг Обод кўчасидаги хонадонлардан бирида бир эмас, икки қувурдан тоза ичимлик суви оқиб ётибди. Хонадон соҳибаси ҳолатни қўйилган “вентил”лар тез орада бузилиб қолаётгани билан изоҳлади.

“Ичимлик сувини ўчириш учун “вентил” ўрнатилмаган. Сабаби бу ҳовлига яқинда сув қувури тордик. Энди эса “вентил” ўрнатмоқчимиз. Қўшнилар кўчадаги сув тармоғидан уйларига тортиб олишган. Улар мотор ёрдамида сувни тортиб олишса, бизга тушмай қолади.

Сув исроф бўлаётганини биламиз. Бошқалар қатори бизники ҳам исроф бўляпти. 20 йилдан бери шу сувдан фойдаланяпмиз. “Вентил” қўйилган эди, болалар ўйнаб синдириб қўйишди”, – дейди Обод маҳалласи фуқароларидан бири.

Яна бир хонадонда эса ичимлик суви сомон устига оқиб ётгани гувоҳи бўлдик. Ачинарлиси, ташқари ариқда ичишга яроқсиз сув бўла туриб, хонадонда чорва ҳайвонларига сомонни юмшатиб бериш учун айнан тоза сувдан фойдаланишар экан.

Қишлоқ кўчаларини ораладик. Ичимлик суви ариқларга оқиб ётибди. Энг ачинарлиси, аҳоли ҳолатга бефарқ. Қайсидир қувурга сув беркитгич умуман қўйилмаган, бошқасида бўлгани билан ишдан чиққан.

Ичимлик суви билан таъминловчи минора ва тармоқ қувурларидан ҳам сувлар оқиб ётибди.

Боғдод тумани сув таъминоти ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Давлат Раҳмоновдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.

Давлат Раҳмонов

“Қаҳат қишлоғи аҳолиси кўча колонкасидан фойдаланади. Инспектор етишмаслигидан қишлоқда сув таъминоти бўйича назорат йўқ. Аҳоли хонадонларига сув тармоғи тортилгандан кейин кўчадаги қувурларни бутунлай узамиз. Хонадонларнинг аксариятида сув ҳисоблагич мавжуд эмас. Борлари ҳам базага киритилмаган бўлиши мумкин.

Туманда 270 та қудуқ бор. Нозоратсиз қолдирганлигининг асл сабаби бўлимимизда инспекторлар етишмаслигидан. Қишлоққа рейд тадбири ташкилланганда келамиз холос.

Агар сув тармоғи хонадон ичкарига тортилмаган бўлса, аҳоли кўча колонкасидан фойдаланади. Бунинг учун ҳам аҳолига ҳисобрақам очилади. Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарорига мувофиқ, кўчадаги сувдан фойдалангани учун киши бошига ҳар ой 2 300 сўмдан тўланади.

Яқин кунларда кўча колонкаларининг барчасини узиб, исрофгарчиликнинг олдини оламиз”, – дейди Давлат Раҳмонов.

Қаҳат қишлоғида яшовчи Гуласал Қодирова исрофгарчилик бўйича ўз фикрларини билдирди.

“Ичимлик суви глобал муаммога айланиб боряпти. Дунёнинг 70 фоизи ичимлик сувдан иборат бўлса, атиги 3 фоизигина ичишга яроқли. Ёшлигимдан эътибор бераман, сувлар исроф бўлиб ариқларда оқиб ётади. Бу ҳолат нафақат Фарғона вилоятида, балки бошқа ҳудудларда ҳам учрайди.

Туғилиб ўсган қишлоғимда ҳам тоза ичимлик суви ариқларда исроф бўлиб оқар эди. Қаҳат қишлоғига келин бўлдим. Афсуски, бу ерда ҳам ҳар бир кўчада камида 5-6 та қувурдан сув беҳуда оқиб исроф бўляпти. Ҳолатни кўриб ачиниб кетаман. Қувурга жўмрак ўрнатиш ҳақида ҳеч ким ўйламайди.

Авлодларимиз ҳақини бекорга ариқларга оқизиб юборяпмиз. Бундай ҳолатларни тўхтатиш керак. Яқин йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда сув тақчиллиги бошланади. Бунинг бирдан бир йўли инсон онги ўзгариши керак. Фарзандингиз сувсиз қолишини кўз остингизга келтиринг-да. Шунчаки даҳшат!”

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Ўхшаш янгиликлар