• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

UzbekLife чет элдаги ватандошлар билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Испаниянинг Валядолид университети магистранти Ҳилола Рўзиева.

Суҳбатдошимиз 2010-2016 йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бакалавр ва магистратура босқичида таҳсил олган.

Илмий, ижодий фаолиятимни шу мамлакат тили ва маданияти билан боғладим

Испанияни бундан ўн йиллар аввал академик лицейда ўқиб юрган кезларим ўрганишни бошлаганман. Испан тили билан илк танишувимдан сўнг бу тил ҳаётим мазмунига айланди ва бутун илмий, ижодий фаолиятимни шу мамлакат тили ва маданияти билан боғладим. 2017-йилда илк бора Европа Испан тили ўқитувчилари Ассоциацияси томонидан Испаниянинг Лас Палмас де Гран Канария шаҳрида ташкил этилган халқаро конференцияга имтиёзли таклиф этилдим. Сўнг 2019-йилда бир гуруҳ талабаларим билан Кадис (Cádiz) шаҳрида ёзги тил курсларида иштирок этдик. Шу йилнинг кузида доим орзу қилган Саламанка университетида «Coimbra Group Scholarship» дастури ёрдамида тадқиқот ўтказдим. Ҳозирда эса яна шу давлатда меҳмон бўлиб турибман.

 Хорижлик талабалар учун стипендиялар мавжуд эмас

Испания ўз фуқароларининг таълим олиши учун кўп маблағ ажратади, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, кўп фарзандли оилалар фарзандларига стипендиялар тақдим этади, бироқ хорижлик талабалар учун стипендиялар мавжуд эмас. Аслида, талабаларга бу ерда стипендия тўланмайди, юқорида айтган ёрдамларим ёки аъло даражадаги таълими, ижтимоий ҳаётда фаоллиги учун грантлар берилиши мумкин. Шунга қарамай, Испания ОТМларида «Erasmus Mundus Joint Masters Degree», «Erasmus+», «Carolina» фонди, «Santander» банки грантлари, «Coimbra Group Scholarship» ва бошқа кўплаб дастурлар орқали таҳсил олишга келган талабалар талайгина.

Магистратурага кириш учун имтиҳон йўқ

Испанияда бакалавр босқичига ўқишга қабул қилиниш учун «Seleccion» номли саралаш имтиҳонидан ўтиш керак. Хорижий талабалардан испан ёки инглиз тилини билиш даражаси акс этган ҳужжат сўралиши, суҳбат уюштирилиши мумкин. Лекин доим танланган университет сайтига кириб, маълумот олса бўлади. Қабул тартиби барча университетларда бир хил бўлмаслиги мумкин. Магистратурага кириш учун эса фақатгина сўралган ҳужжатларни тақдим этишнинг ўзи етарли, имтиҳон йўқ. Асосий эътибор бакалавр босқичида тўплаган балларингизга, қўшимча таълим олганингизга, касбий малакангиз мавжуд ёки йўқлигига қаратилади. Турли йўналишнинг талаблари турлича бўлиши мумкин. Докторантура босқичи ҳақида ҳам деярли худди шундай талаблар бор.

Испан ОТМларининг менга ёқадиган тарафи – барча маълумотлар шаффоф ва ҳамма нарса олдиндан режалаштирилган бўлади. Сиз университетга кириб улгурмасингиздан дарс жадвалингиз, имтиҳонлар жадвали, сизга таълим берадиган ўқитувчилар ҳақида маълумотлар қўлингизда бўлади. Шунга қараб келгуси ишларингизни аниқ режалаштиришингиз мумкин. Бундан ташқари, шанба кунлари дам олиш, баъзан жума кунларига дарс қўйилмайди ёки жуда кам дарс бўлади. Талабаларга ҳам ҳордиқ чиқаришга вақт берилади.

Ётоқхонада яшаш ижарага уй олишдан кўра қимматга тушади

Маҳаллий ва хорижий талабаларга бир хил муомала қилинади, шароитлар ҳам бир хил. Шу ўринда талабалар турар жойлари ҳақида гапирмоқчи эдим. Испанияда ётоқхонада яшаш ижарага уй олишдан кўра қимматга тушади. Баъзи ётоқхоналарда ҳатто ошхонаси бўлмаслиги мумкин. Шу сабабдан мен ижарадаги уйда яшайман. Университетга қабул қилинганимдан сўнг, ОТМ халқаро бўлими турар жой билан муаммо бўлса, Ижтимоий бўлимига боғланиб, улардан ёрдам сўрашим мумкинлигини айтишди. Шундай қилдим. Аввалига ётоқхонадан жой изладик, бироқ августнинг ўзида жой қолмаган, бунинг устига жуда қиммат экан. Шунда ижарага уй олиш истагимни билдирдим ва университет мени бир уй эгаси билан боғлади. Квартиранинг жойлашган ўрни, шароитлари ва нархи маъқул бўлиб, шу инсон билан шартнома туздик.

Стипендияга келадиган бўлсак, у бир хил эмас. Стипендия университет, банк ёки бошқа ташкилот томонидан берилганлиги туфайли турлича бўлиши мумкин. Бундан ташқари турли таълим босқичи учун турли миқдорда белгиланади.

Жуда хушмуомала ва серраҳмат

Испанлар умумий олганда очиқкўнгил, ёрдамга шай, хушчақчақ ва жуда шовқинли халқ. Бундан ташқари жуда хушмуомала ва серраҳмат.

Испан халқида менга ёқадиган жиҳатлардан бири бу соғлом турмуш тарзига амал қилишлари, асосан, парранда гўшти ёки денгиз маҳсулотлари, балиқ, мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотларини кўп тановул қилишлари, спорт билан шуғулланишлари, иш ва дам олиш учун ажратилган вақт мутаносиблигидир. Куннинг исталган вақтида турли ёшдаги одамларнинг велосипед миниб, югуриб юрганини ёки хиёбонларда ўрнатилган тренажёрларда машқ қилаётганини кўришингиз мумкин. Бу фаоллик фақат ёшларга эмас, балки ёши катта «учинчи авлод» вакилларига ҳам хос. Бундан ташқари, барча хизмат кўрсатиш объектлари якшанба куни тақа-тақ ёпилади, баъзилари шанба куни соат 14.00 гача ишлайди, қолган кунлар эса, 14.00 дан 17.00 гача «Siesta» кундузги дам учун ёпилади. Якшанба кунлари Carrefour Express номли кичикроқ супермаркетдан ташқари барча дўкон ва супермаркетлар ёпиқ бўлади. Бу кунларда хиёбон ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари болалар, уларнинг ота-оналари ва буви-боболари билан гавжум бўлади. Шанба ва якшанба кунлари анъанавий оила даврасида ўтказилади. Шу сабаблими, Испанияда ўртача умр кўриш 84 ёшни ташкил этади.

Испания тажрибасидан унумли фойдалансак бўлади

Бу ерга келганимнинг илк ойларида кўплаб қариялар ва имконияти чекланган инсонларни кўриб, ҳайратга тушганман. Менда «Наҳотки кўзи ожиз ва ҳаракати чекланган инсонлар бу ерда шунчалик кўп бўлса?” деган савол туғиларди. Бироқ кейинги кузатувларим натижасида шунга амин бўлдимки, бу ерда имконияти чекланган инсонлар учун барча шароитлар яратилган: кўп қаватли уйлардаги лифт, пандус, машина қўйиш учун жой, жамоат транспортига чиқиш учун қулайлик ва овозли светофорлар шулар жумласига киради.

Иккинчи жиҳат – давлат ва халқнинг атроф-муҳит ва экологияга бўлган муносабати. Испаниянинг қайси шаҳрида бўлманг, у ерда яшил зоналар жуда ҳам кўп. Шаҳарнинг ҳар ерида кичик хиёбонлар бор, баъзан каттароқ боғларда табиий ёввойилик сақлаб қолинган. Дарё ёки кўлларда турли қушларни кўриш мумкин.

Шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбалари катта қисмни ташкил этади. 2020 йилда шамол тегирмонлари, қуёш панеллари ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган электр энергияси 44,6 фоизни ташкил этган. Юртимизнинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда биз ҳам Испания тажрибасидан унумли фойдалансак, шаҳарларни кўкаламзорлаштирсак, табиатга эътиборли бўлсак, кўплаб муаммоларга ечим топилган бўлар эди.

«Ишлашга рухсат берилмайди» деб ёзилган бўлади

Испанияга ишлашга келиш учун иш визасини сўраш керак бўлaди. Бунинг учун визага ҳужжат топширишдан аввал сизда шартнома бўлиши лозим. Шуни эътиборга олиш керакки, бу ерга бакалавр ёки магистратура босқичида ўқиш учун ташриф буюрган талабаларнинг шахсий идентификация картасига «Ишлашга рухсат берилмайди», деб ёзилган бўлади.

Бу ерда асосий муаммо мамлакат тилини билмаслик ва маданиятидан бехабар бўлишдан келиб чиқиши мумкин. Чунки инсон ижтимоий мавжудот ва у жамиятда фаолият юритади. Одамлар билан яхши муносабат ўрнатиш, мамлакатга мослашиш учун юқоридаги икки омил асосий рол ўйнайди. Барча бўлиши мумкин бўлган иқтисодий масалалардан ташқари, иқлим, сув, диета (овқатланиш тартиби), қадриятларнинг турличалиги ҳам муаммо келтириб чиқаришини унутмаслик зарур.

Аслиддин Аннаев суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар