• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +10.4°C
Detail image

Kun.uz таҳририятига кўплаб ота-оналардан мактабларнинг 2-синф ўқувчилари учун янги дарсликлар етиб бормагани ҳақида мурожаатлар етиб келмоқда.

Биринчи чорак якунланай деб қолган октябрь ойига қадар ўқувчиларга дарслик етиб бормагани албатта ғалати ҳолат.

Kun.uz мухбири халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан интервью уюштирди ва ота-оналарни қизиқтирган қатор саволларга жавоб олди.

— Усмон ака, ота-оналарнинг таҳририятимизга юбораётган мурожаатлари ҳақида сизга айтдим. Хўш, нима учун мактабларда 2-синфлар учун дарсликлар етишмовчилиги юзага келди?

— Бу саволга жавоб беришдан аввал масалани икки қисмга бўлиб олсак. Аввало, шуни айтмоқчиманки, 1- ва 2-синфлар учун дарслик етишмовчилиги деган тушунча унчалик тўғри эмас. Чунки мактабларда айни пайтда дарсликлар бор. Ўқувчилар 2018 йилда чиқарилган дарсликлардан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланмоқда.

Иккинчи масала шундаки, биз дарсликлар бўйича босқичма-босқич миллий дастурга ўтяпмиз. Бу дастур бўйича биз шу йил 1- ва 2-синф ўқувчилари учун янги дарсликларни етказиб беришимиз керак. Бунда биринчи синф бўйича бирор муаммо йўқ, янги дарсликлар барча ўқувчиларга етказилган.

Иккинчи синф учун дарсликлар ҳам тўлиқ тайёр бўлган. Унда нега кечикди дерсиз. Биз иккинчи синф дарсликларини ишлаб чиқишни шу йил февралда бошлаган эдик. Шу ўринда аниқлик киритиб кетиш керак, аввал бу жараён қандай бўлган? Аввал дарслик учун муаллифлар ва бирор нашриёт шунчаки танланган ҳамда чиққан дарсликлар мактабларга етказиб берилаверган.

Биз эса бу жараёнга шаффоф тендерлар ва дарсликлар сифати борасида маслаҳатлашувлар учун халқаро экспертларни жалб қилдик.

Шундай қилиб, дарсликларимиз июль ойида тайёр бўлгач, уни халқаро экспертларга кўриб чиқиш учун топширдик. Улар ўз ўрнида бизга дарсликлар бўйича хулосаларини берди.

Ҳозир мактаблардаги ўқитувчи ва кутубхоначилар мурожаат билан чиқяптики, кўплаб ота-оналар амалда бўлган дарсликни олмай, бирданига янги дарсликларни оламиз деётган экан. Ваҳоланки, амалдаги дарсликлар юридик жиҳатдан ҳали жараёндан чиқариб ташлангани йўқ.

Шундай қилиб, биринчи чоракда ўқувчилар фойдаланиши учун китоблар бор ва улардан фойдаланиш бўйича биз мактабларга тавсия берганмиз.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев

— Бундан аввалроқ биринчи синф ўқувчиларига президент совғалари тўлиқ етиб бормагани ҳам катта муаммо бўлганди. Энди эса китоблар масаласи. Хўш, нима учун вазирлик янги ўқув мавсумига эртароқ тайёргарликни бошламади?

Бу каби ҳолатлар такрорланавериши вазирлик жамоаси ўз функционал вазифаларини тўла эплолмаяптими деган саволларни ҳам пайдо қиляпти.

— Президент совғалари масаласи 20 сентябргача биз томонимиздан тўлиқ бартараф этилди. Биласизми, президент совғаси ва унинг ичидаги ўқув қуроллари учун ҳам тендер бўляпти. Уни эса турли фирмалар ютиб олади.

Айрим маҳсулотлар ҳаттоки хориждан олиб келинади. Биз бу жараёнда фақат якуний маҳсулотни қабул қиламиз.

Агар бизда сиз айтгандек, ҳозирдан кейинги ўқув йилига тайёргарлик имконияти бўлганда бу ишни албатта қилардик. Лекин биласиз, вазирлик бюджет ташкилоти сифатида янги бюджет йилига ҳозирданоқ барча жараёнларни, жумладан, тендер жараёнларини тўлиқ ташкил қилиб қўёлмайди. Буни босқичма-босқич бўладиган ўз жараёнлари бор.

Дарсликлар масаласига келсак, биз кейинги йилги дарсликлар тендерини ҳам фақат янги календар йилдан бошлай оламиз.

Юқорида ҳам айтганимдек, бу йилдан дарсликларни тендер асосида чоп этиш жараёни кетяпти. Бунинг яхши бир тарафи шундаки, очиқ рақобатда нархлар ҳам тушяпти. Аммо бу жараёнларнинг барчаси вазирликнинг ўзига боғлиқ эмас.

— Шундай қилиб, 2-синфларга янги дарсликлар қачон тўлиқ етиб боради?

— Янги дарсликлар айрим мактабларга етиб борган. Бу борада бутун республика учун аниқ бир муддатни айтишим қийин, чунки ҳудудлар ва мактаблар турли жойларда жойлашган. Шунинг учун китобларнинг етиб бориш вақти ҳам бир хил бўлмайди. Ҳозир дарсликлар чоп этилиш жараёнида ва бу жараён 23 октябрда якунига етади. Шундан кейин узоғи 10 кунда у барча мактабларга етиб боради.

Миллий дастур бўйича иккинчи синфлар иккинчи чоракдан тўлиқ янги дарсликларда ўқиши керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда Усмон Шарифхўжаев кутубхоначиларнинг паст ойликлари, нашриётлар монополияси каби масалаларда ҳам ўз фикрларини билдирган.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо

Ўхшаш янгиликлар