• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2.4°C
Detail image

Ҳиндистон ва Россиянинг “Калашников” компанияси 590 миллион долларлик шартнома имзолади. Унга кўра, компания Ҳиндистон ҳудудида АК-203 автоматларини ишлаб чиқаради.

Фото: РИА Новости

Ушбу автоматлар билан Ҳиндистон куч тузилмалари қуроллантирилади. 

Шартнома Россия ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари учрашуви доирасида имзоланган. “Калашников” компанияси бош директори Владимир Лепиннинг таъкидлашича, автоматлар ишлаб чиқарилиши Корва шаҳридаги қўшма корхонада йўлга қўйилади. Шартномага кўра, 600 мингдан кўпроқ автомат ишлаб чиқарилади. 

Ушбу корхонани қуриш ҳақидаги келишув 2019 йилда тузилган. Уттар-Прадеш штатида жойлашган корхонанинг очилишида шахсан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди иштирок этган.

Ҳиндистон Россия қуролининг асосий харидорларидан бири ҳисобланади. Айни вақтда Ҳиндистоннинг Россиядан буюртирган қуроли умумий қиймати 15 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Умуман олганда, Ҳиндистон 1991 йилдан бери Россиядан 70 млрд долларлик қурол буюртирган.

2018 йилда Ҳиндистон Россия билан С-400 зенит-ракета мажмуаларини етказиш бўйича 5,43 млрд долларлик шартнома имзолагани маълум қилинганди. 2021 йил 15 ноябрда “Рособоронэкспорт” раҳбари Александр Михеев Ҳиндистонга ушбу мажмуаларни етказиш бошланганини маълум қилган. Шартномага кўра, Деҳли Москвадан 5 та С-400 полк комплектини олади. Йил охиригача Ҳиндистонга биринчи шундай комплектни етказиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, АК-203 автомати калибри 7,62 ммни, оғирли 3,8 кгни ташкил қилувчи замонавий ўқотар қурол бўлиб, унинг ўқдони 30 та патронга мўлжалланган.   

6 декабрда Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонга амалий ташриф билан келди. Бу Россия етакчисининг пандемиядан кейинги иккинчи хорижий сафари ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар