• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image

Ҳиндистоннинг Aakash Healthcare компанияси Тошкентда замонавий тиббиёт шаҳарчаси барпо этишга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар берди «Дунё».

Фото: AP

Компаниянинг бошқарувчи директори доктор Аашиш Чаудри Livemint.com янгиликлар порталига мазкур тиббиёт тармоғининг яқин келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

«Биз Ўзбекистон вакиллари билан Англашув меморандумини имзоладик. Ўта замонавий инфратузилма, тиббий асбоб-ускуналар, малакали шифокор ва тиббиёт ходимларига эга замонавий шифохона қуриш учун бизга 10 гектар ер ажратилади», - деган у суҳбат чоғида.

Ҳиндистонлик шифокорлар янги Aakash Health Medicity шаҳарчасида, шунингдек, тиббиёт коллежлари, хусусан, ҳамширалар тайёрлайдиган ўқув муассасасини жойлаштиришни режалаштирмоқда.

«Деҳли шаҳрида жойлашган Aakash Healthcare шифохонаси замонавий инфратузилма ва энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган, бу ерда малакали шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолият юритади, -  дейилади мақолада. - Ушбу тиббиёт муассасаси ортопедик ва бўғимларни алмаштириш жарроҳлиги соҳасидаги етакчи хизматлари билан ном қозонган. Шунингдек, кардиология ва юрак жарроҳлиги, она ва бола, умумий ва минимал фойдаланиш жарроҳлиги, офтальмология, неврология, нейрохирургия, буйрак тадқиқотлари ва бошқа йўналишларда илғор тажриба марказлари фаолияти йўлга қўйилган».

Интервьюда таъкидланишича, ўтган йил ноябрь ойида Тошкентнинг Учтепа туманида мазкур тиббиёт тармоғининг умумий қиймати 10 миллион долларлик бўлган кўп тармоқли тиббиёт клиникаси ташкил этилган эди. «Янги лойиҳага 100 миллион доллар сармоя жалб этилиши, 3 мингга яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда», деб ёзади  Ҳиндистон ОАВ.

Ўхшаш янгиликлар