• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24.1°C
Detail image

20 ноябрдан буён Қатарда футбол бўйича 22-жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Мусобақада 32 мамлакат вакиллари иштирок этаётган бўлса-да, юзлаб давлатлардан мухлислар дунёнинг энг зўр мусобақасини томоша қилиш учун келган. Хўш, улар араб ўлкасида қандай яшамоқда?

Аввало Қатарга кириш ҳақида

Қатарга киришда аксар мамлакатлар учун виза режими жорий қилинган. Одатда Қатар визасини олиш осон иш эмас, аммо жаҳон чемпионати вақтида бу жараён соддалаштирилган. Бу учун ФИФАнинг махсус дастури орқали чипта сотиб олишингиз кифоя. Электрон чиптани олгандан кейин Hayya Card деб номланувчи Қатарга киришга рухсат берадиган электрон виза олиш учун рўйхатдан ўтишни бошлайсиз. Бу учун ёки арабчани ёки инглизчани билишингиз керак.

Менда Hayya Card олишда Қатар медиа портали орқали рўйхатда ўтиш қийин кечди, негадир ўзбек мобил рақами орқали рўйхатдан ўтиб бўлмади. ФИФА медиа бўлимига кўп марта хат ёзгандан кейин улар ўзлари видеоалоқага чиқиб Қатар рақами орқали аризамнинг тўхтаб қолган жойидан ўтиб беришди. Қолганига жараён тезлашиб кетди, бир ҳафта ичида виза тайёр бўлганини хабар қилишди.

Қандай келишади?

Жаҳон чемпионати бошланганидан буён дунёнинг тўрт томонидан Қатарга самолётлар оқиб келмоқда. Мундиал бошланган кунларда жадвалга қарасангиз, камида ҳар 5 дақиқада Қатарга битта самолёт қўнаётганини кўриш мумкин эди. Ўзбекистондан Қатарга тўғридан тўғри рейс йўқ, энг қулай вариант Истанбул ёки Дубай орқали. Дунёнинг Қатарга тўғридан тўғри рейси бўлмаган бошқа кўплаб давлатларидан ҳам мухлислар асосан шу икки йирик авиаҳаб орқали учиб келмоқда. Яқин атрофдаги давлатлардан эса машинада ёки сув орқали ҳам етиб келиш мумкин. Масалан, Саудия ҳамда Эрон миллий жамоалари ўйинида мухлислар жуда кўп бўлмоқда.

Қаерда яшашмоқда?

Чипта сотиб олиб, виза масаласини ҳал қилганингиздан кейин ФИФА сизга турар жойлар таклиф қилади. Масалан, мухлислар қишлоғи – фан виллажларидан. У ерда туришнинг устунлиги шундаки, ўйин кунлари стадионлардан фан виллажлари томон бепул автобуслар ҳаракатланади. Яна бу жойлар метрога яқин ерда бўлади. Қатарда эса метрога тушиб олдингизми тамом, шаҳарнинг исталган марказий жойига, айниқса стадионларга бора оласиз. Қатар мундиали деярли битта шаҳарда ўтмоқда дейиш мумкин, уларнинг бир кунда ҳатто метронинг ўзида айланиб чиқиш мумкин.

Фан виллажларида мухлисларга ФИФА 250 доллардан бошлаб жойлар таклиф қилган (ҳозир жой тополмайсиз). Контейнерлардан тайёрланган уйларда ҳамма шароит қилинган, хоналарда одатда 2 ёки 4 кишидан яшашади. Ўз навбатида ОАВ вакиллари учун ҳам ФИФА томонидан турар жойлар рўйхати таклиф қилинади. Бу таклиф қилинган турар жойларни тайёрлаш, тақсимлаш билан Қатарда бутун бошли давлат ташкилоти ишламоқда.

Агар ўзингиз арзонроқ ёки яхшироқ шароитдаги уйларни топмоқчи бўлсангиз, Booking ёки Airbnb каби қидирув тармоқларидан фойдаланишингиз мумкин. Энг арзон жойлаш табиийки ҳостелларда бўлади. Аммо бир хонада 10-15 киши ётадиган ҳостелларда ҳам бир кечаси 100 долларга жой топиш қийин. Бошқа вақт кунига 30-35 доллар бўлган меҳмонхоналар мундиал вақтида кунига 500-600 долларгача кўтарилиб кетган. Яхши аппартаментлар ҳам кунига 400-500 доллардан бошланади. Фан виллажларнинг ёмон томони уларда жой чекланган бўлади.

Шаҳар кичик, қидириб арзонроқ жой топишингиз ҳам мумкин, чунки ҳамма ҳам ўз турар жойини интернет саҳифаларга жойламаган. Уй эгалари ўз вилласининг бир нечта хонасини ижарага бераётган бўлса ва бу ҳақда интернетда эълон қилган бўлса, маъқул бўлган вариантни уйга бориб кўриш керак, чунки Booking ва шунга ўхшаш сайтлар арзимаган иши учун бир дунё «маклерлик тўлови» олади. Худди Тошкент уй бозоридаги маклерлар каби.

Бундай ташқари, одатда ижарачилар бир ҳафтадан узоқ турадиганларга чегирма қилиб беради, интернетда эса бу ҳақда доим ҳам ёзилмайди. Шу сабаб Қатарда 1-2 кун обдон айланиб нисбатан арзон (шу ҳам кунига 100 доллардан қимматроқ бўлади) жой топса бўлади. Аммо бу ерда ҳамма ҳам ўз уйини ижарага бера олмайди. Чунки уйига одам қўйиш учун махсус лицензия олиш керак. Лицензияни олиш учун эса мундиал меҳмонлари учун етарли шароитлар қилиниши керак бўлади.

Қатарга оилавий ёки гуруҳ бўлиб келган сайёҳлар айнан мана шундай ижара уйлар хизматидан кўп фойдаланишмоқда. Биласиз, футболнинг аксар мухлислари ўрта синф вакиллари бўлади ва улар учун камроқ пул билан ўйинларни кўриб кетиш муҳим. Чунки шундоғам чиптага кўп пул сарфлашади. ЖЧ чипталари эса арзон эмас. Масалан, очилиш ўйинида дарвоза ортидаги ўринлар ҳам 1000 долларга чиқиб кетган. Аргентина ёки Бразилияга ўхшаган жамоа мухлислари учун тежамкорлик айниқса муҳим, бу икки жамоа ўйинига чипта топиш қийин ва улар жуда қиммат.

Қаерда овқатланиш мумкин?

Қатарга келадиган мусулмон сайёҳлар учун овқатланиш муаммо бўлмайди, чунки ҳамма таомлар ҳалол. Мусулмонларга тўғри келмайдиган тарзда ҳалол бўлмаган овқатларга эса ҳалол эмас деб белги қўйишаркан (ҳозирча бунақасини учратмадик). Хоҳ Бразилия, хоҳ Италия кафеси бўлсин, таомлари ҳалол бўлиши шарт қилиб қўйилган. Мундиалнинг аксар меҳмонлари овқатланиш учун Qatar Mall ёки City Center каби савдо марказларини танлашади. Биласиз, бундай савдо марказларининг фудкортларида нарх-наво нисбатан қулай бўлади. Масалан, бир киши ўртача 15-20 долларга яхши овқатлана олади.

Шунингдек, стадионлар атрофида ФИФА ҳамкорларидан бўлмиш макдоналдс емакхоналари бор. У ерда 8-10 долларга ҳам овқатлана оласиз. Унинг асосий устунлиги эса кўп давлатда бор ва таъми синовдан ўтган. Ўйин кунлари макдоналдслар энг гавжум манзиллардан бири бўлади. Аммо у ерда буюртмангизни шунчалик тез оласизки, асти қўяверасиз.

Транспорт масаласи

Футбол мухлислари учун Қатар метроси ҳаётидаги қадрдон манзиллардан бирига айланиб қолаётган бўлса керак. Чунки ҳамма имкон қадар метро атрофидан уй топганки, унда қатнаш барча Hayya Card соҳибларига бепул. Футбол ўйинларидан кейин стадиондан 1 км ҳам чиқмайдиган метро бекатларигача 1 соатдан кўпроқ вақт сарфлаб етиб боришга мажбурсиз, чунки бирданига одам кўпайиб, тиқилинч юзага келмаслиги учун оломон махсус гуруҳ томонидан вақти-вақти билан метрога ўтказилади.

Метрога киришни жуда интизор кутадиган минглаб одамлар орасида айнан шу сабаб «Metro this way» деб айтиб турадиган волонтёрлар машҳур бўлиб кетди, мухлислар бу чақириқни жўр бўлиб куйга солиб айтишни ҳам одат қилишди. АҚШ – Англия ўйини танаффусида бундай волонтёрлардан бири стадионга таклиф қилиниб, у билан бутун стадион «Metro this way» деб айтди.

Метро атрофида бўлмаган «Ал Жануб» ва «Ал Байт» стадионларида эса ўйиндан кейин мухлисларни метрогача олиб борадиган бепул автобуслар ташкил қилинган. Шунингдек, стадионлардан мухлислар турадиган фан виллажларга ҳам автобуслар қатнайди. Бу ишлар Қатар ҳукумати томонидан молиялаштирилган.

Энг асосий қулайлик

Қатарга чиндан жуда кўп мухлис келган, буни ҳар ўйинда стадионлар тўлаётганидан ҳам кўриш мумкин. Мухлислар учун энг қулай томони эса мусобақа деярли битта шаҳарда ўтиб стадионлар ораси яқин экани. Масалан, сиз маҳаллий вақт билан соат 13:00 да бошланадиган куннинг биринчи ва 22:00 да бошланадиган тўртинчи ўйинига бемалол киришингиз мумкин. Бу учун шайсий машина ёки такси ҳам керак эмас, метрога тушсангиз кифоя. Тил билмасангиз ҳам волонтёрлар борадиган жойингизни кўрсатиб қўяди.

Ўткир Жалолхонов, Қатар

Ўхшаш янгиликлар