• 10839.90
  • 11439.35
  • 202.99
weather Тошкент: +36.8°C
Detail image

Россиянинг Украинага бостириб кириши Болтиқбўйи давлатларини душман томонидан қўлга олинганидан олти ой ўтиб озод қилиш стратегияси уларни бутунлай йўқ қилишга олиб боришини кўрсатди, деди Эстония бош вазири.

Фото: AP

Эстония бош вазири Кая Каллас НАТОнинг Болтиқбўйи давлатларини Россия босқинига учраган тақдирда ҳимоя қилиш бўйича мавжуд режасини танқид қилди ва альянс тасвирлаган сценарийда мамлакат ер юзидан йўқ бўлиб кетишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Каллас 23 июнь, пайшанба куни Financial Times газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, НАТО амалдаги режаси Россия босқинига учраган тақдирда Эстония, Латвия ва Литва 180 кун ичида эгалланиши, шундан сўнг альянс кучлари уларни озод этиши мумкинлигини назарда тутади. Каллас Россиянинг Украинага бостириб киришининг юз кунлик натижаларига ишора қилди. «Агар сиз Украина ва Болтиқбўйи давлатларининг ўлчамларини солиштирсангиз, бу мамлакатлар ва маданиятимиз бутунлай вайрон бўлишини англатади. Агар сиз Таллинда бўлган бўлсангиз ва бизнинг эски шаҳримиз, у ердаги кўп асрлик тарих ва маданиятни билсангиз - буларнинг барчаси харитадан ўчирилади, жумладан, халқимиз, миллатимиз ҳам», деди у.

Каллас Бучадаги қирғин ва бошқа эҳтимолий ҳарбий жиноятлар босқиндан тахминан 80 кун ўтгач содир бўлганини эслади. Бош вазирнинг огоҳлантиришича, «мағлубиятга учради, кейин эса озод қилинди» тамойилидаги НАТО концепцияси аслида ишламайди.

Каллас, шунингдек, Эстонияда жойлашган, асосан Буюк Британиядан келган хорижий ҳарбийлар билан суҳбатлашганини айтди ва улар унга «Россиянинг эҳтимолий босқини вақтида ўлишлари кераклиги ҳақидаги фикр тинчлик бермаётганини тан олди».

НАТОнинг 1500 га яқин ҳарбий хизматчиси Болтиқбўйи давлатларининг ҳар бирида доимий жойлашган. Амалдаги мудофаа концепцияси ҳужумга биринчи реакция учун бундай кучларни жойлаштириш ва қўшимча кучлар келишига тайёргарлик кўришни ўз ичига олади. Жанговар гуруҳлар турли мамлакатлардан бўлгани тўхтатувчи омил бўлиши керак, чунки ҳужум содир бўлган тақдирда бу бошқа НАТО мамлакатлари ҳарбийларига таъсир қилади, деб ёзади Bloomberg «тортилган сим» (tripwire) тушунчасига таъриф бериб.

Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан Болтиқбўйи давлатлари бу концепция Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин эскирганлигини таъкидламоқда, деб ёзади FT ва Bloomberg. «Энди ҳамма бу тортилган сим тушунчаси аслида ишламаслигини кўриши мумкин», деди Каллас. Болтиқбўйи давлатлари уни НАТО биринчи кундан бошлаб ҳар бир қарич ҳудудни ҳимоя қилишга интиладиган стратегияга ўзгартиришга чақирмоқда. Эстония бош вазири, шунингдек, 20 мингдан 25 минггача НАТО аскаридан иборат бўлинмаларни Латвия, Литва ва Эстонияга юборишни сўради, деб ёзади FT. 

НАТО расмийсининг нашрга айтишича, альянс «таҳдидларни ушлаб туриш ва барча иттифоқчиларни ҳимоя қилиш режаларига эга», аммо НАТО «ҳеч қачон операция тафсилотларига тўхталмайди». Нашр суҳбатдошига кўра, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг «тийиб туриш ва мудофаани кучайтириш келаси ҳафта бўлиб ўтадиган НАТО саммитининг асосий қарорларидан бири бўлишини аниқ айтди».

«Биз иттифоқдош ҳудуднинг ҳар бир дюймини ҳар доим ва ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қиламиз. Юқори тайёргарликдаги кучлар сонини кўпайтириш орқали НАТО кучлари тузилмасини мослаштирамиз. Шунингдек, шарқдаги жанговар гуруҳларни кучайтириш учун кўпроқ НАТО олд жанговар тузилмаларига эга бўламиз», - деди альянс вакили. 

«Ҳозирги кўринишдаги тортилган сим концепцияси етарли эмас. Бизнинг ҳарбий машғулотларимиз янги воқеликни акс эттириши керак. Иттифоқчиларнинг бутун шарқий ҳудуди янги таҳдидга дуч келаётганига жавоб беришимиз керак. НАТОнинг жануби-шарқий Европа мамлакатларидаги иштирокини ошириш лозим», деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

Берлин Литвага 1000 нафарга яқин аскардан иборат ҳозирги батальонга 3500 нафар аскардан иборат «ишончли жанговар бригада»ни қўшишни таклиф қилди. Ҳарбийларнинг аксарияти Германияда бўлади ва тезкор равишда Болтиқбўйи мамлакатларига етиб бора олади, деб ёзади FT.

Ўхшаш янгиликлар