• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Тошкент ерусти метросининг 19 та бекатига қандай ном бериш бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади. Бугун, 29 ноябр куни бўлиб ўтган ишчи гуруҳ йиғилишида дастлабки таклифлар шакллантирилган ва эндиликда улар овозга қўйилади.

Фото: Kun.uz

Кенг жамоатчилик фикрини йиғиш ва овозга қўйиш мақсадида тез орада Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус веб-саҳифаси ишга туширилади. Бу ҳақда Kun.uz'га Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“Кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар устида ишлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, унда мазкур масалага масъул бўлган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бир қаторда, олимлар, тарихчилар, филологлар, ўлкашунос, блогерлар, топонимика соҳасида катта тажрибага эга бўлган мутахассислар таклиф этилган”, – дейилади расмий изоҳда.

Вазирлик ишчи гуруҳнинг йиғилишида бекат номлари бўйича қандай таклифлар илгари сурилгани ҳақидаги саволимизга жавоб бўлмади. Йиғилишда қатнашган филолог, блогер Элдор Асанов ҳам бу ҳақда ёзган постида таклиф-номларни очиқламаган, “Убайдуллахон” номи қабул қилинмаганини билдирди.

“Яхши тўпланиб, яхши таклифлар берилди. Ҳам тарихий номлар, ҳам бугунги топонимия инобатга олинди. Жимжимадор ёки сиёсий номлар танланмади. Тарихий шахслар ҳам яхши танланди. Лекин Убайдуллахон ўтмади.

Умуман, яхши ишладик! Яқинда номлар эълон қилинади, тошкентликлардан биринчи ўринда мақтов, ундан кейин таклиф ва эътирозлар кутиб қоламиз”, – дея ёзди Асанов ўзининг Telegram-саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, ерусти метрополитенининг Дўстлик–Қўйлиқ ва Олмазор–Сергели йўналишларидаги 19 та бекати ҳозирда вақтинча рақамлар билан номланган.

Ўхшаш янгиликлар