• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image

Фойдаланишга топширилганига 1 йил ҳам бўлмаган мазкур кўп қаватли уй “Янги замон бино” МЧЖ томонидан қурилган. Бу қурилиш фирмасининг 50 фоиз улуши “Ўзбекистон темирйўллари”АЖга тегишли. Яна бир таъсисчисининг келиб чиқиши “Golden House Development”га тақалади.

Kun.uz’га Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушди. Унда фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмаган “дом”нинг бир томони чўкиб бораётгани айтилади.

Таҳририятга тақдим этилган видеолавҳаларда ҳам ёнма-ён қурилган уйлардан бири “ёнбошлаб”, юқори қисми иккинчисига тегай деб қолганини кўриш мумкин.

Мазкур кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирини субсидия асосида харид қилганман. Уй 2022 йил декабр ойида фойдаланишга топширилган. Март ойидан бошлаб уй силжишни бошлаганди. Ҳозирги кунда бу силжиш сезиларли даражада келиб, “дом” қийшайиб қолди. Юқори қаватда яшовчи хонадонларнинг таъмири кўчиб, яроқсиз ҳолатга келишни бошлаган”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.

Чўккани айтилаётган ушбу кўп қаватли уй “Янги замон бино” МЧЖ томонидан қурилган.

 

Корхона ва ташкилотлар очиқ реестрига кўра, 2016 йил 14 ноябрда ташкил этилган, устав фонди 566 млрд сўм бўлган “Янги замон бино” МЧЖга 50 фоизлик улушдан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳамда “Unique trade Business” МЧЖ эгалик қилади. “Unique trade Business” МЧЖнинг 99 фоиз улуши эса “Golden House Development” МЧЖга тегишли.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолат ўрганилаётганини, ўрганиш натижалари маълум қилинишини билдирган

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри “Ифтихор” МФЙ ҳудудида қурилиб, фойдаланишга топширилган мазкур кўп қаватли уйда юзага келган ҳолат ҳозирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг қурилиш лойиҳа ташкилотлари мутахассислари, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси масъуллари томонидан назоратга олинган. Ўрганиш натижалари бўйича батафсил маълумот тақдим қилинади”, дейилади вазирлик муносабатида.

Ўхшаш янгиликлар