• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

340 от кучига эга Nissan Х-Trail

Nissan Хитой бозорида Х-Trail моделининг савдосини бошлади. У икки хил комплектацияда харидорларга таклиф этилмоқда. Хусусан, Deluxe позицияси 27 000 долларга баҳоланган бўлса, Supreme комплектацияси учун 28 350 доллар сўралмоқда. Иккала позиция техник томондан бир хил, фақатгина қўшимча имкониятлар билан фарқланади.

Фото: autohome.com.cn

“Супергибрид” Nissan Х-Trail 2-авлод e-POWER гибрид тизимига эга бўлади. Ички ёнув двигатели фақат генератор вазифасини бажариб беради, яъни унинг машина ғилдиракларига умуман алоқаси йўқ. Шу томондан Х-Тrail электромобилга жуда ўхшаб кетади. Иккита электромотор ўрнатилган — олд ва орқада. Улар жами 340 от кучини беришга қодир. Автомобиль батареясини 1,5 литр ҳажмга эга 144 от кучини берадиган турбодвигател қувватлаб туради.

Фото: autohome.com.cn

Сунъий Ой

Канадалик тадбиркор Майкл Хендерсон Дубайда Ойнинг улкан нусхаси қуриш таклифи билан чиқди. Қурилиш қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Фото: AP

Қайд этилишича, шарсимон иншоот 30 метрли бинонинг тепасига ўрнатилади. Унинг ичида 4000 хонали меҳмонхона ва дам олиш маскани, 10 минг кишини сиғдира оладиган спорт саройи, соғломлаштириш маркази жойлашган курорт ҳамда меҳмонлар сайр қилишлари мумкин бўлган “ой колонияси” бўлади.

BYD SF йўлтанламаси

BYD компанияси тез орада F номи остида янги моделни тақдим этишини маълум қилди. Бироқ батафсил расмий маълумот эълон қилинмади.

Март ойида йўлтанламаснинг илк суратлари пайдо бўлганди. Экспертлар BYD SF’ни Mercedes G-Class’нинг рақобатчиси сифатида кўрмоқда. Маълумотларга кўра, SF июнь ойида Хитой бозори учун сотувга чиқиши мумкин.

Фото: bydglobal.com

Модел узунлиги 5 метрга тенг. У 680 от кучини берадиган двигатель билан жиҳозланади. Бир марталик тўла қувватланиш билан 1200 кмгача масофани босиб ўта олади ва ўзида энг замонавий технологияларни мужассам қилади. Нарх эса комплектациясига қараб 57 000 доллардан 85 620 долларгача бўлади.

YouTube Stories функцияси тугатилади

Жорий йилнинг 26 июнидан бошлаб YouTube платформаси Stories функциясини тугатади. Ушбу функция дастлаб 2017 йилда Reels номи билан тақдим этилган бўлиб, 10 мингдан ортиқ обуначига эга фойдаланувчилар учун мавжуд эди. Бироқ бу формат оммавийлашмади.

Chevrolet Silverado

АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) маълумотларига кўра, Chevrolet Silverado электропикапининг Wоrk Truck комплектацияси тўла қувват билан 724 км масофани босиб ўта олади.

Фото: Chevy
Фото: Chevy

Silverado WТ 2023 йил ёзидан сотувга чиқади. Тўртала ғилдирак ҳам тортиш кучига эга, двигатель эса 510 от кучини беради. Тезкор қувватлаш имконияти мавжуд. 10 дақиқада 160 км масофага етадиган қувватга эга бўлиш мумкин. Модел нархи борасида ҳозирча расмий маълумот тақдим этилгани йўқ.

Маск мия чипларини одамларда синашга рухсат олди

Илон Маскнинг мия чиплари ишлаб чиқарувчи Neuralink компанияси клиник синовларни ўтказишга рухсат олди. Neuralink 26 май, жума куни Twitter’даги саҳифасида: «Биз FDA (Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси) рухсатномасини олганимизни мамнуният билан эълон қиламиз», — деб ёзди.

Фото: Getty images

Хабарда Neuralink технологияси кўпчиликка ёрдам беришига ишонч билдирилган. Компания, шунингдек, биринчи клиник синовларда иштирок этишни хоҳловчиларни олиш ҳали бошланмаганини, бироқ қўшимча маълумотлар яқин вақт ичида оммага эълон қилинишини билдирди. 

Ўхшаш янгиликлар