• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

2023 йил кузидан бошлаб Ўзбекистонда Хитойнинг BYD компанияси ўз автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди. Хўш, BYD ўзи қанақа компания? Унинг Ўзбекистонга кириши бензин ва газда юрувчи автолар муаллифи бўлган GM монополиясига зарба бера оладими? Бу саволлар кўпчилик ўзбекистонликлар кўнглининг тубидан чиқиши аниқ.

Фото: Ўзавтосаноат

«Харобадан чиққан» миллиадер компанияси

BYD қисқартмасининг тўлиғи – Build Your Dreams (инглиз тилидан «Ўз орзуларингни ярат»). Хитойнинг ушбу гигант корхонасининг бош офиси Шенжэнь шаҳрида жойлашган. Гибрид енгил автомобил, электромобил, эҳтиёт қисмлар, аккумлятор ва бошқа электроник маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Компания 2022 йил эълон қилинган Forbes Global 2000 рейтингида 580-ўринни эгаллаган. BYD хўжайини – миллиадер Ван Чуаньфу саналади.

Ван Чуаньфу 1966 йилда камбағал деҳқон оиласида туғилган. Олийгоҳнинг кимё факултетини тугатган йигит бир неча давлат хизматида ишлаб кўради. Бири икки бўлишига кўзи етмаган Ван 29 ёшида BYD Co. хусусий корхонасига асос солади. Унга қариндоши Лю Синъян молиявий ёрдам беради. Компания дастлаб аккумулятор ишлаб чиқаришга ихтисослашганди. Шэньчжэнь – электроника саноати гуллаган шаҳар эди.

BYD'нинг Шэньчжэндаги бош штаб-квартираси / Фото: BYD

Натижада BYDчиларнинг «кетмони уча бошлайди». 2002 йилдаёқ Хитойдаги йирик аккумлятор ишлаб чиқарувчисига айланиб, Ҳонгконг фонд биржасига ўз акцияларини қўяди. Ишлар юришиб кетгач, мамлакат бўйлаб бир нечта корхона сотиб олинади ва Toyota Corolla машинасидан илҳомланиб, биринчи модел – F3 ишлаб чиқарилади.

Кейинги бир неча йил ичида бир қатор бошқа моделлар ишлаб чиқарилди, уларнинг аксарияти Toyota моделларига ўхшаш эди. 2010 йилга келиб, сотувлар миқдори йилига 500 минг автомобилга етди. Хитойнинг тўрт шаҳрида ишлаб чиқариш базалари жойлашган (Шенжэндан ташқари Сиан, Шанхай ва Пекинда ҳам).

Кейинги муваффақиятлар

Уоррен Баффет (ўнгда) 2008 йилда BYD'нинг 225 миллион дона акциясини 8 доллардан сотиб олган эди. / Фото: BYD

2008 йилда америкалик машҳур миллиардер Уоррен Баффетга тегишли Berkshire Hathaway корпорацияси BYDнинг 10 фоиз акциясини 230 миллион долларга сотиб олгач, компаниянинг умумий қиймати беш баробарга ошиб кетади.

2009 йилнинг охиридаёқ катта хўжайин Ван Чуаньфу Хитойнинг энг бой кишиси унвонини ўзиники қилиб олганди.

2013 йилга келиб, компания ўз дизайнлари асосида янги моделлар ишлаб чиқаришни бошлади. Хитойлик тадбиркорлар тарихдан илҳом олишган чоғи, дастлабки моделни Qin (Цинь) деб номлашди. Бу мамлакат қадимги тарихида ҳукм сурган империя эди.

Шундан кейин бошқа империяларга ҳам атаб Tang (Тан), Yuan (Юань), Song (Сун) ва Han (Ҳан) каби моделлар ишлаб чиқарила бошлади. 2016 йилда Audi'да порлаган дизайнер Вольфганг Эггер ишга олинган бўлса, 2020 йилдан бошлаб Toyota билан ҳамкорликда алоҳида электромобил ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилди.

Компаниянинг асосий маҳсулотлари автомобиллар ва бутловчи қисмлар бўлиб, улар 2021 йилда умумий даромаднинг 52 фоизини, аккумуляторлар ва қуёш батареялари – 7 фоизини ташкил этди. Шунингдек, мобил телефонлар ва бошқа электроника учун бутловчи қисмлар, шунингдек, жиҳозларни йиғиш хизматлари ҳам бор. Умумий даромаднинг 70 фоизи Хитой (шу жумладан Ҳонконг, Макао ва Тайван)га тўғри келди.

2022 йилда BYD дунё бўйлаб энг кўп электромобил сотиш бўйича Tesla'ни ортда қолдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин таъкидлаш керак, бу хабарлар компаниянинг 2022 йил биринчи ярмида гибрид автомобилларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 300 мингта автомобил сотгани ҳақидаги ҳисоботи билан боғлиқ эди. Гибрид автомобиллар эса тўлақонли электромобил ҳисобланмайди.

Компания танқидга ҳам учраган

BYD компаниясининг ҳамма ишлари хамирдан қил суғургандек бўлган эмас. У ишлаб чиқарган моделлар танқидларга ҳам учраган. Жумладан, Great Wall концерни айрим моделларни экология бузувчи дея топди. Концерн BYD Qin Plus ва BYD Song Plus кроссоверини синовдан ўтказди ва экологик нормаларга мос келмайди дея хулоса берди.

Great Wall мутасаддиларининг иддаоларига кўра, хитойлик экологлар ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда ушбу икки модел юзасидан жиддий текширув ўтказишлари мақсадга мувофиқдир.

BYDнинг жавоби эса кўп куттирмади: айтилишича, Great Wall концерни соф рақобатга чидай олмай шундай бёнот билан чиққан, ҳар иккала модел миллий сертификация талабларига тўлиқ жавоб беради. Компания ўз манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқи борлигини ҳам эслатди.

BYD Японияни «забт этишга» ҳам бел боғлаган

Бир йил аввал BYD Auto илк бор Японияда енгил автомобил чиқара бошлади. Июл ойи бошида хитойликлар кунчиқар ўлкада BYD Auto Japan корхонасига асос солишганди.

Япон машина бозоридаги кучли рақобат сабаб, BYD ишга жиддий киришди. Жумладан, учта кучли модел – Atto 3 кроссовери, Dolphin ҳэтчбеки, Seal седанини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Биринчи бўлиб ишлаб чиқарилган Atto 3 ўрта ўлчамли кроссовери 152 кВт (204 от кучи) қувватга эга фақат битта электр двигател билан ишлаб чиқарилади, бир қувватлашда автомобил 485 кмгача йўл босади.

Ўзбекистонга қадамлар

Жиззахдаги “Jizzakh Auto” автомобил заводи / Фото: Ўзавтосаноат

Юқорида айтганимиздек, BYD жорий йил охиригача Ўзбекистонда ҳам электромобил ишлаб чиқара бошлайди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда электромобилларга қизиқиш шиддат билан ўсмоқда, ҳатто мамлакат раҳбарияти ҳам ушбу турдаги автомобилларни кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни қўлламоқда.

Мамлакатимизга кириш бўйича музокаралар 2022 йилдан бошланган, июн ойида UzAuto Motors билан ҳамкорлик келишуви имзоланганди. Маълумотларга кўра, BYD Uzbekistan Factory корхонаси Жиззах вилоятида барпо этилади ва 10 гектардан зиёд майдонни эгаллайди. Ишлаб чиқариладиган машиналар нархлари 285 миллион сўмдан 655 миллион сўмгача бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистонда учта модел ишлаб чиқарилади: Song Plus (гибрид), Chazor (гибрид) ва HAN EV (электромобил). Булар ичида энг қиммати HAN EV модели бўлиб, унинг баҳоси 613-655 миллион сўм бўлиши кутилмоқда.

Аброр Зоҳидов

Ўхшаш янгиликлар