• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

2023 йил маълумотларига кўра, Қорақалпоғистонда январ-сентябр ойларида ЙТҲлар оқибатида 5 нафар вояга етмаган бола вафот этган, шунингдек 45 нафари жароҳатланган. Умумий жабрланганларнинг 39 нафари мактаб ўқувчилари ҳисобланади.

2022 йилги статистикага кўра, Қорақалпоғистонда ва бир қанча вилоятларда 2 мингдан ортиқ йўл кесишмаларида светофор ва йўл белгилари ўрнатилмагани аниқланган.

Шу йилнинг 15 сентябр куни Бўзатов туманига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўтиши керак бўлган йўл қисмига светофор ёки тезликни пасайтирувчи тўсиқлар ва белгилар ўрнатилмагани аниқланди.

«Мактаб катта йўлга яқин жойлашган, шунингдек марказий бозорга ҳам яқин. Айниқса, ҳафтанинг жума куни туманда «бозор куни» бўлгани учун йўлларда транспорт воситалари кескин кўпаяди», — дейди мактаб ўқувчиларидан бири.

Мактабда 5–11-синфгача бўлган ўқувчилар икки сменада ўқийди. Эрталабки ва тушдаги вақтда навбатчи муаллимлар қўлларига қизил байроқ кўтариб ўқувчиларни йўлдан ўтказиб қўяди.

Бўзатов тумани ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Рустам Жангабергенов берган маълумотга кўра, ҳақиқатан ҳам мактаб йўлида тезликни пасайтирувчи белгилар ёки тўсиқлар ўрнатилмаган. «Туман бўйича ҳалигача светофор йўқ», — дейди Жангабергенов.

Туман ҳокимлиги икки йилдан бери ушбу масала бўйича «Опен бюджет»га ташаббус киритиб келаётганини маълум қилди.

Ҳозир туман бўйича 4 та жойга: Бердақ гузари – Қорақалпоғистоннинг 60 йиллиги кўчалари кесишмаси, Амир Темур – Қорақалпоғистоннинг 60 йиллиги, Бердақ гузари – А.Досназаров кўчалари кесишмаларига 3 комплект ва ихтисослаштирилган мактаб олдидаги йўлга светофор ўрнатилиши учун жами 600 млн сўм ажратилиши таклиф қилинган.

Ташаббусли бюджетга қўйилган лойиҳалар.

«Светофор масаласи бўйича туман аҳолисидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ҳозирги кунда туманда ички йўлларда ўнлаб ишлар амалга оширилмоқда, лекин, светофор ўрнатиш учун маблағ ажратилмаган», — дейди Бўзатов тумани ҳокимининг ёшлар сиёсатини ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Низаматдин Тўремуратов.

Туманда 2023 йилнинг иккинчи мавсумида фақат битта ташаббус ғолиб деб топилган.

Юқорида қайд этилганидек, муаллимлар айни пайтда мактаб ўқувчиларини йўлдан хавфсиз ўтказиб қўйиш учун қизил байроқ кўтарган ҳолда иш олиб боришмоқда. Бироқ бу қонун билан тақиқланган: чунки бу иш ўқитувчиларнинг асосий вазифасига кирмайди. 

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябр ойида пиёдалар ўтиш йўлида мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ўтишини чеклаб турган Амударё тумани ХТБга қарашли 22-сонли мактаб ўқитувчисини машина уриб юборган ва оқибатда муаллимнинг оёқлари жиддий шикастланган. Орадан кўп ўтмай пиёдалар ўтиш қисмига ётиқ тўсиқлар ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Айзада Амангелдиева,

Нукус давлат университети журналистика факултети талабаси

Ўхшаш янгиликлар