• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Бу масала экспертлар билан муҳокама қилиниб, жамоатчиликнинг таклифлари олинади. Судга ҳурматсизлик фақатгина суд процессидаги жараёнлар билан боғлиқ, уни бошқача талқин қилиш керак эмас, дейди Олий суд судьяси. Судларнинг мақоми билан боғлиқ бу турдаги жавобгарлик суд-ҳуқуқ тизими ривожланган барча давлатларда мавжуд, дейди Ҳасан Очилов.

- 2023 йил 16 январь куни қабул қилинган судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир президент фармонида судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш ҳақида банд бор. Нима учун бундай таклиф берилди? Ўзи аслида судга ҳурматсизликка нималар киради, аниқ критерияси борми бунинг?

Ҳасан Очилов, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси:

- Судга ҳурматсизликни бошқача тушунмаслик керак, бу ерда айнан суд процесси жараёнидаги ҳурматсизлик назарда тутилган. Бу ҳаракат учун амалдаги МЖтКда алоҳида модда бор. Энди бу моддаларни такомиллаштириш ва бундай ҳаракат учун жиноий жавобгарлик нега керак? Аввало, бирор ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланганда, бу борада халқаро тажриба борми, улар нима учун бу ишга жавобгарлик белгилаган, деган саволлар қўйилади.

Суд-ҳуқуқ тизими энг илғор англо-саксон давлатлардан Англияни олинг, ёки АҚШ ва Германияни оласизми, буларнинг барчасида судга ҳурматсизлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик бор. Нимага? Бу аввало суднинг мақоми билан боғлиқ: процесс алоҳида жараён, судья алоҳида шахс. Унда ҳурматсизлик қилиш керак эмас. Ҳурматсизлик дегани – суд ишига халақит қилиш, судьяга қўпол муносабатда бўлиш, судьяни ҳақорат қилиш билан боғлиқ процессдаги жараёнларни ўз ичига олади.

Лекин судья ҳам оддий фуқаро, у ижтимоий муносабатларда ёки бошқа ҳолатларда ҳақорат қилинса ёки зарар етказилса – бу судга ҳурматсизлик деб баҳоланмайди. Бунда оддий фуқарони ҳақорат қилишга доир ёки бошқа тегишли моддалар қўлланади. Кутилаётган ўзгаришлар ҳам айнан процесс жараёнидаги ҳурматсизликка нисбатан жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.

Буни алоҳида тартибга солинишининг сабаби айнан бир жараёнга тааллуқли бўлгани учун. Масалан, тасаввур қилинг: ҳақорат қилма, деганингиз билан одамлар уни [оқибатларини] тушуниб етмайди. Агар, судга ҳурматсизлик қилманг, деб огоҳлантирилса суд жараёнидаги тартибларга ҳам риоя қилади. Шу нуқтаи назардан бундай махсус норма бутун дунёда бор. Америкада ҳам бор, улар ҳатто бунинг учун озодликдан маҳрум қилиш жазосигача тайинлайди.

Учқун Рўзиев, Олий суд судьяси, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзоси:

Фармонда шундай топшириқ кетган. Буни ишлаб чиқиш бўйича ишлар энди бошланади. Бу масала мутахассислар билан муҳокама қилинади ҳамда барчадан таклифлар олинади. Аввало ҳурматсизлик дейилганда нима назарда тутилади, уни оғирлаштирув ва енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ҳаммаси эътиборга олинади. Шундан сўнг лойиҳа ишлаб чиқилади.

Тўлиқ интервьюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Ўхшаш янгиликлар