• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image

Ижтимоий тармоқларда солиқ ўзгаришлари юзасидан тадбиркорлар эътирозлари кўпаймоқда. Ўзгаришлар айниқса кичик ва ўрта бизнесга зарба бериши бот-бот айтилмоқда. Kun.uz тадбиркорларни хавотирга солаётган асосий масалаларни жамлади.

Фото: iStock

Мол-мулк солиғи билан боғлиқ муаммо

Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларини юридик ва жисмоний шахс эгалигидан қатъи назар бозор қиймати асосида солиққа тортиш тизими жорий қилинди.

Мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат киритилди, бу Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм, вилоятларда 1 500 000 сўм, туман ва шаҳар марказларида 1 миллион сўм этиб белгиланди.

Тадбиркорларнинг эътирозларига кўра, бунинг натижасида солиқ тўловлари 2-3 баробарга ошиб кетган.

ДСҚ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 69 мингдан ортиқ мол-мулк солиғи тўловчиси бўлиб, ушбу ўзгариш натижасида мулк қиймати (бозор қийматидан) паст кўрсатилган 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади. Бироқ белгиланган тартибда кўчмас мулкини қайта баҳолаб борган 21 мингдан ортиқ солиқ тўловчида мол-мулк солиғи ўтган йилга нисбатан камаяди.

Шунингдек, 7 мингга яқин тўловчида солиқ суммаси ўзгаришсиз қолса, мулк қийматини «нол» кўрсатиб, белгиланган тартибда қайта баҳолаш ўтказмаган ва мол-мулк солиғи тўламаган 5 мингга яқин корхона баҳолаш натижасига кўра мол-мулк солиғини қайта ҳисоб-китоб қилади.

Бундан кўриниб турибдики, қарийб 60 фоиз мол-мулк солиғи тўловчисида солиқ юки ошади.

«Пасайтирилган солиқ ставкаси бизнесга ёрдам эмас, тузоқ»

Иқтисодчи Отабек Бакиров 2022 йилдан юридик шахсларга мол-мулк солиғи пасайтирилишига қарамай, аслида солиқ юки ошишига эътибор қаратди.

«2022 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулки солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтирилди. Бу ўзгаришлар гўёки бизнес манфаати учун қилингани ҳақида кўп баландпарвоз гаплар айтилди.

Афсуски, ставка пасайтирилиши бизнесга ёрдам эмас, тузоқ эканини кўпчилик парламентдаги бюджет муҳокамалари вақтида пайқамади ҳам.

Халқ сайлаган депутат Ғаниев бу борада савол қўйган вақтда, парламент мажлиси муҳокамалар жойи эмаслиги бутун бошли партия раҳбари (Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳақида гап кетмоқда) томонидан таъкидлангани эсингиздадир.

Ўшанда муҳокамалар вақтида Солиқ қўмитаси вакиллари ставка пасайгани билан солиқ тўловлари амалда ошишини тан олган ҳолда, вилоят кенгашлари пасайтирилувчи коэффициентлар қўллаши мумкинлигини айтишганди. Кузатиб турибман, шу кунгача бирор ҳудудда мол-мулк солиғи бўйича пасайтирувчи коэффициентлар жорий этилмади. Нафақат мулк солиғи, ер солиғи бўйича ҳам шу кунгача бирор вилоятда пасайтирувчи коэффициентлар ҳали жорий этилгани йўқ», деб ёзди у.

Отабек Бакиров таъкидлаганидек, фармонга мувофиқ минимал қийматга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, Халқ депутатлари вилоят кенгашлари томонидан туманларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда 0,5 фоизгача камайтирувчи коэффициент қўллаш ҳуқуқи берилган.

«Ҳокимлар бизнесга ва айниқса кичик бизнеснинг аҳволига буткул бефарқлигини тасдиқланаётган бюджетлар кўрсаткичларидан ҳам билсангиз бўлади. Мол-мулк солиғи бўйича тушумлар режаси 2021 йилга нисбатан жуда катта кўламда оширилган, ҳатто бюджетида солиқ тушумлари бўйича муаммоси йўқ энг бой ҳудудларда ҳам. Масалан, Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти бюджетида мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 2,3 баробар, Самарқанд вилоятида тушумлар режаси 53 фоизга оширилган», дея фикрларини хулосалайди иқтисодчи.

Шунингдек, яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Лилия Николенко эса солиқчиликдаги салбий ўзгаришларни санаб ўтган.

Постда e-ijara ва e-aktiv платформаларида рўйхатга олиш, мол-мулк солиғининг кўп чиқаётгани ва ҚҚС занжири билан боғлиқ муаммоларга урғу берилган.

Тадбиркорлар нима дейди?

Kun.uz эълон қилган хабардан кейин мурожаатлар манзилига мингга яқин тадбиркорлар янги тартиб жорий этилиши ортидан келиб чиқаётган турли муаммолари ҳақида ёзишди. Қуйида уларнинг айримлари келтириб ўтилади (Бу каби мурожаатлар тинимсиз келмоқда).

Мулк солиғи бўйича:

Минимал қиймат табақалашмаган. Шаҳар марказидаги хароба нотурар жой билан замонавий нотурар жой ҳам бир хил бозор қийматига эга бўлмайди. Масалан, ишламай ётган хароб жойни сотиб олиб, инвестиция киритиш фикрида юрган тадбиркор энди бу фикридан қайтиши мумкин. Ёки молиявий ҳолати яхши бўлмаган мулк эгаси ушбу ўзгаришдан кейин ё фаолиятини тўхтатиб, мулкни сотиш пайига тушади, ёки мулкни бузиб ташлайди. Энг ёмони – бу ўзгаришдан кейин нарх-наволар ошади, пировардида истеъмолчи – оддий халққа жабр бўлади. Сабаби – одатда тадбиркорлар янги солиқларни якуний истеъмолчига «елка» қилиб ўтказиб юборади.

E-aktiv платформаси:

Дастур жуда примитив, фойдаланишга ноқулай. Фақат 1С ёки 1УЗ дастури фойдаланувчилари интеграция орқали енгилроқ фойдаланишлари мумкин. Сайтга корректировка киритиш функцияси йўқ. Онлайн фактураларга яхши боғланмаган. Хуллас, камчиликлари кўп бўлган сайтда ишлашни мажбурий қилиш – бухгалтерларни сарсон қилишдан бошқа нарса эмас. Бу техник носоз автомобилни кўчага ҳайдашга мажбурлаб чиқаришдек гап. Аварияга учраш ёки жаримага тушиш муқаррар!

ҚҚС узилиши коэффициенти бўйича:

1198 қисқа рақамдан сўралганда бу асосан сизнинг контрагентларингиз томонидан солиқ ҳисоботлари топширилмагани ёки солиқ тўламагани коэффициенти деб тушунтиришди. Унда коэффициентни ўша солиқ тўламай юрганларга бириктириш керак эмасми?

Таклиф: юқори коэффициент нима сабабдан ёки қайси контрагентлар туфайли юқори бўлаётганини кўрсатиб берадиган интерактив хизмат жорий қилиш керак. Ёки уни ваҳимали тарзда ҳисоб фактураларда кўрсатишни бас қилиш керак.

Бухгалтерлар муаммоси:

Биз туманларда фаолият кўрсатувчи бухгалтерлар тадбиркорларнинг ойлик тўлаш қобилияти пастлиги ва мутахассис етишмаслиги сабабли 10 тадан 20 тагача кичик бизнес субъектларининг бухгалтерия ҳисобини юритиб келамиз. Солиқ тизимига киритилган e-aktiv лойиҳасидан кейин эса бу корхоналарнинг 80 фоизидан воз кечишимизга тўғри келмоқда. Чунки бу тизимда бирданига 10 та корхона учун ишлашга жисмонан улгуришнинг иложи йўқ. Натижада ойлик даромадимиз ҳам сезиларли камаяди, чунки ҳамма тадбиркор ҳам юқори маош тўлашга қодир эмас.

Минимал қиймат туманлар учун оғир:

Юридик шахслар мол-мулки солиғи бўйича туман ва шаҳарларда минимал қиймат 1 000 000 сўм қилиб белгиланган. Бу қиймат қаердан олиб ҳисобланган. Солиқ тушумлари камайиб кетмаслиги учунми ёки 2 фоиз 1,5 фоизга тушганда йўқотилган солиқни қайтариб олиш усулими? Туманларга 1 000 000 сўм жуда кўп. Бу нафақат кичик бизнес, балки туманлардаги йирик корхоналар учун ҳам оғир. Нарх-наво кўтарилишига ҳам сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ДСҚ Шерзод Қудбиев 17 январ куни Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар бўйича матбуот анжумани ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар