• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +8°C
Detail image

2022 йил март ойида Ўзбекистондан Туркияга юк олиб кетаётган 2та тир Бурса йўлида талончилар ҳужумига учрайди. 20 кишига яқин уюшган тўда ҳайдовчиларни қўлга олиб, машинадаги 22 тонна мисни олиб қўяди. Ҳайдовчилардан бири ва унинг адвокати жиноятчилар фош этилгани ҳамда айбсиз экани қандай исботлангани ҳақида Kun.uz’га гапириб берди.

2022 йилнинг 24-25 феврал кунлари Олмалиқ кон металлургия заводидан иккита юк машинасига 22 тоннадан мис юкланади ва машиналар Туркиянинг Денизли шаҳрига қараб йўл олади. Дастлаб Грузия довони орқали ўтиши керак бўлган ҳайдовчилар, довон берк бўлгани учун айланма йўлдан кетишга мажбур бўлади. Шунинг ҳисобига Туркияга кириб бориш чўзилиб қолиб, машиналар 29 март куни кечки пайт 19:00лар атрофида Туркиянинг Бурса шаҳрига кириб боради. Шу вақтдан бир неча соат ўтиб, машина олдини талончилар тўдаси тўсиб қўяди.

30 март куни тунги соат 12лар атрофида қуролли ҳужумга учрадик, манзилга етишимизга 300 км чамаси қолганди ҳамки, 4та машинада 15та қуролланган, юз-кўзлари ўралган шахслар ҳужум қилишди. Машинамизга ўқ отишди. Ва тўхташга мажбур бўлдик. Ҳайдовчилар 3 киши эдик. Юкларимизни олиб қўйиб, машиналаримизни ўзлари ҳайдаб кетишди. Бунақа вазиятда ўзингни эмас, ортингда қолган оилангни ўйлар экансан. Улар кутади. Бор-йўғингни билмайди”, – дейди шу воқеа жабрдийдаларидан бўлган Пўлатхўжа Мамадалиев.

Шундан кейин ҳайдовчиларни енгил машиналарга миндириб Ҳопа ҳудудидаги тоғли жойга олиб боришади. Ҳайдовчининг айтишича, қароқчилар уларни ўлдириб юбормоқчи бўлган. Лекин машиналарида GPS борлигини билиб қолгач, фикрларидан қайтишган.“Бизни қўлга олишганда, кимдир уларга қўнғироқ қилиб машинамизда GPS борлигини айтиб қолди. Шундан кейин бизни яна қаергадир тахминан 250 кмча узоқликдаги уйга олиб бориб қамаб қўйишди. У ерда бир кун ушлаб туришди ва ундан кейин бошқа уйга олиб боришди. У ерда бизни 4-5 киши қўриқлаб турди”, – дейди Пўлатхўжа.

Ҳайдовчилар бу ерда 5 кун ушлаб турилгач, уларни чегарагача олиб бориб, чиқиб кетишни айтишади. “Машиналардан юкларни олиб бўлишгач, бизга Туркиядан тез чиқиб кетишимизни айтишди. Ортингиздан чегарагача кузатиб борамиз, ҳеч қаерда тўхтаманглар, дейишди. Ростдан ҳам чегарагача 2 машина қуролланган йигитлар кузатиб келди. Тўхтаб полицияга хабар беролмадик. Телефонларимизни ҳам олиб қўйишганди. Нима қилишни билмасдик”, – дейди ҳайдовчи.

Лекин чегарада божхона ходимлари ҳайдовчиларни ўтказмайди. Чунки улар ўзлари билан юкни манзилга олиб бориб бергани ҳақидаги ҳужжатни тақдим қилишлари керак бўлган. Уларда эса ҳужжат йўқ эди. Шундан кейин ҳайдовчилар бошидан ўтказганларини чегарадагиларга айтиб беришади. Ҳолатни прокуратура ўрганиб, ўғрилар топилгач, ҳайдовчиларга Туркиядан чиқишга рухсат берилишини айтишган. “Машиналаримизни мусодара қилиб, ўзимизни тергов қилишди. Туркиядан чиқишимизни тақиқлашди. Агар чиқиб кетсак, барча айблов бизнинг бўйнимизга тушар экан. Хуллас, текширувлар 1 ойга чўзилди ва орадан бир ойча вақт ўтгач, Туркиядан чиқиб кетишимиз мумкинлигини айтишди. Биз бу учун рухсатнома ёки бирор ҳужжат беришларини сўрадик. Онлайн жўнатамиз деб бизни чегарага жўнатишди. Лекин чегарага борганимиздан сўнг яна шу ҳолат такрорланди”, – дейди Мамадалиев.

Бу вақт орасида юкларни элтиб беришга масъул логистика фирмаси ҳайдовчиларга “юкни ўзлари ўғриларга пуллаган” деб ҳужжат ҳам тайёрлашади. Кейинчалик маълум бўлишича, шу компания ходимларидан бирининг ўғрилар билан тили бир бўлиб чиқади. Чегарада қолиб кетган, ҳайдовчилар нима қилишини билмай, уйдаги яқинларига телефон қилишади ва бўлган воқеани айтиб, консуллик билан боғлаб беришларини сўрашади. Ўзбекистоннинг Анқарадаги консули Ойбек Раззоқов ҳайдовчиларга ёрдам бериш мақсадида туркиялик адвокат Айлин Узелни ёллайди.

Ойбек Раззоқов билан гаплашгандан кейин мен машинамга миниб Ҳопага йўл олдим. Чунки воқеалар Ҳопада содир бўлаётганди, ҳайдовчиларнинг юк машиналари ушлаб турилганди. Уларга қарши 2та иш очилди. Биттаси Архавида ишидан қинғир мақсадда фойдалангани ҳақида бўлса, иккинчиси Ҳопада ўғрилик қилган деган айб қўйилди. Гуруҳни фош этиш операцияси Бурсада амалга оширилди. Бурса бош прокуратурасининг ўғриликка қарши курашиш шуъбаси билан биргаликда 20 кишидан иборат уюшган гуруҳ қўлга олинди. Ва бизнинг ҳайдовчиларнинг устидан айб олиб ташланди”, – дейди адвокат Узел.

Узел Туркияда 10 йилга яқин вақт давомида адвокатлик қилаётган бўлса, бундай жиноятчилик жуда камдан кам учрашини, шунинг учун ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан бўлган воқеа Туркия учун ҳам бир намуна, тажриба иши бўлганини айтади.

Маълум бўлишича, ўғриларни топишда энг муҳим нарса Туркиядаги камера видеоёзувлари бўлган. Мамлакатдаги радарлар, камералар бир марказий тизимга уланган, шу тизимга бир кунда ҳар куни 50 миллион видео ва расмлар камераларга қайд бўлиб боради. Улар маълум муддат сақланади. Бурсадан прокурорлар шу система орқали қидиришни бошлаб, жиноятчиларни қўлга туширган. Бу ишда Туркия йўлларидаги барча камералар кўтарилади, видеолар, расмлар йиғилади. Чунки ишда ҳайдовчилар берган кўрсатмалардан бошқа далил бўлмаган.

Айлиннинг айтишича, қўлга олинган ўғрилар фақат Ўзбекистон ҳайдовчиларига қарши эмас, балки ундан олдин Қозоғистон, Қирғизистон ва Эрон юк автомобилларини ҳам ўмариб келган ва ҳали ҳам айбларига иқрор бўлмаган. “Биринчи суд бўлиб ўтди. Лекин айбдорлар айбларини инкор қиляпти. Биз талончилик қилмадик, ҳайдовчилар билан келишиб мисни улардан сотиб олдик дейишмоқда. Айбимиз ҳайдовчилардан мисни сотиб олганимиз бўлди. Аммо ҳужжатларда шундай далиллар борки, расмлар, видеолар, машина рақамлари бизнинг ҳайдовчилар тўғри гапираётганини кўрсатади”, – дейди Айлин.

Адвокат ўғриларни қўлга олишда Анқарадаги консул Ойбек Раззоқов ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчиси Баҳодир Назаровнинг ҳаракатларисиз иш олдинга кетмаган бўлиши мумкинлигини айтади. “Биз улар билан ҳамкорликда ишладик. Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирликларига ноталар ёздик. Туркияда давлат хизматчилари ўзбекистонлик ватандошлар бошига бундай бир дард келди ва биз Ўзбекистон томони сифатида уларга ёрдам беришга тайёрмиз деган мазмунга мактублар ёздик. Бундан ташқари ҳам Бурса бош прокуратурасига келди ва ишни кўриб чиқди. У ердаги ходимлар билан гаплашди ва Ўзбекистон фуқароларини ташлаб қўймаслигини, агар ватандошлар ёлғон айтаётган бўлса, шуни исботлашни, агар гуноҳсиз бўлса, айбдорларни топишни сўради”, – дейди адвокат.

Айлин Узел хорижда бирор ёмон вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлардан ҳеч қачон чекинмасликни, ўзбеклар қандай муаммога дуч келсалар ҳам уялмай элчихона ёки консулликларга бориб, муаммосини тушунтиришлари кераклигини  ҳам таъкидлади.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов 

Ўхшаш янгиликлар