• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +1.4°C
Detail image

Халқаро пресс-клубнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида бошловчи Шерзодхон Қудратхўжа жамоат хавфсизлигини сақлашга масъул тузилмалар учун BMV, Mercedes ва Ferrari каби автомобиллар харид қилиниши кераклиги, бу орқали жиноятчиларга давлатнинг қудрати кўрсатиб қўйилишини таъкидлаган.

“Охирги [русумдаги] Malibu’да юришингиз мумкин, охирги [русумдаги] Porsche’да юриш мумкин. Дубайда [полиция ходимлари] энг охирги [русумдаги] машинада юради. Чунки жиноятчига етиб олиш керак. Биз жиноятчига Lacetti’да етиб ололмаймиз.

Жиноятчиларга етиб олиш учун биз ҳам керак бўлса 10та BMV, 10та Mercedes ва Ferrari – зўрларини олишимиз керак. Чунки жиноятчилар билиши керак — давлат улардан кучли. Керак бўлса қувлайди, етиб олади, топади, тўртта “7”лик номеринг бўлса ҳам ўзи сен билан гаплашади”, деган Шерзод Қудратхўжа.

Сессияда “Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан жорий этилиши кутилаётган янгиликлар муҳокама қилинган ва унда ИИВ, Миллий гвардия раҳбарияти, масъул департамент, бошқарма ва тузилмалар бошлиқлари иштирок этган.

Сессия давомида бошловчи илгари жамоат хавфсизлигини сақлаш учун фақат ИИВ масъул бўлгани, бу вазифа монополия бўлгани, бу эса кўп суиистеъмолчиликка олиб келганини айтиб ўтган.

“Бугун шу ишда ИИВга рақобатчи Миллий гвардия. Чунки мана кўряпмиз улар отларда чиройли юришибди. Мана, бугун ички ишлар вазири ўринбосари айтдики, ИИВ тизимида ҳам отлиқ бўлинмалар ташкил этилаётган экан.

Мен кўп чет элда юраман. Яқинда Туркияда бўлдим. Эски биноларининг олдида хавфсизлик ходимлари отларда юришади. Отлари чиройли ясантирилган, олдиларига гардонлар тақилган, отнинг юзида ниқобигача бор. Ўзбекистонда, Тошкентда ҳам кўриб қоламан кўчаларимиз, бульварларимизда йигит-қизлар отда юрса, одамларда ҳам юртига, тарихига ҳурмат пайдо бўлади. Биз Амир Темур авлодларимиз, Бобур Мирзо авлодларимиз. Қонимизда буюк саркардалар қони бор”, дейди у.

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев сессияда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ИИВ ҳамда Миллий гвардияга алоҳида-алоҳида вазифалар тақсимлаб берилгани, ИИВ МГ билан рақобатга тайёрлигини билдирган.

“Миллий гвардия шахсий таркибига алоҳида хизмат вазифалари ва хизмат жойлари белгилаб берилди, яъни Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари бозорларда, хиёбонларда хизмат олиб боришади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида оммавий тадбирларни ташкиллаштириш учун жавоб беради.

Рақобат бўлгани яхши. Буни соғлом рақобат деб ҳисоблаймиз. Чунки биз доим ҳамкорликда, бир-биримизга амалий ёрдам кўрсатган ҳолатда хизматимизни ташкиллаштирамиз. Чунки мақсадимиз бир, олдимизга қўйилган вазифа бир, бу – юртимизда жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш. Шунинг учун бу борада рақобатдан қочмаймиз, рақобатга тайёрмиз.

“Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти тизимида МГ, ИИВ ва бошқа хизматларга қорабайир зотдор отларини таъминлаб берадиган наслчилик питомниги ташкил этилиши белгилаб берилган. Бундан ташқари, босқичма-босқич барча вилоятлар патрул-пост хизмати отрядларида отлиқ гуруҳлар ташкил этилиши ҳам белгилаб берилган. Буни яқин кунларда жадал суръатларда амалга оширамиз ва отлиқ отрядлар фаолияти борасида ҳам МГ билан ҳамкорликда ҳамда соғлом рақобатда ишларни ташкиллаштирамиз”, дея Бекмурод Абдуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўхшаш янгиликлар