• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image

Қозоғистондаги сценарий Ўзбекистонда такрорланиши мумкинлиги иддао қилиниб, мамлакатни КХШТ таркибига қайтаришга қаратилган босим кузатилди. «Коллектив хавфсизлик»ни таъминлашга даъво қилувчи ушбу ташкилот аслида ҳам «ўт ўчирувчилик» қобилиятига эгами?

Фото: Russian Defense Ministry Press Service/ AFP / Scanpix / LETA

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда кўп йиллар давомида гўёки ечими йўқдек туйилган чегара ва сув-энергетика соҳасидаги масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди. Минтақа мамлакатлари ташқи сиёсатида интеграцияни амалга ошириш устувор вазифа сифатида кўрила бошланди ва бу борада Марказий Осиё давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бироқ, Марказий Осиёни заиф ва қарам ҳудуд сифатида кўришни хоҳловчи Кремль расмийларининг сўнгги пайтларда содир бўлган воқеалар сабаб минтақа давлатлари, хусусан Ўзбекистонни Россия таъсир доирасида бўлган КХШТ ва ЕОИИ каби «носоғлом» ташкилотларга жалб қилишга бўлган уринишлари кучайиб бормоқда.

Дастлаб, қўшни Афғонистонда «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф сабаб, айни пайтда эса Қозоғистондаги сценарий Ўзбекистонда такрорланиши мумкинлиги иддао қилиниб, Ўзбекистонни КХШТ таркибига қайтариш бўйича таклифлар янгради. Умуман, «Коллектив хавфсизлик»ни таъминлашга даъво қилувчи ушбу ташкилот «ўт ўчирувчилик» қобилиятига эгами?

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Қорабоғ уруши

2020 йил кузида рўй берган Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Қорабоғ урушида КХШТга аъзо бўлган Арманистонга ёрдам учун «тинчликпарвар кучлар» юборилиши мумкин эди, аммо бундай қилинмади. Бу «ҳаракатсизлик»ка сабаб сифатида ҳарбий ҳаракатлар халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинган ҳудудда олиб борилаётгани, «Озарбайжон Арманистонга четдан таҳдид солмаётгани» важ қилинди.

Назарий жиҳатдан, ташкилот шартномасининг 4-моддасида белгиланишича, аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади.

Озарбойжон ракеталари Арманистон ҳудудига тушгани, россияликларнинг Ми-24 русумли ҳарбий вертолёти уриб туширилгани каби ҳолатлар ташкилотнинг можарога аралашиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. Аммо Туркиянинг бевосита Озарбойжонни қўллаб-қувватлаб тургани Москвани «иттифоқдоши»га ёрдам беришдан ўзини тийишига олиб келди. Экспертлар фикрича, Россиянинг Сурия ва Ливиядаги гуруҳлари тақдири Туркия билан муносабатларга боғлиқ эди ва уларнинг тақдирини Арманистонга ёрдам бериш учунгина хавф остида қолдириб бўлмасди. Россиянинг ўз манфаатидан келиб чиқиб иш кўриши Арманистон жамоатчилиги ҳафсаласини пир қилди. Ташкилотнинг барча аъзолари орасида Арманистон ҳар доим КХШТга энг катта умид боғлаб келган, чунки у ерда уруш хавфи жуда юқори ҳисобланади. Аммо, умидлар ўзини оқламади.

Тожик-қирғиз чегарасидаги можаролар

Сўнгги йилларда КХШТга аъзо бўлган икки давлат: Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида низоли вазиятлар тез-тез содир бўлмоқда. Охирги кескинликнинг Душанбеда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган кунга тўғри келганига қарамай, қуролли тўқнашувга айланиб кетгани ҳам ташкилотга нисбатан катта ишончсизлик юзага келтиради. Айни ўша фавқулодда вазиятда, Қирғизистон мудофаа вазири ҳам, Хавфсизлик Кенгаши котиби ҳам Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги КХШТ мудофаа вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этаётганди. Ташкилот Бош котиби Станислав Зась иккала томонни ўзаро келишишга чақириш билангина чекланди.

КХШТ низомига кўра, унинг икки аъзоси ўртасида уруш пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.

«Носоғлом» ташкилот

Кўпчилик экспертлар ташкилотни  Россия ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга розилик берувчи Марказий Осиё давлатлари, Беларус ва Арманистон ўртасидаги «эксклюзив клуб» сифатида тавсифлайди. Сабаби Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг КХШТга қўшган ҳиссаси ва ўрни аҳамиятсиз даражада.

Шунингдек, ташкилот доирасида гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, айниқса, маданий тадбирлар, таълим ва демократик қадриятларни илгари суриш бўйича лойиҳалар деярли амалга оширилмайди. Бунинг асосий сабаби сифатида КХШТ учун тинчликпарварлик имижнинг мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

КХШТ таркибида террористик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тузишга уриниш бўлган, аммо бу бир қанча сабабларга кўра имконсиз бўлиб қолмоқда. Хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистон Курдистон ишчилар партиясини Туркия билан шериклик манфаатлари нуқтайи назаридан террористик ташкилот сифатида тан олишади. Москва эса Анқарага бундай имтиёзларни беришни хоҳламайди.

Ташкилот учрашувларида «биологик таҳлика»га қарши курашиш муҳокама қилинади. Аммо бу ерда яна бир муаммо ётади: КХШТга аъзо икки мамлакат: Арманистон ва Қозоғистонда Москвага тегишли лабораториялар мавжуд.

Ўзбекистонга КХШТга аъзо бўлишга муҳтожми?

Global Firepower таҳлилларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда қўшни давлатлар – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ортда қолдириб, Марказий Осиёдаги энг кучли армияга эга давлат сифатида тан олинган. Ўзбекистон рейтингда 140та мамлакат ичида 51-ўринни эгаллаган.

«Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга аъзолиги тақиқланган ва бу концепция ҳозирда амалда.

Умуман, Ҳарбий доктрина ва Ташқи сиёсий фаолият концепциясига мувофиқ, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслиги ҳамда ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги қонуний асослар билан белгилаб қўйилган. Яъни КХШТга ўхшаш ташкилотларга кириш амалдаги қонунчиликка мутлақо тўғри келмайди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон қуролли кучлари мамлакат миллий манфаатларини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш, урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ва олдини олиш бўйича етарли салоҳиятга эга ва ҳарбийлаштирилган ташкилотларга аъзо бўлиши ва бошқа мамлакатлар ҳарбий базаларини Ўзбекистонга жойлаштириш учун ҳеч қандай эҳтиёж мавжуд эмас. Зеро, КХШТга ўхшаган ташкилотлар фақат бир томоннинг манфаатларига хизмат қилишини юқоридаги мисоллар ҳам исботлайди.

Ўхшаш янгиликлар