• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Сапега «Беларус қора китоби» телеграм-канали маъмуриятидаги иштирокини «ёшлик ва аҳмоқлик» деб тушунтирди ва олти йиллик қамоқ жазосидан озод қилишни ёки енгилроқ жазо билан алмаштиришни сўради.

Фото: TASS

Беларусда олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Россия фуқароси София Сапега афв этишларини сўраб ариза берди. 27 июнь, душанба куни «Интерфакс» агентлигининг россиялик қиз адвокати Антон Гашинскийга таяниб хабар беришича, ариза 22 июнь куни Беларус раҳбари Александр Лукашенко номига ариза Сапега жазо муддатини ўтаётган Гомелдаги 4-колония маъмуриятига юборилган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, қиз олти йиллик қамоқ жазосини ўташдан озод қилишни ёки уни енгилроқ жазо билан алмаштиришни сўраган. «Мен шунчаки оиламга яқин бўлишни хоҳлайман. Эркин нафас олишни хоҳлайман», дейилади аризада. 

Сапега «Беларус қора китоби» телеграм-канали маъмуриятидаги иштирокини «ёшлик ва аҳмоқлик», шунингдек, «бузғунчи одамлар гуруҳи таъсирига тушиб қолгани» билан изоҳлади. Мурожаатга шахсий кафолатлар илова қилинган, кафилларнинг исм-шарифлари ошкор этилмаган. 

Вилнюсдаги Европа гуманитар университети талабаси Сапега 2021 йилнинг май ойида мухолифатдаги Nexta телеграм-каналининг собиқ муҳаррири Роман Протасевич билан бирга Ryanair авиакомпанияси самолёти Минскка қўнишга мажбур бўлганидан кейин қўлга олинган эди. Декабрь ойида Беларус Тергов қўмитаси унга нафрат уйғотиш моддаси бўйича якуний айблов эълон қилди. 

3 июнь куни Лукашенко Сапегани Россияга топшириш мумкин, деб ҳисоблашини маълум қилди. «Қизга ачинаман. Бу масалани ҳал қилиш керак. У россиялик, бизда тегишли амалиёт бор. Россия фуқаросини Россияга топширишимиз мумкин. У ерда жазо муддатини ўтасин. Бу унга дарс бўлади», дея унинг сўзларини келтирган «Интерфакс» агентлиги.

Ўхшаш янгиликлар