• 10525.50
  • 12763.22
  • 141.09
weather Тошкент: +4.9°C
Detail image

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги боғчалардан бири қурилиши уч йилдан буён битмайди. Бундан ҳаммадан ҳам кўпроқ ушбу боғча жойлашган «Қолғонсир» маҳалласи аҳли жабр кўрмоқда.

«Маҳалламиздаги эски боғча бузилиб, қайта қурилишга тушганда бизнинг фарзандларимиз ҳам шаҳарлардагидек замонавий боғчада таълим-тарбия олишади дея жудаям севингандик. Бироқ мана уч йилдирки қурилиш ишларининг охири кўринмайди. Боғча ёшидаги ўнлаб болаларимиз янги мактабга ҳам чиқиб кетишди», дейди маҳаллада яшовчилардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Маҳалламизда 1960 киши яшайди. Шундан боғча ёшидаги болалар сони 295 нафарни ташкил этади. Маҳалламизда еттита қишлоқ бўлиб, ҳудудда 31-МТТдан бошқа боғча йўқ. Буям қайта қурилишга тушиб, уч йилдан бери битмаяпти. Раис бўлиб сайланганимда биринчи қавати қуриб битказилганди. Кейин қўлма-қўл бўлиб қайсидир фирмалар иккинчи қаватини ҳам кўтаришди. Ҳозирга келиб ишлар чала ётибди.

Пахта терими вақтида халқимиз қийналди. Болалар қаровсиз қолди. Одамларга пул керак, аммо далага теримга чиқай деса, болаларини кимга қолдиришни билмаганлар бўлди. Маҳалламизда ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Маҳалла аҳлининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан», дейди «Қолғонсир» МФЙ раиси Ҳайитбой Турдиқулов.

Ҳайитбой Турдиқулов

«Боғча битмаётгани сабабли қанча ёшлар уйда фарзанд тарбияси билан банд бўлиб қолмоқда. Бирор жойга бориб ишлайлик десак, болаларга қарайдиган одам йўқ.

Нурали Шодмонов

Боғча ёшидаги икки нафар фарзандим бор. Менга ўхшаб ҳамма маҳалладошларимиз боғчанинг очилишини кутишмоқда. Ўзимиз ҳам ҳашар йўли билан ёрдам қиляпмиз. Ишга тушиши билан кўпчилик боласини боғчага беради», дейди шу маҳаллада яшовчи Нурали Шодмонов.

«Боғчанинг қурилиши 2018 йилнинг аввалида бошланганди. Биринчи иш бошлаган фирма ишлар декабрнинг охиригача якунланишини айтганди. Кейин қурилиш бошқа бир фирмага берилди. Бироқ уям ишни охиригача етказмаган. Бу орада деворларда ёриқлар пайдо бўлди.

Илҳом Жўраев

Болаларимиз катта бўлди. Боғча ёшидаги уч нафар неварамдан каттаси яқинда мактабга боради. Боғча таълим-тарбиясини олмаган бола мактабга ҳеч нарсани билмасдан боради. Қурилиш ишлари чўзилаётганидан боғча ёшидаги болаларимиз азият чекишмоқда», дейди маҳалла фаолларидан яна бири Илҳом Жўраев.

Ушбу маҳалла ҳудудидаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти 4та эски бинодан иборат бўлган. Ушбу биноларнинг фақат бир қисми ишлаган бўлиб, болалар сони 50 нафарга ҳам бормаган. Боғча газлашмаган бўлиб, фаолиятининг охирги кунига қадар ўтин ёрдамида иситиб келинган. «2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида»ги президент қарорига асосан ушбу боғча биноси реконструкцияга тушган.

31-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Дилшода Бобоеванинг айтишича, боғчанинг эски бинолари бузилиб, янгиси қурила бошлангандан буён 2 марта пудратчи алмашган. Шунингдек, у қурилиш жараёнида сифатсиз маҳсулотлар ишлатилганидан шикоят қилмоқда. Дастурга кўра, 2018 йил охирида фойдаланишга топширилиши керак бўлган боғчанинг қурилиши, мана, 2021 йилнинг феврали ўтиб боряптики, ҳалигача битгани йўқ.

«2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастурига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 29 январдаги 101-сонли қарорига мувофиқ, боғчамиз бузилиб, қайта қурилишга тушди. Бундан жуда хурсанд бўлгандик. Ходимлар, болалар сони кўпаядиган бўлди. Чунки ҳудуддаги ягона боғча бўлганимиз учун аҳолининг мактабгача таълим муассасасига эҳтиёжи юқори бўлиб, жой етишмаганидан маҳалладаги кўплаб оилаларнинг фарзандлари навбатда туришарди.

Қурилиш ишлари бошланганига уч йил бўляпти ҳамки, фаолиятимизни давом эттира олмаяпмиз. Туман ҳокими ҳам, мактабгача таълим бўлими мудири ҳам, вилоятдаги мутасаддилар ҳам муаммодан хабардор. Бекобод тумани ҳокими туман фаоллари билан боғчамизга келиб, ҳудудни ободонлаштиришга катта ёрдам берди. Қурилишнинг кам-кўстини битириб, боғчани фойдаланишга топширамиз деб турган пайтимизда иккинчи қават деворлари, шифти ва плиталарида пайдо бўлган ёриқ бу иш кечикишига олиб келди. Ҳозир бу ҳолат бўйича экспертиза тайинланган бўлиб, унинг натижасига қараб ишлар давом эттирилиши маълум қилинган», дейди Дилшода Бобоева.

Дилшода Бобоева

Мудиранинг айтишича, қурилиш жараёнида сифатсиз маҳсулотлар ишлатилган. Жумладан, болалар ювинадиган санузел хоналаридаги кафеллар боғча ҳали фойдаланишга топширилмай туриб кўчиб тушмоқда. Хоналарнинг полига обдон қуритилмаган ёғоч қоқилгани сабабли ёғочларнинг оралари очилиб қолган, қолаверса, полнинг юзаси ўнқир-чўнқир аҳволда.

«Бу масала бўйича буюртмачи ташкилотга, вилоят мактабгача таълим бошқармасига, вилоят ҳокимлигига хат орқали чиқиб, вазият ҳақида ўз вақтида ахборот берганман. Мурожаатларимдан сўнг ҳар сафар Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясидан вакиллар келишади, қурувчини чақиришади, фалон муддатда фойдаланишга топшириш бўйича пудратчидан тилхат, кафолат хати олишади-да, қайтиб кетишади.

Лекин бу текширувлардан ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Пудратчи бизда пул йўқ дейди. Иккита пудратчи айбни бир-бирига ағдаради. Бизга бу гап-сўзлар муҳиммас, боғча керак бизга. Ҳозирги кунда объектнинг эгаси йўқ. Ҳудудга боғча қурилишини назорат қилиши керак бўлган «технадзор» ҳам, объект лойиҳа асосида битяптими-йўқми, шуни кузатиб бориши керак бўлган лойиҳачи ҳам келмайди ҳисоб. Аҳоли боғча қачон битади деб ҳар куни сўрайди. Уларнинг саволларига жавоб беролмай қийналиб кетдим», дейди Дилшода Бобоева.

Юзага келган тушунарсиз ҳолатдан нафақат маҳаллий аҳоли, балки 31-мактабгача таълим ташкилотида ишлаб келган ишчи-ходимлар ҳам азият чекишмоқда. Суриштирув давомида боғчанинг тарбиячилари ва бошқа ходимлари уч йилдан буён ойлик олишмаётганликларини, азбаройи рўзғор тебратиш учун мажбурликдан турли мавсумий ишлар билан шуғулланиб келишаётганини билдиришди.

Бироқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Нилуфар Михлибоева 31-боғчанинг ёнидаги мактабда боғча ёшидаги болалар учун 6та қисқа муддатли гуруҳлар очилгани, икки-уч нафар ишчидан бошқа ходимлар иш билан таъминланганини, ушбу гуруҳларга жалб этилган ходимларга иш ҳақи тўлаб келинаётганини айтмоқда.

«Боғчанинг қурилиши битавермагач, МТТ олдидаги мактабда 180 ўринли қисқа муддатли 6та гуруҳ очганмиз. Пандемия сабабли ушбу гуруҳлар фаолияти тўхтаб қолди. Лекин уларнинг ойлигини тўладик. Фақат қисқа муддатли гуруҳларда болалар овқатланмагани сабабли хўжалик мудираси, ошпази, қоровуллари, яна икки-уч ишчиси ойликсиз қолиб кетди. Қолган ишчиларини иш билан таъминлаганмиз.

Қолаверса, пандемия даврида болалар онлайн машғулотлар билан тўлиқ қамраб олинган, қаровсиз қолгани йўқ. Онлайн машғулотларни ўтгани учун тарбиячиларга ҳозиргача ойлик бериб келинмоқда. Жами қанча ишчига қанчадан ойлик берилаётганини билмайман, бу билан шуғулланадиган ходимлар бор. Лекин 31-боғчанинг қисқа муддатли гуруҳларга жалб этилган ходимлари ойлигини олишяпти», дейди Нилуфар Михлибоева.

Бироқ мудира Дилшода Бобоева берган маълумотлар туман мактабгача таълим бўлими мудириникидан бироз фарқ қилди.

«Боғчамиз бузилгандан кейин Мактабгача таълим вазирлигининг қарорига асосан қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилган. Унга кўра, мактабнинг учта биносида олтита қисқа муддатли гуруҳлар очиб, ҳудуддаги 120 нафар болани 2 сменада қабул қилдим. Бу жараёнга ишчиларимнинг ярми жалб этилди. Пандемия пайтигача ишладик. Ундан кейин машғулотлар онлайн равишда давом эттирилди. Қисқа муддатли гуруҳларда фақат тарбиячи, энага ва ҳамширага иш ҳақи тўланади, у ҳам тўлиқмас.

Кейин анъанавий таълим тиклангач, маъмурият бинони қайтаришни сўради. Чунки мактаблар очилиб, болалар оралиқ масофани сақлаган ҳолда таълим олаётгани учун биз фойдаланиб турган биноларни ҳам олиб қўйишди. Туман молия бўлимига ишчиларимга Меҳнат кодексига мувофиқ компенсация берилишини сўраб хат билан чиққанимда тўлаб бера олишмаслигини, туманда бунинг учун маблағ йўқлигини айтишди. Молия бўлими бошлиғи туманда қурилишга тушган боғчалар жуда кўплиги, шу пайтгача уларнинг ходимларига компенсация тўланмагани, бизга тўлашса, ҳаммага тўлашга тўғри келишини айтиб, қурилиш битгунча сабр қилишни сўради. Ҳозирги кунда қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти онлайн шаклда давом эттирилмоқда», дейди 31-МТТ мудираси.

Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, боғчанинг қурилишига тўлалигича Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси масъул. Чунки тендер танловини ўтказган ҳам, пудратчиларни алмаштирган ҳам шу ташкилот.

«31-МТТни реконструкция қилиш учун давлат бюджетидан 3,3 млрд сўм ажратилган. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бу ишларга масъул буюртмачи ташкилот этиб белгиланган. Ушбу ташкилот томонидан “Нуроний бизнес қурилиш” МЧЖ дастлабки пудратчи этиб белгиланган. Тендер танлови туман ҳокимлиги томонидан ўтказилмаган, бу жараёнга умуман аралашмаганмиз. Аммо муаммолар юзага келиши ортидан асосий калтак бизнинг елкамизда синмоқда.

Собиржон Эгамбердиев

Пудратчи томонидан 2018 йил октябр ойида бинони қуриш ишлари бошланган. Туман ҳокимлиги, буюртмачи ташкилот ва назорат органлари томонидан пудрат ташкилотига иш сифати бўйича тегишли огоҳлантиришлар берилган. Объектдаги қурилиш ишларининг бориши вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда пудрат ташкилоти иши қониқарсиз деб баҳоланган. Натижада вилоят ҳокимлиги ва буюртмачи ташкилот пудратчини алмаштиришга қарор қилган.

«Нуроний бизнес қурилиш» МЧЖга буюртмачи томонидан қарийб 1 млрд сўм миқдорида аванс берилган. Пудратчи алмаштирилгандан кейин объектда бор-йўғи 450-460 млн сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилгани аниқланади. 500 миллиондан ошиқ пул дастлабки пудратчида қолиб кетган, у ҳалигача қайтариб олинмаган.

Буюртмачи қурилиш ишларини давом эттиришни «Бекобод пўлат универсал» МЧЖга топширади. Дастлаб қурилиш ишлари яхши кетаётганди, бироқ жараён охирига яқинлашганда буюртмачи ва пудратчи ўртасида маблағ масаласида муаммо юзага келди. Муаммо шундаки, МТТ реконструкцияси томонидан ажратилган 3,3 млрд сўм пудратчиларга бериб бўлинган, дастлабки пудратчида қолиб кетган пул иккинчи пудратчига олиб берилмаган, объект йилдан йилга ўтган бўлса-да, пудратчи ва буюртмачи ўртасида қўшимча келишув шартномаси қилинмаган. Бунинг оқибатида қурилиш ишлари ҳалигача якунига етказилгани йўқ», дейди Бекобод тумани ҳокимлиги мутахассиси Собиржон Эгамбердиев.

Аваз Жумабоев

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Аваз Жумабоевнинг айтишича, боғча 2020 йилнинг 15 декабрида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бироқ бинонинг иккинчи қаватидаги пол, деворлар ва шифтда пайдо бўлган ёриқ бу иш ортга сурилишига сабаб бўлган. Ҳоким ўринбосари айни пайтда ушбу ёриқ келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларини аниқлаш бўйича экспертиза тайинлангани, унинг натижасига кўра қарор қабул қилинишини маълум қилди.

«Ишлар чўзилавергач, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида 31-МТТ ҳудуди ободонлаштирилди. Боғча деярли фойдаланишга топширишга тайёрлаб қўйилганди. 2020 йил 15 декабрда очамиз деб турганимизда боғчанинг иккинчи қаватида ёриқлар пайдо бўлгани аниқланди. Шундан сўнг экспертиза тайинланишини сўраб юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилдик.

Мурожаатимизга асосан, Тошкент вилояти архитектура-қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи, Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбари, вилоят ҳокимлиги қурилиш бошқармаси котибият мудири бошчилигидаги ишчи гуруҳ қурилиш бўлаётган объектга келиб, ҳолатни ўрганди. Боғчани фойдаланишга топшириш масаласида аниқлик киритиш учун экспертиза тайинланди. Экспертлар хулосасини берса, унга асосан қурилиш ишлари давом эттирилади», дейди Аваз Жумабоев.

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори Отабек Қурбонов айни пайтда бу боғчада юзага келган вазият вилоят прокуратураси томонидан ўрганилаётгани, иш терговда эканини билдирди. Унинг айтишича, боғча бузилиб қайтадан қурилмайди. Ёриқ кенгайиб кетишининг олдини олиш бўйича бошқа ечимлардан фойдаланилади.

«Ҳозир вилоят прокуратурасида бу ҳолат бўйича тергов жараёни кетяпти. Бироқ тергов ишлари якунланишига қарамасдан ўзимиз ҳам объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, янги лойиҳа қилдиряпмиз. Экспертиза хулосаси чиқса, қурилиш ишларини давом эттириш чорасини кўрамиз. Ҳозир объект пойдеворини кучлантириш учун лойиҳа тайёрланмоқда, шу сабабли, қолаверса, объектда ёриқ пайдо бўлгандан кейин қурилиш ишлари тўхтаб турибди. Худо хоҳласа, Наврўзгача, узоғи билан 1 апрелгача боғчани фойдаланишга топшириш ҳаракатини қиляпмиз», дейди Отабек Қурбонов.

Битта мурожаат бўйича ўтказилган журналистик суриштирув давомида аниқланганлари ҳозирча шулар. Объектга 2020 йилнинг 22 декабр куни борилган бўлса, Отабек Қурбонов билан суҳбатимиздан сўнг экспертиза хулосаси ҳалича тайёр бўлмагани бизни ажаблантирди, очиғи. Қурилиш ишлари боши берк кўчага кириб қолган, ажратилган пуллар сарфлаб бўлинган эса-да, тергов якунини йиллаб кутмасдан нима учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча шартнома асосида бошқа пудратчини жалб қилган ҳолда уч йилдан буён битмаётган боғча қурилиши охирига етказиб қўйилмаётгани – масъулларнинг виждонига ҳавола.

Мансабдорларнинг болалар тақдирига бефарқлиги ва хизмат вазифаларига совуққонлиги ортидан уч йилдан буён ишсиз қолаётган ходимлар, таълим ва тарбиядан мосуво бўлаётган болалар кўраётган зарарни баҳолашнинг имкони йўқ аслида. Умид қиламизки, вилоят прокуратураси томонидан ўтказилаётган дастлабки тергов давомида қурилиш ишлари белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмагани, қурилиш ишлари ўз вақтида битирилишига масъул бўлган Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мутасаддиларининг «дунёни сув босса ўрдакка не ғам» қабилида иш тутаётганига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади. Кун тартибидаги савол ҳамон очиқ қолмоқда: 31-мактабгача таълим муассасаси қачон фойдаланишга топширилади? Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Мирвоҳид Мирраҳимов, тасвирчи ва монтаж устаси

Ўхшаш янгиликлар