• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image

Kun.uz'нинг Қорақалпоғистондаги мухбири 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нукусдаги ҳарбий қисмда аскарлар билан бир кунни ўтказди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи – майдони жиҳатидан Ўзбекистондаги энг каттаси. Округ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини ўзида бирлаштирган.

Биз Нукусдаги ҳарбий қисмда аскарларнинг бир кунлик машаққатига гувоҳ бўлдик. Ҳарбий қисмга киришимиз билан бизга махсус аскар уст-бошлари берилди. Ундан кейин махсус гуруҳга қўшилиб, сафда юриш машқларини бажардик. Очиғи, шу куннинг ўзида саф машқларини тўлиқ қила олмадик.

Ҳарбий қисмга яқинда 11 та ҳарбий “Камаз”лар берилган экан. Биз ҳарбий техника билан танишиб, уни мустақил бошқариб кўрдик. Ҳарбий “Камаз”лар қулайлиги ва жанговар ҳолати билан эътиборимизни тортди.

Шундан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан бирга тушлик қилдик. Дастурхон атрофида аскарлар билан суҳбатлашдик.

Тушликдан кейин аскарликнинг энг оғир жараёнлари бошланди. Дала ўқув машғулотларида қўлимизга қурол олиб, салкам 10 ойлик аскар билан беллашиб кўрдик.

Дастлаб шартли душман ҳудудига бостириб кириш бошланди. Бунда энг қийини – тўсиқлардан, мураккаб баландлик ва ертўладан ўтилди.

Кейинроқ билсак, бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Бизга шахсий таркибни портловчи қурилмалар ўрнатилган, миналаштирилган ҳудуддан олиб ўтиш топшириғи берилди. Сапёрларнинг махсус кийим ва қурилмасида душман ҳудудида жойлашган портловчи қурилмалар зарарсизлантирилди.

Ундан кейин зарарли кимёвий моддалар, радиация даражаси юқори бўлган ҳудуддан ҳам шахсий таркибни олиб ўтиш кераклиги айтилди.

Кун якунига келиб, махсус визуллаштирилган хонада ўқ отиш машқлари бошланди. Жараённи автоматни сочиш ва йиғишдан бошладик. Таъкидлаш жоиз, бу машқларда бир кунлик аскар бошқа аскарлар билан тенгма-тенг ҳаракат қилди.

Бир кунлик хизматни тугатиб, ортга қайтганимизда анча чарчаганимизни ҳис қилдик. Бутун танамизни оғриқ қуршаб олди. Аскар бўлишнинг машаққати, қийинчиликлари кўп экан. Бир кун давомида Ватан ҳимоячиси касби қанчалик оғирлигига амин бўлдик.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

  • Видеомақола Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Ўхшаш янгиликлар