• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

АҚШ Конгрессининг демократлар партиясидан сайланган аъзоси Илҳан Умар ўзининг Исроил ҳақида айтган сўзларига қарши кескин норозилик билдирган партиядошларининг танқидларига жавоб қайтарди. Фаластинликлар ҳимояси учун айтилган сўзлари билан машҳур бўлган Умар хоним Исроилнинг ишларини радикал гуруҳлар бўлмиш ҲАМАС ва «Толибон»га қиёслаганди.

Фото: Getty Images

Душанба куни Илҳан Умар твиттердаги саҳифасида шундай ёзди: «Биз АҚШ, ҲАМАС, Исроил, Афғонистон ва «Толибон» томонидан қилинган ақл бовар қилмас жиноятлар гувоҳи бўлдик. Инсониятга қарши қилинган жиноятларга нисбатан масъулиятимиз ва адолатимиз бир стандартли бўлиши даркор». Бу твитини у АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга видеомурожаат билан бирга нашр қилган.

Бунга жавобан келиб чиқиши яҳудий бўлган бир неча конгрессменлар ундан «ўз сўзларини очиқлаб бериш»ни сўрашди. Илҳан Умарнинг партиядошларини, айниқса, АҚШ ва Исроил ҳамда радикаллар орасидан тўғридан тўғри параллел ўтказгани жунбишга келтирган.

«АҚШ ва Исроилни ҲАМАС ва толибларга тенглаштириш – бу ҳақорат билан баробар хато», дейилган Нью-Йорк вакили Жерри Надлер бошчилигидаги конгрессменлар гуруҳи баёнотида. «Қонун устуворлиги ҳукмрон бўлган демократик давлатлар ва терроризм билан машғул бўлган ташкилотлар орасидаги фарқни назарга илмаслик яхши ҳолатларда ҳимоя қилинаётган нуқтайи назарга бўлган ишончни сўндиради, ёмон ҳолатларда эса, илдиз отган хурофотлардан дарак. Ёлғон параллеллар террорист гуруҳларга қалқон яратиб беради», деб ҳисоблашади конгрессменлар.

Бироқ АҚШ Конгрессидаги илк мусулмонлардан бири бўлган сомалилик собиқ қочқин Илҳан Умар бу фикрларга қўшилмайди.

«Ёрдам керак бўлганда менга қўнғироқ қиладиган ҳамкасбларим қўнғироқ қилиш ўрнига бундай баёнот беришлар ва тушунтириш сўрашлари уят. Ушбу баёнотдаги исломофоб белгилар ҳақоратомуздир. Бу мактубни имзолаганларнинг қўрқитиши ва мени жим қилишга уринишларига чидаб бўлмайди», деб ёзган у твиттерида.

Гап Халқаро жиноий суддаги ишлар ҳақида кетган

Конгрессдаги сўл қарашларга эга бир неча аёл демократлар, жумладан, Александрия Окасио-Кортес Илҳан Умарни ҳимоя қилиб чиқди. «Партиямиз муҳитидан чиқадиган Илҳан Умарни доимий ёмонотлиқ қилиш, атайин қоралаш ва омматан ҳужум қилишга гувоҳ бўлиш ҳиқилдоққа келди. Улар ўзаро суҳбат қилмасдан унга (Илҳан Умарни – таҳр.) қаратилган информацион хуружларни яратиб, уни қандай хавфга дучор қилаётганларини тушунишмаяпти», деб ёзган Окасио-Кортес ўз твиттерида.

АҚШ конгрессидаги сўл қарашларга эга аёллар «Отряд» номини олишган

Кейинроқ Умар ўз гапларини Блинкендан Халқаро жиноят судига тақдим қилинган алоҳида ҳолатлар ҳақида сўрамоқчи бўлганини билан изоҳлади: «Бир нарсани тушунтиришни истардим: гап Халқаро жиноят суди билан боғлиқ аниқ ҳолатлар ҳақида эди, АҚШ ва Исроилни ҲАМАС ва «Толибон»га маънан солиштириш эмас. Мен ҳеч қанақасига террористик ташкилотлар ва ҳуқуқ тизимлари шаклланган демократик давлатларни бир тахтага қўймоқчи эмасдим».

Вакиллар палатаси раиси Ненси Пелоси ёвлашган партиядошларни яраштириш умидида Конгресс қўмиталари бошлиқлари билан махсус қўшма баёнот берди. «Биз Конгресс аъзоси Умарнинг АҚШ ва Исроил ҲАМАС ва толибларга маънан қиёсланмагани ҳақида аниқлаштиришини олқишлаймиз», дейилган баёнотда.  

Умарнинг твитини собиқ президент Дональд Трампнинг 2017 йилдаги сўзларига қиёслай бошлашди. Fox News бошловчиси Трампдан Путинни ҳурмат қилиш-қилмаслигини сўраб, Россия президентини «қотил» деб атаганда, Трамп қуйидагича жавоб берганди: «Қотиллар кўп. Бизда ҳам қотиллар кўп. Нима бизнинг давлатни шунчалар маъсум деб ўйлайсизми?»

Умарнинг Исроил ҳақида айтган гаплари партиядошлари эътирозига сабаб бўлиши биринчи бор кузатилаётгани йўқ. 2019 йилда у Исроилни қўллаб-қувватлаш мукофот билан боғлиқ бўлиши мумкин деб ишора қилгани учун узр сўраганди.

Умарнинг твити атрофидаги можаро Исроил ва ҲАМАС муносабатлари кескинлашиши ва бунинг фонида америкалик яҳудийларга ҳужум бўлганидан кейин кучайиб кетди.

Таҳлил: Доимий бошоғриқ
Энтони Цуркер, BBC таҳлилчиси

Илҳан Умар Демократик партия раҳбарлари учун доимий бошоғриққа айланган. Партиянинг айрим функционерлари унинг Исроил ҳақидаги айрим фикрларига қўшилса-да бундай кескин баёнотлар олқишланмаслиги аниқ.

Афғонистондаги толиблар, сурат 2021 йил апрелида олинган

Агар у «Толибон»ни «ақлбовар қилмас жиноятлар» ижрочиси сифатида нафақат Исроил, балки АҚШ билан таққослагани ҳисобга олинса, унинг сўзларига нисбатан реакция тез ва қаттиқ бўлиши табиий эди.

Кейинчалик Умар фақат Халқаро жиноят судидаги алоҳида ишларни назарда тутганини айтган бўлса-да, партиядаги кўпчилик аввалги баёнотлар фонида унга ишонмай қўйишди.

Сўнгги йилларда Исроил ва Фаластин борасида демократларнинг фикри анча ўзгарди – уларнинг симпатияси кўпроқ иккинчи томонга оғиб боряпти.

Лекин партияда Исроилни қўлловчи кучли фракция ҳамон мавжуд ва келажакдаги сайловларда уларнинг қўллаб-қуввалаши жуда муҳим.

Улар Исроил танқид қилинишига чидашлари мумкин, лекин кесиб ўтиш мумкин бўлмаган қандайдир қизил чизиқ бор – Илҳан Умар билан бўлаётган можаро шу чизиқ мавжудлигини яна бир бор исботлаб берди.

Ўхшаш янгиликлар