• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +4°C
Detail image

«МЮ» йилни ажойиб давом эттирмоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: JULIAN FINNEY/GETTY IMAGES

Англия: «Арсенал» 10 йилдан буён кузатилмаган ишни қилди

«Вест Ҳэм» — «Арсенал» 0:6
Голлар:
Салиба (32), Сака (41 пеналти, 63), Габриэл (44), Троссар (45+2), Райс (66).
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Зума (Мавропанос, 46), Агерд, Эмерсон (Крессуэлл, 76), Жонсон, Уорд-Проуз, Соучек, Алварес (Филлипс, 46), Қуддус, Боуэн.
«Арсенал» – Райя, Уайт (Соареш, 77), Габриэл, Салиба, Кивер, Эдегор, Райс (Эл Ненни, 67), Ҳавертц, Троссар (Нкетиа, 67), Мартинелли (Нванери, 77), Сака (Нелсон, 67).
Огоҳлантиришлар: Алварес (9), Ареоля (38), Қуддус (76), Филлипс (90+1).

«Арсенал»да сўнгги вақтларда «Вест Ҳэм»га қарши дербиларда муаммолар кузатилаётганди ва «болғачилар» принципиал рақибга айланганди. Декабрдаги биринчи давра ўйинида «канонирлар» барча кўрсаткичлар бўйича тўлиқ устунликка эришган, аммо вазиятлардан фойдалана олмасдан ютқаишганди (0:2). Ҳисоб 0:3 кўринишини олиши ҳам мумкин эди, аммо Бенраҳма қўшимча дақиқаларда 11 метрдан гол ура олмаганди. Ундан олдинги икки учрашувда ҳам ғалаба бўлмаганди (Лига кубогида 1:3 ва АПЛнинг ўтган мавсуми иккинчи даврасида 2:2 – бу очко йўқотишдан кейин жамоанинг чемпионлик пойгасидаги имкониятлари пасайиб кетганди). Қасос олиш вақти келганди ва бу қасос ўта шафқатсизлик билан олинди.

«Арсенал» одатдаги каби дарҳол ташаббусни ўз қўлига олди. Биринчи бўлимнинг учдан бир қисми ортда қолаётганида жамоа ўйиннинг 82 фоиз вақтида тўпга эгалик қилаётганди. Лекин икки жамоада ҳам хавфли вазиятлар юзага келмади. Вазият 23-дақиқадан ўзгара бошлади, Саканинг ўнг қанотдан узатмасидан кейин Троссар тўпни тўхтатмасдан бош билан зарба берди ва Ареолянинг реакциясини текшириб кўрди. Дарвозабон ухлаб қолмади ва тўсин остига кираётган тўпни юқорига кўтариб юборди.

Бу ҳақиқий қатл маросими олдидан шунчаки чигалёзди машғулоти бўлиб чиқди. Асосий жаллод вазифасини эса Райс бажарди, унга собиқ жамоаси мухлислари томонидан ўйин давомида ҳуштакбозлик қилиб турилди, аммо бу унинг фақатгина жаҳлини чиқарди:

  • 32-дақиқа: Райс бурчак зарбасидан тўпни олис устун олдига етказиб берди ва Салиба барчадан ўзиб кетиб, иккинчи қаватда ғолиб чиқди - 1:0.
  • 41-дақиқа: Троссар доҳиёна пас билан Сакани олдинга бошлади, у офсайд чизиғини тўғри ушлади ва рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб, Ареоля билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Француз эса англияликни йиқитди. Жабрланувчининг ўзи пеналтини аниқ ижро этиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
  • 44-дақиқа: Райс чап қанотдан стандарт зарбани маҳорат билан ижро этди ва яқин устун олдида турган Габриэл Магаляэснинг бошини топди. 3:0.
  • 45+2-дақиқа: Эдегор Троссарни ажойиб пас билан таъминлади ва Леандро жарима майдони чизиғи устида туриб узоқ тўққизликни аниқ нишонга олди.

4:0 — «канонирлар» сафар ўйинларида 2011 йил февралидан буён танаффусга қадар бундай устунликка эришмаганди.

15 дақиқа ичида тўрт гол. Учтаси — олти дақиқа ичида. Шокка тушган мезбон жамоа мухлислари шунчаки ўрнидан турди ва ёппасига стадионни тарк эта бошлади. Ҳали танаффус бўлмасданоқ. Танаффусдан кейин трибуналарда бўшаб ётган жойлар яққол кўриниб турарди.

Биринчи бўлим статистикаси ҳам бошни айлантирар даражада: зарбалар бўйича 15-1 (дарвоза соҳасига борган зарбалар бўйича 7-0), бурчак зарбалари бўйича 6-1, xG бўйича 2,78 (кутилган голлар сони) га қарши 0,02. Зарбалардан 12 таси рақиб жарима майдони ичидан туриб йўлланган, яъни бу чиройли рақамлар узоқдан таваккал йўллаб кўрилган зарбалар эвазига эмас, комбинациялар якунида йўлланган зарбалар ҳисобига шаклланган.

Ўйиннинг иккинчи бўлими қуруқ расмиятчиликка айланди. 58-дақиқада Ареоля Саканинг кучли зарбасидан кейин тўпни дарвоза тўсини остидан қайтарди. Лекин барибир яна икки гол қўйиб юборди. «Болғачилар» мудофааси чок-чокидан сўкилиб кетганди. Эдегор Букайони узатма билан таъминлади ва у қанотга қочиб, Агерни ортда қолдирди ва яқин бурчакни нишонга олди. Кейин эса Райс 30 метр масофадан қайтариб бўлмас зарба йўллади. 6:0!

«Арсенал» 2023 йил 29 ноябридан буён бундай йирик ҳисобда ғалаба қозонмаганди: ўшанда ЕЧЛда «Ланс» дарвозасига олтита жавобсиз гол йўлланди. «Вест Ҳэм» эса охирги бор бундай мағлубиятни 2014 йил 8 январида қабул қилиб олганди - Лига Кубкогида «Манчестер Сити»дан (6:0).

Якуний статистика: зарбалар бўйича 25-5 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 12-1), бурчак зарбалари бўйича 6-2, xG бўйича 3,66 га қарши 0,30.

Афтидан «Вест Ҳэм» ва шахсан Дэвид Мойес тушуниб олишди: яхшиси «Арсенал»нинг жаҳлини чиқармаслик керак. «Тўпчилар» ғалабали серияни (тўрт ўйин) чиройли давом эттирди ва очколар сони бўйича «Манчестер Сити»га етиб олди. Лекин Пеп жамоасида битта захира ўйини бор. «Ливерпул» ҳам узоқда эмас — фақат икки очко олдинда. АПЛнинг бу мавсумидаги интрига ҳар қачонгидан кучлироқ.

«Астон Вилла» — «Манчестер Юнайтед» 1:2
Голлар:
Луис (67) — Ҳойлунд (17), Мактоминей (86).
«Астон Вилла» – Мартинес, Кэш, Диего Карлос, Лангле, Морено (Дин, 87), Макгинн (Заниоло, 87), Бэйли (Тилеманс, 73), Камара (Диаби, 65), Дуглас Луис, Рэмзи, Уоткинс.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Варан, Магуайр, Шоу (Линделёф, 46), Каземиро, Фернандеш, Майну (Амрабат, 90), Гарначо, Рэшфорд (Мактоминей, 73), Ҳойлунд (Эванс, 90).
Огоҳлантиришлар: Каземиро (37), Майну (45), Лангле (45), Кэш (60), Диаби (71).

«МЮ» Чемпионлар лигаси ўринлари учун курашни давом эттирмоқда. Бир томондан ҳали тўртликка киришга узоқ, бошқа томондан – АПЛда бешинчи ўрин ҳам йўлланма бериши мумкин. Бу сафар тен Ҳаг жамоаси тўғридан тўғри рақиб меҳмони бўлди – «Астон Вилла». Ва «МЮ» стартдаёқ яхши ўйнай бошлади.

Онанинг Африка кубогидаги иштироки муваффақиятсиз чиқди (дарвоза соҳасига аниқ келган уч зарба – ва учаласи ҳам гол), аммо у АПЛда қутқармоқда ва қайтарилган зарбалар улуши бўйича чемпионатда энг яхшилардан биридир. Қолаверса, бутун жамоанинг ўйини яхшилана бошлади. 17-дақиқадаёқ Магуайр бош билан тўп ташлаб берди, Ҳойлунд эса бир тегинишда зарба бериб ҳисобни очди. Даниялик ҳужумчи аввалига 14 тур давомида гол ура олмаганди, энди эса қаторасига бешинчи ўйинда гол урмоқда. 

«МЮ» ўйин бўйича устунлик қилди дейиш қийин. Биринчи бўлимда тенг ўйин кечди, аммо «Вилла» турнир жадвалида юқорироқ жойлашгани ва ўз майдонида ўйнагани ҳисобга олинса, бу «МЮ» учун яхшироқ ҳолат эди.

Танаффусда меҳмонлар мажбурий алмаштиришни қилишига тўғри келди –  Шоу ўрнига Линделёф чиқди. Ва иккинчи бўлим бошида «МЮ» дарвозадан чап қанот орқали чиқишда тўпни йўқотди ва «Вилла»нинг ҳужуми Уоткинснинг беш метрдан йўллаган зарбаси Онананинг кўкрак соҳасидан қайтиши билан якунланди. Кейин мезбонлар яна бир қанча қулай вазиятларни йўққа чиқарди, аммо 66-дақиқага келиб Дуглас Луис бир неча метр масофадан дарвозани ишғол этди. Бу сафар Онана иложсиз вазиятда қолганди – 1:1. Бразилиялик яримҳимоячи голни дарвозабон қаршисида рақс тушиб нишонлади ва провокация қилди.

Иккинчи бўлим давомидаги ўйини билан «Вилла» ниҳоят рақибни таслим этиши ва ўз уч очкосини олиши кутилганди. Аммо майдонга Мактоминей чиқди – ва яна бир бор ғалаба голини уриб, «МЮ»ни қутқарди. Бу сафар у 86-дақиқада бош билан аниқ зарба йўллади ва голни нишонлаш учун меҳмон фанатлар жойлашган трибуна томон чопди. Бу шотландияликнинг бу мавсумдаги еттинчи голи – ушбу таянчяримҳимоячиси жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. 

Тен Ҳаг жамоаси 2024 йилни ажойиб ўтказмоқда: барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда бешта ғалаба ва «Тоттенҳэм» билан дуранг. «МЮ»ни ҳали бешинчи ўриндан яна беш очко ажратиб турибди. Лекин энди жамоа урилган ва ўтказиб юборилган голлар бўйича манфий кўрсаткичга эга эмас. «Вилла» эса топ-4 га қайта олмади ва «Тоттенҳэм»ни таъқиб қилишда давом этади.

Испания: грандларда муаммо

«Севиля» — «Атлетико» 1:0
Гол:
Ромеро (15).
«Севиля» – Нюланд, Навас (Хуанлу Санчес, 64), Рамос, Баде, Акуня, Соу (Хордан, 88), Окампос, Оливер Торрес (Сусо, 64), Сумаре, Ан-Носири (Педроса, 88), Ромеро (Ламела, 78).
«Атлетико» – Облак, Паулиста, Эрмосо, Витцел (Рейнилду, 66), Лиоренте, Коке (Корреа, 60), Де Паул, Барриос (Молина, 46), Гризманн, Мората (Депай, 46), Лино (Рикелме, 84).
Огоҳлантиришлар: Витцел (26), Сусо (70), Ан-Носири (77).

«Севиля» узоқ чўзилган инқирози давомида ўзига хос график билан яшашда давом этмоқда. Севимли Европа лигасида ғолиб чиқилганидан кейин ҳам, ўтган мавсумдаги каби бу мавсумда ҳам андалусияликлар икки бор бош мураббийни алмаштиришди. Аввалига Европа миқёсидаги триумфатор Хосе Луис Мендилибар энди жамоани торта олмаяпти деган қарорга келинди. Кейин эса аввал Европада ҳеч қачон ишламаган уругвайлик Диего Алонсони танлаб хато қилишди. Энди эса жамоани Кике Санчес Флорес инқирозли даврдан олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Ан-Носири Африка кубогига кетганида «Севиля»нинг иккинчи жамоасидан ҳужумчи Исак Ромеро асосий жамоага олиб ўтилганди. У кубок ўйинида дубл қайд этиш билан бошлади, кейин эса чемпионат ўйинларида ишончли ҳаракат қила бошлади. Якшанба кунги ўйинда ҳам «Севиля» асосий жамоасидаги ўйинлари сонини бештага етказиб олган айнан ушбу 23 ёшли форвард ҳисобни очди. Агар Ромеро ҳужумларни якунлашда ҳаяжонланмаганида ҳет-трик қайд этиши ҳам мумкин эди. Ан-Носирида ҳам вазиятлар бўлди ва унинг бир зарбаси устунга тегди.

Бошқа томондан меҳмонларнинг имкониятларини Мората кўкка совурди. Биринчи бўлим охирида «Атлетико» форварди майдон марказидаги тўқнашувдан кейин тиззасини ушлаб ётиб, йиғлаб юборди. Агар у жиддий жароҳат олган бўлса, бу  клуб учун ҳам, Испания миллий жамоаси учун ҳам жиддий зарба бўлади. Якшанба кунги ўйинда «матрасчилар»нинг бошқа вакиллари ҳам гол ура олишмади ва Диего Симеоне жамоаси каталонияликларнинг очко йўқотишидан фойдаланиб, учинчи ўринга кўтарилиш ўрнига топ-4 даги позициясини ҳам хавфо стида қолдиришди. Душанба куни мадридликларни «Атлетик» қувиб ўтиши мумкин, 19 декабрдан буён ла лигада илк ғалабасига эришган «Севиля» эса хавфли зонадан олти очкога узоқлашиб олди.

«Барселона» — «Гранада» 3:3
Голлар:
Ямал (14, 81), Левандовски (63) — Санчес (43), Пеллистри (60), Микел (66).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Мартинес, Кубарси, Канселу (Рафиня, 75), Кристенсен (Лопес, 67), Гундўған, де Йонг, Педри (Гиу, 89), Ямал, Левандовски.
«Гранада» – Баталя, Рикард Санчес, Микел, Рубио, Мауасса, Пеллистри (Юзвяк, 84), Мелендо (Каллехон, 75), Гумбау (Торренте, 90), Руис, Онгла, Узуни (Аресо, 84).
Огоҳлантиришлар: Руис (33), Микел (78), Лопес (78).

«Барселона» «Гранада» мудофаасини анча тез бузиб ўтди ва Жоау Канселу узоқ устун олдида очилган Ямални намунали узатма билан таъминлади. Аммо биринчи бўлим давомида бу муваффақиятни ривожлантиришнинг имкони бўлмади, Кристенсен эса (у яна таянч зонасига ўтказилганди) танаффус арафасида ҳисобни тенглаштирган рақибга қаршилик кўрсата олмади. Уч ойлик танаффусдан кейин дарвозага қайтган Тер Штегенда ҳам бу вазиятда ҳеч қандай имкон йўқ эди. Худди иккинчи гол урилган вазиятда бўлгани каби.

Бу ўйинда «Гранада» қишки трансферлар вақтида «МЮ»дан ижарага олган Пеллистри ўзини кўрсатди. Ушбу вингер аввалига Рикард Санчесга голли узатма берди. Танаффусдан кейин эса дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди, бу уругвайлик футболчининг Европадаги илк голи.

Бу сюрприз бўлиб кўриниши мумкин. Аммо унутмаслик керакки, кўк-анорранглилар хавфли зонада турган «Гранада»ни беш ўйиндан буён мағлуб эта олмаяпти.

Улар бу жамоага «Камп Ноу»да ҳам ютқазишган, ҳозир эса жамоага ўша стадион сеҳри етишмаяпти. Ҳимоя чизиғида муаммолар ҳал этилмас экан, муваффақиятдан умид қилиб бўлмайди. Гундўғаннинг бу мавсумда Левандовскига берган ўнинчи узатмаси ҳам, юқори формадаги Ямалнинг икки голи ҳам ёрдам бера олмайди. Ла лига тарихида ўнта голли ҳаракат иштирокчиси бўлган энг ёш футболчи ўйиннинг энг яхши футболчиси учун аталган совринни қабул қилиб олганидан кейин шундай деди: «Биз жуда кўп гол ўтказиб юборяпмиз».

Хави яна «Гранада»ни енга олмади – бу Испанияда у томонидан бирор марта мағлуб этилмаган икки жамоадан бири (иккинчиси – «Райо Валекано»).

Италия: Пиоли учун совға

«Милан» — «Наполи» 1:0
Гол:
Эрнандес (25).
«Милан» – Менян, Калабрия (Флоренци, 37), Кер (Симич, 66), Габбия, Эрнандес, Лофтус-Чик, Бинносир (Муса, 65), Пулишич (Хименес, 81), Адли, Леау, Жиру (Йович, 80).
«Наполи» – Голлини, Ди Лоренцо, Жезус (Нгонж, 90), Рраҳмани, Эстигор (Политано, 46), Маццокки (Оливера, 76), Лоботка, Зелински (Линдстрем, 76), Замбо-Ангисса, Кварацхелия, Симеоне (Распадори, 55).
Огоҳлантириш: Жезус (85).

Стефано Пиоли «Милан» бош мураббийлигида 220-ўйинини ўтказиб, бу борада афсонавий Ариго Сакки билан тенглашиб оди. Олдинда фақат Карло Анчелотти (420), Нерео Рокко (339), Фабио Капелло (300) ва Нилс Линдҳолм (277) кабилар бор. Жамоа эса бундай кунда унга совға тайёрлади. Кучли рақибга қарши ўйин мезбонлар устунлигида кечди ва Рафаэл Леаунинг пасидан кейин Эрнандес одатга кўра ҳужумга қўшилиб, ғалаба голини урди. Шу билан бирга иккинчи бўлимда қатор истиқболли қарши ҳужумларни барбод қилган россонерилар Пиолини хавотирланишга мажбур қилишди. Аммо якунда ғалабали ҳисоб ушлаб қолинди — учинчи ўринда мустаҳкам жойлашган жамоа икки ойдан буён ютқазмаяпти, бу эса амалда Чемпионлар лигасидаги иштирокни таъминлайди. Бешинчи ўринда келаётган «Болоня» билан орадаги фарқ — ўн уч очкога тенг. «Милан»нинг ҳозирги кўрсаткичи (24 турдан кейин 52 очко) — клуб тарихидаги учинчи энг яхши натижа.

Германия: «Штутгарт» «Лейпциг»дан илгарилаб кетмоқда

«Штутгарт» — «Майнц» 3:1
Голлар:
Миттелштадт (45+1), Левелинг (45+3), Ундав (73) — Ажорк (73).
«Штутгарт» – Бредлов, Штенцел (Вагноман, 61), Антон, Ито, Миттелштедт, Каразор, Штиллер (Дауд, 76), Фюрих (Руо, 62), Мийо, Левелинг (Гирасси, 62), Ундав (Чон Ву Ён, 79).
«Майнц» – Центнер, Ҳанче-Олсен (Краус, 70), ван дер Берг, Гилавоги (Груда, 84), Каси, Папела (Ли Чжэ Сон, 46), Кор (Баррейро, 46), Амири, Ажорк, Нганкам (Рихтер, 46), Буркардт.
Огоҳлантиришлар: Каразор (82), Гилавоги (84).

Шанба куни «Лейпциг» Чемпионлар лигаси орзусидаги рақобатчиларига яна бир совға тайёрлаганди. «Ҳўкизлар» жамоаси «Фрайбург» устидан ғалабани бой берди ва бу эса турни ғалаба билан бошлаб берган Дортмунднинг «Боруссия» клубига ҳам, турни якунлаб берган «Штутгарт»га ҳам қўл келди. Аввалига ўз тўпурари Гирасси Африка кубогига йўл олганини оғриқли қабул қилган «шваблар» кўп ўтмай гвинеялик ҳужумчисисиз ўйнашни ўрганиб олди. Агар ҳафта ўртасида Германия кубогидан чиқиб кетилгани ҳисобга олинмаса ва фақат бундеслига ўйинлари ҳисобга олинса, Себастиян Ҳёнесс жамоаси қаторасига уч ғалабага эришган. Навбатдаги муваффақият биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда таъминланди. Бир неча дақиқа Миттелштадт ҳаводаги тўпни дарвозага йўллаши ҳамда Левелинга тўпни чўпчитиб дарвозабонни доғда қолдириши учун етарли бўлди. Иккинчи бўлимда эса Ундав «Майнц»ни буткул таслим этувчи голни урди, у қаторасига бешта ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти.  Энди «Штутгарт» бешинчи ўрин билан орадаги фарқни беш очкога етказиб олди.

Кун статистикаси

  • «Хетафе» фахрий футболчиси Ҳайме Мата ла лигада бешинчи бор дубл қайд этди, 35 ёшли форварднинг бундай ўйинларидан иккитаси «Селта»га қарши бўлиб ўтди.
  • Жорий мавсумда «Аякс» ўйин давомида 0:2 ҳисоби юзага келганида 5 бор ютқазди. Бу амстердамликларнинг энг ёмон натижаси такрорланиши бўлди.
  • Жорий мавсумда «Фиорентина» сафида 15 футболчи гол урган. Бу А серия жамоалари орасидаги энг яхши кўрсаткич.
  • «Ренн» яримҳимоячиси Буриго лига 1 ўйинларида 50 гол урди. У ҳозирда фаолиятини давом эттираётган амплуадошлари орасида фақат Кабелладан ортда (58).
  • «МЮ» АПЛда танаффусга қадар устунлик қилган 142 ўйинида ютқазмаган (+122=20).

Ўхшаш янгиликлар