• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image

Озарбойжон ва Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ сабаб йиллар давомида шаклланган зиддияти Боку фойдасига якунланиши мумкин. Хўш, Арманистон тақдирга тан бердими ёки Кавказдаги ўйин қоидаси ўзгардими? Kun.uz мавзу атрофидаги саволларни сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга берди.

Тоғли Қорабоғ – халқаро ҳуқуққа кўра Озарбойжон ҳудуди. Лекин узоқ йиллар мобайнида Арманистоннинг даъвоси билан зиддият ва тўқнашувлар давом этди. 2020 йилда 44 кунлик қонли урушдан кейин ҳарбий жиҳатдан устунликка эришган Озарбойжон амалда ғолибликка эришди.

Дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар Кавказ минтақасини ҳам четлаб ўтмади, Арманистон ҳам можарога нуқта қўймоқчи ва Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Пашиняннинг бу баёноти нимани англатади? Kun.uz журналисти мавзу юзасидан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Озарбойжон ва Арманистон келишув остонасида. Бунинг сабаби дунёдаги геосиёсий ва геостратегик вазият билан боғлиқми?

— Бу конфликтни фақат геосиёсат ва геостратегия билан боғлаш нотўғри, чунки унинг турли қирралари мавжуд. Бу можаронинг замири тарихга бориб тақалади, тарихда ҳеч бир миллат бир жойда муқим яшамаган, шунинг учун чегарадош мамлакатларда кўпинча баҳсли ҳудудлар ва аҳоли пунктлари бўлади. Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги асосий баҳсли ҳудуд – бу Тоғли Қорабоғ. Бу ҳудуд ҳатто совет иттифоқи даврида ҳам Озарбойжон ҳудуди ҳисобланган, бироқ у ерда жуда кўп сонли этник арманлар яшаб келган.

Ҳозирги президент Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев Тоғли Қорабоғда азалдан арманлар истиқомат қилганини, аҳолининг қарийб 70 фоизи арманлар эканини тан олган, лекин бу ҳудуд совет иттифоқи даврида ҳам Озарбойжон ҳудуди бўлгани ҳамда иттифоқ парчаланганда ҳам бутун дунё у ерни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олганини айтган. БМТ – дунёдаги энг катта кадастр, унга қўшилаётган мамлакатлар ўз ҳудуд ва чегаралари тўғрисида маълумот беради, бунда Тоғли Қорабоғ Озарбойжоннинг расмий ҳудуди сифатида тан олинган. Совет иттифоқи парчаланганидан кейин Озарбойжон ва Арманистон мазкур ҳудуд учун ўзаро кураш олиб боради ва Арманистон ўзида иккинчи Исроилни кўради. Исроил давлати 1946-47 йилларда Фаластин ҳудудида ташкил топди, кейин эса у Фаластиннинг ҳудудларини ўзлаштиришни бошлади, натижада бугунга келиб, Фаластин деярли йўқ бўлиб кетди. Айнан мана шундай сиёсий лойиҳа Арманистонда ҳам пайдо бўлди, лекин давлатнинг қудратини ички тартиб ва ички ресурслар белгилайди, Арманистонда эса улар йўқ эди.

Шунингдек, ташқи қўллаб-қувватлов ҳам жуда муҳим, масалан, АҚШ Исроилни ташқаридан қўллаб-қувватлайди. Албатта, Франция ёки бошқа мамлакатларда Арманистонни қўллаб-қувватловчилар бор эди, бироқ улар халқаро ҳуқуқни ўз манфаатидан келиб чиқиб талқин қиладиган ёки тўғри келса, уни инкор қиладиган даражада қудратли эмас эди. Озарбойжонда эса, аксинча, у ташқи сиёсатда асосан АҚШ ва Исроилга ориентир олади. Лекин Озарбойжон НАТОга қўшилишни режалаштирмайди ва бу Россияни доим тинчлантириб туради, шунинг учун Кремл Бокуни ўзига душман деб кўрмайди.

Озарбойжоннинг Исроил, Туркия ёки Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам алоқалари жуда яхши, аммо бу Россияга қарши қаратилмаган. Гарчи улар Европа иттифоқи билан энергетика масаласида яхши алоқаларга эга бўлса-да, ҳали Бокуда иттифоққа аъзо бўлиш мақсади йўқ. Чунки Озарбойжон – авторитар давлат, ҳатто Ҳайдар Алиевнинг ўрнини унинг ўғли Илҳом Алиев эгаллаган ва бунда АҚШнинг ҳиссаси жуда катта. Ҳайдар Алиев ўлимидан олдин АҚШда даволанган, манбаларга кўра, ўша пайтда Илҳом Алиев президентликка асосий номзод сифатида кўрсатилган, АҚШ Ҳайдар Алиевнинг сайловдан олдин вафот этганини яшириш орқали унинг ҳокимият тепасига келишини таъминлаган.

Геосиёсий томонини гапирадиган бўлсак, Озарбойжон бу тарафдан Коллектив Ғарбга яқинроқ, жумладан, Туркия, АҚШ, Исроил ва бошқалар. Арманистон эса бу нуқтайи назардан асосан Россияга ориентир олган. Натижада 2020 йилда юз берган 40 кунлик урушда Озарбойжон бу ҳудудни қайтариб олди ва бунга халқаро ҳуқуқ қаршилик қила олмади, бунда Туркия ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Озарбойжонда ҳудудни қайтариб олиш учун ресурслар етарли бўлди, Арманистонда эса уни ушлаб қолиш учун ресурслар етарли бўлмади.

Баъзи таҳлилларга кўра, АҚШ ва Хитой ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик жиддий тус оляпти. Хитой Европани иқтисодий жиҳатдан ўзига боғлаш учун Евросиё ва Кавказ ҳудудларидаги можароларни тезроқ ҳал қилиш ва у ерда транспорт логистикасини ривожлантиришдан манфаатдор. Айни пайтда, Туркия ва Россия ўртасида Коллектив Ғарбга қарши маълум бир иттифоқчилик мавжуд. Озарбойжон – катта ҳудудли, ресурслар нуқтайи назаридан эса кўп миқдорда нефть ва газ сотувчи мамлакат. Ҳатто аҳоли жиҳатидан ҳам Озарбойжон устунроқ эди, демак, Тоғли Қорабоғни сақлаб қолиш учун Арманистонда етарли даражада ресурслар йўқ эди. Туркия, Россия ва Хитой давлатлари бу можаронинг тезроқ ҳал бўлишидан манфаатдор эди, шу сабабли Арманистоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатларига Владимир Путин «агар уруш сизнинг ҳудудингизда бўлганида, биз КХШТ шартномаси доирасида ёрдам берган бўлар эдик, бироқ уруш сизнинг ҳудудингизда бўлаётгани йўқ», дея жавоб қайтарган.

— Россия-Украина уруши можарога қанчалик таъсир кўрсатди?

— Менимча, Арманистонда бошқа чора қолмаган эди, чунки бугунги кунда Тоғли Қорабоғ ҳарбий ва бошқа жиҳатдан тўлиқ Озарбойжон томонидан назорат қилиняпти. Арманистонда инсоний ва ҳарбий ресурслар йўқ, унинг яқин ҳамкори сифатида эътироф этиладиган Франция эса ҳарбий ва молиявий жиҳатдан миллиардлаб инвестиция киритмайди. Арманистон 30 йил ичида ҳудудни қўлга кирита олмади, иккинчи урушни иккала томон ҳам истамайди, қанчалик оғир бўлмасин, Тоғли Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олишга мажбур, чунки халқаро ҳуқуқ шуни талаб қилади. Иккинчи уруш бошланса, Россия унга ёрдам бера олмайди ва Арманистонда вазиятни расмийлаштиришдан бошқа чора йўқ.

Аслида бу Арманистон манфаатларига тўғри келади. Кавказдаги геосиёсий вазият ўзгаряпти, улар Россиядан қаттиқ аразлаган ва Россия уларга хиёнат қилди, деган позицияда. Энди Еревандагилар 30 йил давомида Россияга ориентир олиб, катта хато қилгани ва энди ўша ҳудудни бериб бўлса ҳам Озарбойжон ва Туркия билан муносабатларни яхшилаш ҳамда Коллектив Ғарбга ориентир олишни ўйлаяпти. Ярим ой олдин Европада ҳарбий ўқув машқлари бошланди ва Кавказдан фақатгина Арманистон қатнашди. Шунингдек, КХШТнинг ўқув машқларида иштирок этмади, демак, унда геосиёсий ориентир шаклланиб бўлди.

— АҚШ ва Европа давлатлари одатий позицияси бўлгани сабаб Қорабоғ масаласида Озарбойжонга ён босяптими ёки асосий мақсад Арманистонни тўлиқ Россия таъсиридан чиқариб олишми?

— Коллектив Ғарбда Озарбойжонга нисбатан муносабат зиддиятли. Чунки Озарбойжон авторитар давлат ва Европа мамлакатларининг баъзиларида унга Тоғли Қорабоғ ва Арманистон призмаси бўйича қараш шаклланган. Арманистон – цивилизация нуқтайи назаридан христиан дунёсининг таркибий қисми, Озарбойжон эса мусулмон дунёси вакили ва Туркиянинг яқин иттифоқчиси. Албатта, Европа иттифоқининг Озарбойжон билан боғлиқ манфаатлари бор, Украина-Россия уруши бошланганидан кейин Қозоғистоннинг нефть-газ ресурсларини Кавказ орқали ташиш эҳтиёжи ошди.

Мен Украинадаги уруш бу можарога катта таъсир кўрсатди, деб ўйламайман, чунки вазиятни расмийлаштириш ҳолати 2020 йилнинг кузида юз берган эди. Демак, вазиятга урушдан 1,5 йил олдин нуқта қўйилган эди, дунёдаги куч марказлари эса мазкур жараён бўйича ўз қарорларини қабул қилиб бўлган. Ҳеч ким Озарбойжонга жиддий эътироз билдирмади ва Арманистонда вазиятни тан олишдан бошқа чора қолмади.

Албатта, Арманистонга Тоғли Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олиш жуда оғир, лекин Туркия ва Озарбойжоннинг мақсади – Арманистонни тинчлантириш ва Ереван расмийларини вазиятдан манфаатдор эканига ишонтириш. Кавказдаги савдо жараёнларида Туркия ва Озарбойжон катта рол ўйнашни бошласа, у ер туркий дунёга, жумладан бизга ҳам боғлиқ минтақага айланади. Ўзбекистон манфаатлари нуқтайи назаридан минтақадаги асосий куч Озарбойжон бўлиши керак, унинг аҳолиси 10 миллиондан ошяпти, Арманистон аҳолиси 3 млн, Грузия аҳолиси 3 млндан кўпроқ. Бундан ташқари, ҳудудда Туркиянинг роли ошиб борадиган бўлса, у ерда Россиянинг таъсири иккинчи даражага тушади. Натижада Кавказда асосий саҳнага туркий давлатлар чиқишни бошлайди.

— Озарбойжон нега ҳарбий йўлни танлади ва бу масалада Туркия таъсири ҳал қилувчи ролни ўйнадими?

— Тинчлик йўлини танлаш – бу конфликтни музлатиш дегани, унинг ечими эмас. Назаримда, бу можарони ҳал қилишда энг асосий омил – бу Туркия. Уруш тақдирини белгилаб берган нарса Туркиянинг учувчисиз учувчи қурилмалари бўлди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Туркия ва Озарбойжон мазкур урушга узоқ ва пухта тайёргарлик кўрган. Улар катта инсоний талафотларсиз Тоғли Қорабоғни қайтариб олишга эришди ва бу тақдирини учувчисиз самолётлар ҳал қилиб берган биринчи уруш эди.

Арманистоннинг ҳарбий техникалари Россия, яъни собиқ иттифоқнинг эски тактика ва техникаларига асосланган машиналар эди ва улар қақшатқич зарба қабул қилиб олди. Уруш давомида бир кун ичида ўнлаб ёки юзлаб километр ҳудудлар эгалланиши камдан кам учрайдиган ҳолат ва Туркиянинг ёрдамисиз Озарбойжон бундай муваффақиятга эриша олмас эди.

Бу вазиятда Эрон қандай манфаатларга эга эди? Эронда аҳолининг учдан бир қисми этник озарбойжонлар дейилади, ҳатто ҳозирги олий раҳбар ҳам этник озар экани айтилади. Шунинг учун Озарбойжон бир муддат ўз номини Шимолий Озарбойжонга ўзгартирмоқчи ҳам бўлди. Бундан Жанубий Озарбойжон мамлакати мавжуд деган хулоса келиб чиқиши мумкин эди, шу сабабли Эрон бунга қарши чиқди.

Кавказда иккита жамоа бор. Булар – Озарбойжон ва унинг иттифоқчилари (АҚШ, Исроил) ҳамда Арманистон ва унинг иттифоқчилари (Россия, Эрон). Бу иттифоқларнинг тарихи узоқроқ, бироқ асосан 1990 йилларда мана шундай конфигурация шаклланиб бошлаган.

— Туркий давлатлар ва Ўзбекистон учун можаро ҳал бўлиши қандай аҳамиятга эга?

— Бу биз учун жуда катта аҳамиятга эга, чунки туркий дунё ўзининг тарихий ҳудудини қайтариб оляпти. Ҳали мустақил бўлмаган туркий халқлар ва давлатлар бошқалар назорати остида қоляпти. 20-асрда туркийларни мустамлака қилган 3 та мамлакат бор, булар Россия, Хитой ва Эрон. Бу учта давлат туркий давлатларга қарши яхши алоқаларга эга.

Тоғли Қорабоғнинг қайтариб олиниши ва Озарбойжоннинг Кавказдаги нуфузи кўтарилиши туркий давлатлар учун жуда катта аҳамиятга эга. Озарбойжон ҳудуди яхлит бўлиши бизга улар орқали ташқи дунёга, жумладан Туркия ва Эронга чиқиш учун қулай шароит яратади. Бундан ташқари, келажакда Марказий Осиёда ҳам ҳудудлар билан боғлиқ можаролар юзага келганида, Ўзбекистон ҳудудларни тан олишда халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланишига эришиши керак.

Албатта, Кавказдаги вазият ҳали тўлиқ ўз якунига етгани йўқ, биз ҳам жараёнларни диққат билан кузатиб борамиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар