• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image

“Германиядаги машҳур Audi автомобил концернида ишлаш тажрибам билан бўлишмоқчиман” дея ҳикоя қилади, Uzbek.life колумнисти Шаҳзод Жабборов.

Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa @uzbeklifebot га мурожаат қилинг.

Ўзбекистондаги юк машиналари соҳасидаги тажрибамни ҳисобга олган ҳолда, менимча, чет елдаги иш муҳити, ходимлар ўртасидаги муносабатлар ва иш услуби ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиришга ёрдам берадиган хулосалар ҳақида гапирмоқчиман. 

DAAD стипендиясини ютиб олдим        

Мен Тошкентдаги Турин политехника университетини тамомлагандан сўнг, МAN маркали юк машиналари, махсус транспорт ва тиркамалар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида бир йилга яқин ишладим. Бу давр мобайнида мен ўзим учун Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида ишлашнинг ижобий ва салбий томонларини аниқладим, қимматли тажриба, янги билимлар ва бебаҳо устозлар ортирдим. Кейинчалик ривожланиш ва машинасозлик оламига бошқа томондан қараш истаги мени Германияда магистрлик илмий даражасини эгаллаш учун ўқишга олиб келди. Ўқишга кириш учун тайёргарлик тафсилотларига чуқурлашмасдан айтаманки, мен Европанинг энг инновацион университетига Германиядаги FAU Erlangen-Nürnberg машинасозлик йўналиши бўйича магистрлик дастурига DAAD стипендиясини ютиб олдим. 

Муҳандис учун ўқиш мажбурий амалиётни назарда тутади

Германияда муҳандис учун ўқиш мажбурий амалиётни назарда тутади ва шу мақсадда компания топишдан амалиёт ўташгача бўлган барча масъулият талабаларнинг ўз зиммасига юкланади. Aмалиёт излаш даври пандемияга тўғри келди. Шу даврда Германияда ҳам локдаун авжида эди. Озиқ-овқат дўконларидан ташқари, шаҳарда ҳамма нарса ёпилди, университетлар ва корхоналар интернет оламига-онлайнга ўтишга мажбур бўлди. Мен бу даврда амалиёт учун корхона топиш осон бўлмаслигини тушундим, чунки муҳандис сифатида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун заводда бўлиш мен учун жуда муҳим эди. Натижада, 3 ой ичида мен мурожат қилган Германиянинг 100 дан ортиқ турли компанияларидан рад жавобини олдим. Мен, ишга жойлашиш Тошкентда нақадар  осон кечкалигини шу ерда англадим ва ҳар бир янги рад жавоб олганимда мен руҳан тушкунликка тушиш арафасида бўлардим.  Файласуф Ницше айтганидек, бизни ўлдирмайдиган нарса бизни кучлироқ қилади ва натижада менга учта нуфузли компаниядан таклиф келди: Audi, БМW ва Siemens. Мен Audiни танладим, чунки бу ердаги куратор билан дунёқарашимиз ўхшаш ва амалиёт мавзуси ҳам менинг мутахассислигимга айнан мос эди. 

Audi’даги амалиёт 

Очиғи Audi мен учун бу дизайн, эргономика ва қувватнинг мукаммал комбинациясидир. Бу нафақат транспорт, балки бутун дунё ва ҳаёт тарзи десам муболаға бўлмайди. Audi гуруҳида 86 мингга яқин ходим ишлайди ва 2020 йилда улар 1,7 миллионга яқин автомобил ишлаб чиқарган. Мен Audi Ingoistаd заводида автомобилнинг олд, пастки, орқа ва совутиш тизимларини ривожлантириш бўлимида амалиёт ўтадим. Халқ орасида ушбу шаҳарни Audi шаҳри деб аташади, чунки бутун шаҳар бу завод; аҳолининг ярми-ходимлар, қолган ярми Audi ҳомийлигидаги талабалар – бўлажак ходимлар деса хам хато бўлмайди. 

Қисқача қилиб айтганда Audiда ишлаш бу: 

- Иш вақти ва кунлари белгиланган, ҳеч қандай ҳолатда талаб қилинганидан ошмайди, агар унинг ўзи раҳбар билан келишган ҳолда ишлаш истагини билдирмаган бўлса, камроқ бўлиши мумкин, лекин албатта виждонан ёндашиш асосида.

- менга  уяли телефонимни бир марта олдирилган қуввати 2 кунга етарди. Чунки иш вақтида хақиқатдан ҳам – сиз ишлайсиз.

- Ишдан ташқари, оила, спорт ва ўзингизни ривожлантириш учун етарли вақт бор, «work life balance» деганларидек.    Шунчалик тўғри режаланган иш вақти дам олиш кунларини қандай тўлдиришни билмаслигингизга олиб келиши ҳам мумкин.

- Яна бир менга жуда ёққан жиҳатдардан биттаси – ҳамкасблар сизга профессионал сифатида муносабатда бўлишади, амалиётчи-талаба бўлишингиздан қатъий назар, сизнинг фикрингизни тинглашади. Раҳбар бу дўст – ҳазилла, шарҳлар, яхшиланишлар қабул қилинади.

- Янги ғояларга қизиқиш билан  қарашади, лекин муаммоларнинг  кўллами кенг бўлгани учун уларни ҳар доим ҳам қўллаш имкони булмайди. Масалан, Audi автомашинасидаги битта винт-деталини ўзгартириш учун сиз Volkswagen концернининг 12 та компаниясини ўз ичига олган компаниялар билан келишишингиз керак, чунки уларнинг кўпчилиги бир хил деталлардан фойдаланадилар ва шу сабабли компания кенг миқёсда иқтисодига жабр етиши мумкин.

Агар Audi шаҳарчасини тузилишига келадиган бўлсак,  овқатланиш хонаси ресторанга ўхшайди. Турли хил таомлар, салатлар ва ширинликлар арзон нархларда, лекин бу ўз навбатида хизмат кўрсатишнинг нуфузли ресторанлардан фарқланишига йўл қўймайди, бу эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Яна бошқа томонларга келадиган бўлсак:

- инглиз ва немис тилларини билиш минимал талаб;

- кийим, ташқи кўриниш ва бошқа нарсаларнинг эркин шакли – асосийси меҳнат натижасидир. 

Менинг асосий вазифаларим 3D моделлаштириш ёрдамида қисмларни йиғиш қобилиятини таъминлаш ва монтаж жараёнларини стандартлаштиришни қўллаб-қувватлаш эди. Ҳамкасбларим кўпинча масофадан туриб ишлашар эди ва вақти-вақти билан заводга машинанинг бир қисмини тўғридан-тўғри текшириш зарур бўлганда келган. Aмалиёт тугагач, ходимлар стажёрнинг ютуқларини баҳолайдилар ва унга келажак ҳақида фикр билдирадилар. Мен ҳар доим ўз ишимни бошқалар мендан кутганидан кўра аъло бажаришга ҳаракат қиламан ва  қилаётган ишимнинг сифати ва қийматига алоҳида урғу бераман. Aмалиёт охирида ҳамкасбларим айнан шу фазилатни таъкидлаб ўтишди. Шу ерда айтиб ўтиш жоиз, агар ҳамма ўз ишига меҳр билан ёндашса ва ўз имконидан ҳам 10 баробар яхшироқ шу ишни бажарса, шунда натижа ўзини куттириб қўймайди. Бу эса ҳар биримизнинг асосий ютуғимиздир! Ҳаммага ўз ҳаётида тўғри йўл топишини тилаб қоламан. Омад доим ёр бўлсин!

Ҳикоям манзур бўлган бўлса изоҳларда фикрларингизни қолдиришингиз мумкин. Мен албатта бошқа мавзуларда ёзишда давом этаман. 

Шаҳзод Жабборов
Uzbek.life’нинг Германиядаги колумнисти 

Ўхшаш янгиликлар