• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +12.6°C
Detail image

Ўзбекистонда 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб тижорат банкларининг устав капитали 200 млрд сўмдан кам бўлмаслигига оид қонуний талаб кучга кирди. Бироқ, Kun.uz манбасига кўра, 5 та банк бу талабни ҳалигача бажармаган.

Бу ҳолат фонида, банк тизими фаолиятининг асосий кўрсаткичларига доир ойлик ҳисоботнинг эълон қилиниши ноодатий равишда кечикмоқда.

Қонунчилик талаби бўйича, Марказий банк бундай ҳисоботни кейинги ойнинг 25-санасига қадар эълон қилиши керак. Бироқ регулятор бугун, 3 октябр ҳолатига август ойи якунларини ҳалигача очиқламади. Ҳисоботда тижорат банкларининг кредит ва депозитлари, муаммоли кредитлар, даромадлилик, ликвидлик, активлар, банкларнинг тижорий баланси каби муҳим маълумотлар акс этиши керак.

Ҳужжатнинг эълон қилиниши, шунингдек, жамоатчиликка қайси банклар устав капиталини белгиланган миқдорга етказмаганини билиш имконини беради.

МБ матбуот хизмати Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволига жавобан, банклар фаолиятининг август ойидаги асосий кўрсаткичларига доир маълумотлар эълон қилиш учун тайёрланаётганини маълум қилди, бироқ устав капиталини ошириш талабини қайси банклар бажармагани ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

Июн ойида регулятор устав капиталига оид янги талабни 8 та банк бажармагани ва уларнинг лицензияси чақириб олиниши мумкинлиги тўғрисида баёнот берганди.

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги қўпол қоидабузарлик ҳисобланади ва Марказий банк бундай ҳолда банкнинг лицензиясини чақириб олишга ҳақли.

Ўхшаш янгиликлар