• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +3°C
Detail image

Икки йил ичида аҳолига 200 минг гектардан зиёд ер бўлиб берилади. «Темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январ куни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда 2022 йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, 1 миллион аҳоли касб-ҳунарга ўқитилиб, иш бошлашига кўмаклашилиб, камбағалликдан олиб чиқилгани таъкидланди. 

Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди. 

Қайд этилишича, айрим ҳудудларда сусткашликлар ҳам бор. Масалан, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида камбағалликни қисқартириш кўрсаткичи нисбатан ортда қолган. Бир қатор туман ва шаҳарларда бандлик дастури имкониятлар даражасида белгиланмаган. 

Шу боис йиғилишда бандликни таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилги режалар муҳокама қилинди. 

«Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш. Шунинг учун маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди. Янги вазирликка барча ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Энди, меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта вазирликда бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев. 

Мутасаддиларга 2023 йилги бандлик дастурини туманлар кесимида пухта ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси қўйилди. 

Давлат раҳбари бунда эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди. 

Аввало, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши таъкидланди. 2022 йилда бу мақсадга қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган эди. Жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 триллион сўм йўналтирилади. Бундай кредитларнинг энг юқори миқдори ҳам оширилади. 

Таъкидланишича, бандликни таъминлашда яна бир катта манба бу – зироатчилик. Икки йил ичида аҳолига 200 минг гектардан зиёд ер бўлиб берилмоқда. Бу – Самарқанд вилоятининг жами пахта ва ғалла майдонидан ҳам кўп, дегани. 

Лекин, айрим жойларда бу ишлар пала-партиш ташкил қилинаяпти, экинлар плантация усулида экилмаяпти. Шу боис Президент ерларни аҳолига қулай жойлардан ажратиш, уларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ерлардан самарали фойдаланиб, 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги қайд этилди. 

Давлат раҳбари халққа мурожаатида туман ва шаҳарлар иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилишини айтган эди. 

Йиғилишда 4- ва 5-тоифаларга кирган туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилиниши белгиланди. Унга кўра, биринчи босқичда «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади. Учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилади.

Ўхшаш янгиликлар