• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

FAO эксперти Андрей Ярмакнинг таҳлилларига кўра, 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавот ва мевалар нархи кескин ошиши ва тарихий рекордларни янгилаши мумкин. Бунга бир қанча макроиқтисодий, сиёсий, логистик ва энергетик омиллар таъсир ўтказади.

Фото: Getty Images

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FAO) озиқ-овқат нархлари индексига кўра, ҳозирда жаҳон миқёсида, айниқса, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларида, озиқ-овқат нархлари рекорд даражада қиммат. EastFruit ахборот-таҳлилий платформасида эълон қилинган FAO эксперти Андрей Ярмакнинг таҳлилларига кўра, 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавот ва мевалар нархи янада кескин ошиши ва тарихий рекордларни янгилаши эҳтимоллари жуда юқори.

Эксперт озиқ-овқат нархлари қиммат эканлигини бир неча омиллар билан боғлаган:

  • Макроиқтисодий;
  • Саноат;
  • Сиёсий;
  • Логистик;
  • Энергетик.

1. Сиёсий сабаблар. Маҳсулотлар экспорти ёки импортига чекловлар сони ортиб бораётгани, шунингдек, турли мамлакатлар ўртасида давом этаётган савдо урушлари глобал нархларга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Яъни эркин бозор фаолиятининг чекланиши ва унга давлатнинг аралашуви мисолида намоён бўлувчи ҳамма нарса шу мамлакатлар аҳолиси учун озиқ-овқат нархлари ошишига олиб келади. Бошқача айтилганда, сўнгги йилларда кузатилган глобаллашув жараёни ҳар бир транзакция учун харажатлар камайиши ҳисобига маҳсулотларнинг арзонлашувига олиб келган бўлса, ҳозир бу жараён тескари йўналишда ривожлана бошлаган: давлатлар божларни оширмоқда, тартибга солишнинг турлича усуллари жорий қилиниб, захиралар оширилмоқда.

2. Макроиқтисодий сабаблар бугунги кунда маҳсулотлар нархига энг асосий таъсир кўрсатувчи омил бўлиб қолмоқда. Пандемия даврида жаҳонда жуда кўп пул «чоп этилган». Бу эса нархлар ошишига қарамай, талаб камайишига йўл қўймаяпти. 2021 йил якунлари бўйича АҚШдаги инфляция 7 фоизга баҳоланган – бу деярли 40 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Яъни агар кимдир пулни долларда жамғарган бўлса, унда 2021 йил бошидаги 100 доллар 93 доллар бўлиб қолган. Табиийки, инфляция озиқ-овқат нархлари ошишига ҳам олиб келган.

3. Логистика масаласи. Дунё тарихдаги энг шафқатсиз логистик инқирозлардан бирини бошдан кечирмоқда ва ҳозирча уни ҳал этишнинг уддасидан чиқиб бўлмаяпти. Бир мамлакатдан бошқасига озиқ-овқат етказиб бериш нархи доимий равишда ўсиб бормоқда ва етказиб бериш имконияти ҳар доим ҳам мавжуд эмас. Йил давомида транспорт харажатлари ўртача 3-4 баробар ошган ва нафақат денгиз контейнерлари, балки қуруқликдаги ташув нархи ҳам қимматлашган. Кўпгина мамлакатларда юк машиналари ҳайдовчиларининг етишмаслиги муаммоси ҳам бор. Бунга Соvid-19 сабабли саёҳат билан боғлиқ вақти-вақти билан ўрнатилаётган чекловлар муаммоси ҳам қўшилади ва буларнинг бари истеъмолчи тўлайдиган товарлар нархларига кўчади.

 4. Энергетик сабаблар озиқ-овқат нархи ўсишига ҳозир ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда, аммо 2022 йилда бунинг таъсири янада ошади. Айтиш мумкинки, энергия компоненти озиқ-овқат нархларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Нефть ва газ нархи ошиши бевосита шакар, маккажўхори ва айрим ўсимлик мойлари нархи ошишига ва билвосита бошқа маҳсулотлар нархи қимматлашига олиб келади. Қандай қилиб нефть шакар ва маккажўхори нархига таъсир кўрсатмоқда? Саволга жавоб жуда оддий – биоэтанол орқали. Нефть қанчалик қиммат бўлса, биоэтанол ишлаб чиқариш шунчалик фойдали бўлади ва етиштирилган шакарқамиш ҳамда маккажўхори ҳажми биоэтанол ишлаб чиқаришга йўналтирилади ва шакар ва озуқа ишлаб чиқариш учун улар шунча кам таклиф қилинади. Шунда нархлар яна ошади. Бундан ташқари, нархларга логистика (лекин бу унчалик муҳим эмас) ва ўғитлар нархи ошиши ҳам таъсир кўрсатади.

Ҳозир жаҳонда минерал ўғитларнинг ўртача нархи ўтган йилга нисбатан 70-80 фоизга ошган. Энг сезиларли ўсиш эса барча қишлоқ хўжалиги экинлари нархига таъсир ўтказадиган азотли ўғитлар нархларида ўз аксини топган. Бунга табиий газ нархларининг ошиши жиддий таъсир ўтказган. Ҳозирда Европада табиий газ баҳоси бир йил аввалгидан ўртача 10 баробар қимматроқ.

Шунга кўра, азотли ўғитлар ишлаб чиқарадиган кўплаб заводлар фаолиятини тўхтатди, чунки ишлаб чиқаришнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини сақлаб қолиш учун азотли ўғитлар нархини 5-8 баробар ошириш керак. Бироқ ўғитни бу нархда ҳеч ким сотиб олмайди.

Сўнгги пайтларда газ нархининг бироз пасайишига қарамай, ўғитлар қимматлашда давом этмоқда. Чунки оммавий ишлаб чиқариш мавсуми яқинлашяпти ва ўғит бўйича таклифлар кескин камайган. Талаб эса юқорилигича қолмоқда.

Масалан, маккажўхори етиштириш таннархида ҳам ўғит харажатларининг улуши 30-45 фоизга етади. Маккажўхори озуқа ишлаб чиқариш учун асосдир ва бу, табиийки, гўшт ва сут маҳсулотлари нархига ва ҳатто балиқ баҳосига ҳам таъсир қилади. Зеро, Осиёда балиқнинг асосий қисми океандан тутилмайди, балки етиштирилади.

Бу биттагина экин билан боғлиқ мисол. Бошқа экинлар учун ҳам вазият худди шундай. Айни жиҳат мева-сабзавотларга ҳам тегишли бўлиб, бу ерда гектарига азотли ўғитларга бўлган эҳтиёж дала экинларини етиштиришдан кўра юқорироқ.

Бу шуни англатадики, 2022 йилда ривожланаётган мамлакатларда ўғитлардан фойдаланиш кўрсаткичи камайиши мумкин ва фаол модда таркиби ва эълон қилингани ўртасидаги номувофиқлик юзага кела бошлайди.

Албатта, мўъжиза содир бўлмайди: ўғитлар қанчалик кам бўлса, ҳосил ҳам шу қадар паст бўлади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинлари учун ажратилган майдонлар доимий равишда қисқариб бормоқда, Ер юзи аҳолиси эса ўсишда давом этмоқда. Шунга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашмаслиги учун ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини сезиларли даражада ошириш зарур.

Ҳосил бой берилишига сўнгги йилларда жиддий муаммога айланган иқлим ўзгариши омили ҳам таъсир қилмасдан қолмайди.

Мева-сабзавот саноатида фаолият олиб борувчилар нарх қимматлашиши билан бир қаторда жорий йилда қуйидаги тўрт муҳим омилга ҳам эътибор қаратишлари лозим:

1) Юқорида айтиб ўтилган ички тармоқ омили;

2) Ўғит етишмаслиги, материаллар ва жиҳозлар таннархи ўсиши ҳамда сифати ёмонлашуви;

3) Ишчи кучи етишмаслиги;

4) Истеъмолнинг эластиклиги;

Шу билан бирга ҳар бир тармоқ ва минтақа ичида вазият тубдан фарқ қилиши мумкин. Масалан, голубикани оладиган бўлсак, етакчи экспортёр мамлакатларда ушбу резаворнинг ўртача нархи йилдан-йилга пасаймоқда, аммо уни етиштириш харажатлари ўсишда давом этяпти. Ушбу бозордаги олма ва бошқа кўплаб маҳсулотлар билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшаш.

Шунга кўра, ишлаб чиқариш ҳажмини оширадиган сегментда ишлайдиганлар фақат инфляцияга таянмаслиги керак. Боз устига, 2022 йилда ишлаб чиқариш харажатлари ҳам жуда кескин ошади.

Ўғитлар ёки ўсимликларни ҳимояловчи воситалардан фойдаланишни камайтириш орқали пул тежашга ҳаракат қиладиган ишлаб чиқарувчилар ҳосилни бой бериш ва сифат ёмонлашуви муаммосига дуч келишлари мумкин Зеро, бозордаги товар нархини айнан сифат белгилаб беради.

Ҳар доим жуда муҳим бўлган ишчи кучи етишмаслиги омили 2022 йилда кўплаб мамлакатларда асосий масалага айланади. Ўзбекистон ва Тожикистон бундай муаммога дуч келмасликлари мумкин. Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари, фақат маҳсулот ҳажми ҳақида эмас, балки сифати ҳақида ҳам ўйлай бошлаши керак. Бу ўз-ўзини танитиш учун муайян бир имкониятдир.

Транспорт бозори мутахассислари 2022 йилда тарифларнинг пасайишини кутишмаяпти. Бу харажатлар бутунлай истеъмолчига эмас, балки қисман ишлаб чиқарувчи зиммасига ҳам ўтади. Ушбу омил ҳам мева-сабзавот сектори учун салбийдир.

Умуман олганда, бир қанча омиллар 2022 йил озиқ-овқат сектори учун осон кечмаслигини кўрсатмоқда.

Ўхшаш янгиликлар